Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:31

Ухань шаҳрида коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпая бошлади


Коронавируснинг янги дельта штамми Хитойнинг Ухань шаҳрига етиб борди. Шаҳарда 2019 йилда коронавирус илк бор аниқланган эди.

“The Associated Press” агентлигининг хабар беришича, Хитой ҳукумати шаҳарга учоқ ва поезд қатновини тўхтатган, профессионал баскетбол лигаси ўйинларини бекор қилган ва оммавий коронавирус тести ўтказилишини эълон қилган.

Вирусни юқтирганлар сони бир неча юзни ташкил қилади, холос. Аммо 2020 йил бошидан бери Уханда вирус юқтирганлар сони жуда оз бўлиб келаётган эди.

Хитойда коронавирус бутунлай йўқ қилингани йўқ, лекин Пекин кескин чекловлар, оммавий тестлаш ҳамда юқтирганларни изоляция қилиш орқали касаллик тез суратда тарқалиши олдини олишга муваффақ бўлиб келади.

Бугунга қадар вирус юқтириш ҳолатлари асосан муайян шаҳар ёки вилоят ташқарисига чиқмай келаётган эди. Аммо бу сафар инфекция Хитойнинг 33 та провинцияси ва ҳудудларидан 17 тасида ҳамда 35 дан ортиқ шаҳарда тасдиқланган.

Нанкин ва Янчжоу шаҳарларидаги барча ички рейслар бекор қилинган. Пекин эса шаҳарлараро поездларга 23 бекатда тўхташни ман этган. Хитой баскетбол ассоциацияси пандемия туфайли эркаклар профессионал лигаси ўйинлари тўхтатилишини маълум қилган.

Хитой марказида жойлашган Ухань шаҳрининг аҳолиси 11 миллион бўлиб, у ердаги барча аҳолидан тест олиш режалаштирилмоқда. Душанба куни шаҳарда учта вирус юқтириш ҳолати тасдиқланган. Сўнгги бир йил ичида шаҳар аҳли орасида маҳаллий юқтириш ҳолатлари қайд этилмаган эди.

Сешанба куни Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси душанба куни бутун мамлакат бўйлаб 90 та ҳолат тасдиқланганини билдирган. Улардан 61 таси маҳаллий юқтириш ҳолатлари бўлиб, 29 таси яқинда чет элдан келганлар орасида аниқланган.

Маҳаллий юқтириш ҳолатларининг аксарияти Цзянсу провинциясида қайд этилган. Аввалроқ провинция пойтахти Нанкин аэропортида бошланган эпидемия вилоятнинг бошқа ҳудудларига ва унинг ташқарисига тарқалган.

Бошқа бешта вилоят ҳамда Пекин ва Шанхай шаҳарларида ҳам маҳаллий юқтириш ҳолатлари қайд этилган, аммо уларнинг сони кўп эмас. Шанхайнинг икки асосий аэропортидан бирида ишлайдиган ҳайдовчи тести натижаси ижобий чиққан. Пекинда сўнгги кунларда жами бешта вирус юқтириш ҳолати ҳақида хабар берилди.

Коронавируснинг дельта варианти Нанкиндан Хитойнинг бошқа ҳудудларига тарқалгани айтилмоқда. Шунингдек, бошқа иккита жойда дельта вариантининг тарқалиши қўшни Мьянма билан боғлиқ экани айтилмоқда. Мьянмада дельта штамми тез суратда тарқалмоқда.

Чжэнчжоу шаҳрида вирус Мьянмадан учиб келган икки шахсдан тарқалган.

Хитой ҳукуматига алоқадор олимларнинг айтишича, хитой вакциналари коронавируснинг янги штаммларига нисбатан самарасизроқ, аммо барибир ҳимоя қилади.

Айни дамда Хитой аҳолиси фақат Хитой вакциналари билан эмланмоқда. Мамлакат расмийларнинг айтишича, бугунга қадар аҳоли 1.6 миллиарддан ортиқ доза вакцина олган.

XS
SM
MD
LG