Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:22

Уйсиз қолган сардобаликлар Дўрмондаги президент қароргоҳига юриш қилди


Сардобаликлар уйсиз ва ёрдам пулисиз қолганини иддао қилиб олти марта Тошкентга юриш қилган.
Сардобаликлар уйсиз ва ёрдам пулисиз қолганини иддао қилиб олти марта Тошкентга юриш қилган.

Сардобадаги сув тошқинида уйсиз қолган 50 дан ортиқ одам 30 ноябрь куни ҳукумат ваъда қилган уй ва ёрдам пулини сўраб Тошкентга, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов қабулига борган.

Сирдарёнинг Сардоба тумани, "Дўстлик" маҳалласидан бўлган​ аризачилар талаби қондирилмагач, Дўрмондаги Президент қароргоҳига юриш қилган.

Жорий йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида рўй берган техноген фалокат оқибатида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги минглаб аҳоли уйларини сув ювиб кетиб, бошпанасиз қолган эди.​

Юриш иштирокчиларидан бири Одина Комилованинг Озодликка айтишича, элликдан ортиқ одам Президент Шавкат Мирзиёевнинг Дўрмондаги қароргоҳига етиб борганида уларни қўриқлаш хизмати тўхтатган.

- Сув тошқинида уйсиз кўчада қолган 56 одам Дўрмонга бордик. Чунки бундан олдин Мустақиллик майдонига, Вазирлар Маҳкамаси, Бош вазир Арипов идорасига қилган юришларимизни фойдаси бўлмади. Дўрмон қароргоҳига етганимизда Президент охранаси тўхтатди. Ҳаммани чеккароққа олиб, Ички ишларга хабар берди. Автобусда мелисалар етиб келди. Сизларни ишларинг ҳал қилинадиган жойга олиб борамиз деб, кейин бизни автобусга солиб, Мирзо Улуғбек тумани РОВДсига олиб келди, - дейди Комилова.

Норозилар Ички ишлар бўлимида икки соат ушлаб ўтирилгач, улар олдига Сирдарё вилояти Сардоба тумани ҳокими Абдуазим Хидиров ҳамда Вазирлар Маҳкамасидан расмийлар етиб келган, муаммоси ҳафта оҳиригача ҳал қилинишини ваъда қилиб, уларни Сирдарёга қайтишга кўндирган.

- У ёқдан Туман ҳокими келди. Вазирлар Маҳкамасидан Эркин дегани ва яна иккитаси келди. Ҳаммасини муомиласи жойига тушиб қолди. РОВД биносида галлашилди. Ҳамма муаммосини айтди. Уйсиз қолганга уй, моддий ёрдамсиз қолганга моддий ёрдам бериш масаласини шанба кунигача ўрганиб чиқамиз, масала ечилади дейишди. Шу билан ҳамма тарқалди, - дейди Одина Комилова.

Сардоба сув омбори тошқинида уйлари вайрон бўлган ўнлаб киши ҳукумат ажратган 40 миллион сўмлик ёрдам пули ва сув ювиб кетган уйи эвазига янгиси берилмагани даъвоси билан бундан олдин Тошкентга олти марта юриш қилган.

Исми очиқланишини истамаган юриш қатнашчиларидан яна бири Озодликка бундай деди:

- Бундан олдин уч марта Мустақиллик майдонида норозилик тадбири ўтказдик, фойдаси бўлмади. Бош вазир Абдулла Ариповнинг қабулига ҳам уч марта бордик. Оҳирги борганимизда Алишер исмли ёрдамчиси бор, ўша киши текширувга одам юбораман, масалаларингни ҳал қилади деб ваъда берган, лекин одам юбормади. Шундан сўнг биз 30 ноябр куни Тошкентга яна бордик. Ариповни ёрдамчиси бизга тескари қараб жўнаворди. Бақир чақир қилиб қолавердик. Булардан фойда йўқ, деган ўйда кейин "Қорасув-1"га, президент қароргоҳига қараб йўл олдик. Яна ишимиз битмаса яна келамиз. Чунки совуқда одамлар кўчада қолган, кимдир плёнкалардан чодир қуриб, кимдир боғча ёки мактабда жон сақлаяпти.

Жорий йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида рўй берган техноген фалокат оқибатида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24та аҳоли пунктидан 90 мингга яқин одам эвакуация қилинди.​

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев офатдан зарар кўрган 4 ярим мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига 40 миллион сўмли ёрдам пули ваъда қилган эди.

Кўчада қолган сардобаликлар

Сирдарёнинг Сардоба тумани, "Дўстлик" маҳалласидан бўлган 33 ёшли Одина Комилова сув омбори тошқинида уйи вайрон бўлиб, икки фарзанди билан кўчада қолганлардан.

Камолова Сардоба сув омборидаги тошқин оқибатида унинг уйи вайрон бўлгани, бунинг учун ҳукумат товон пули бериши кераклигини таъкидлайди.

"Булар ўйин қилиб, ҳалигача ёрдам пули беришни чўзиб келишмоқда. Мен фаррош бўлиб ишлайман, зўрға икки боламни боқаман. Уйимиз вайрон бўлди. Ҳозир уни ўрнида кўп қаватли уй қуриляпти. Сен у уйда яшамагансан, яшаган бўлсанг исботла, дейишяпти. Лекин у уйда яшамаган бўлмасам ҳам уй меникику, мени мулкимку. Тошқин рўй беришига мен айбдор эмасманку", - дейди Комилова.

Сардоба туманининг Дўстлик маҳалласида яшовчи Ойсара Исроилова фарзанд ва набиралари билан уйсиз қолганлардан яна бири.

Исроилова 24 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда фарзандлари билан боғча биносида, совуқда жон сақлаётганини айтган эди.

- Фарзандларим, невараларим ҳаммамиз 13та жонмиз. Сардоба туманидаги 3-сон боғчада жон сақлаяпмиз. Отопление йўқ. Саккиз хонали ҳовлида яшаганмиз. Уйни сув ювиб кетганидан сўнг, бузиб ўрнида беш қаватли уй қуришди. Президентимиз берамиз, деган. Ҳаммага берамиз, деган. Ҳозир энди кадастри йўқ, деб бермаяпти. Делоларни очиб кўрмасдан сизга уй йўқ, дейди. Қишлоқчилик, ўзингиз биласиз, бу йирда уйларни кўпчилиги кадастрсиз. Кадастри бўлмаса ҳам берамиз деган, бермаяпти, - дейди Исроилова.

"Элликта одам Тошкентга борган бўлса, қолганлар бу ердаку"

Сардоба тумани ҳокимининг ёрдамчиси Хўжабек Сатторов Озодлик билан суҳбатда уйсиз қолганлар муаммоси билан махсус ишчи гуруҳи шуғулланаётганини айтди.

- Комиссия тасдиғи асосида бериляпти. Вилоятдан, Олий Мажлисдан келган ишчи гуруҳ бор. Шулар бу масалани кўриб, қарор чиқаради. Афсуски, баъзилар шу комиссия қарорини менсимасдан, норозилик билдиряпти. Айримлари Тошкентга боришганидан хабарим бор, уларни масаласи билан шахсан туман ҳокими шуғулланган. Энди бир нарсани айтишим керак. Тошкентда юриб, уйсиз қолдим, деб дод-вой солаётганлар орасида бу ерда уйи умуман бўлмаганлари ҳам бор. Уйларини таъмирлаб берганимиздан сўнг ҳам уй талаб қилаётганлари бор. Биттаси эри билан ажрашган, уй хўжайини номида. Аёл уйни менга олиб берасан деб, йиғлаб Тошкентга боряпти. Талаби нотўғри бўлса ҳам бўш турган уйларга жойлаштириляпти. Кўчада қолган одам йўқ. 40 миллион сўмлик ёрдам пулига келсак уни ноқонуний сўраётганлар бор. Шу пулни ноқонуний олганлар ҳам бўлди. Қайтариб олинади улардан. Бутун тумандан элликта норози Тошкентга борган бўлса қолган фуқаролар бу ердаку. Шу элликта одамни мурожаати ҳам бирма-бир ўрганилади. Ҳаммасини рўйхати бор. Лекин кўп нарса молиявий масалага бориб тақаляпти, - дейди Хўжабек Сатторов.

Сардоба туманидаги "Дўстлик" маҳалласи фалокат оқибатида энг катта талафот кўрган ҳудудлардан биридир.

Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, маҳаллада жами 777та хонадон бўлиб, Сардоба омбори тошқинида уларнинг барчаси вайрон бўлган.

- Ҳозир икки сотихли уйлар қуриляпти. Етмаган хонадонлар учун. 500га яқин уй. Молиявий масала ҳам бор бу ерда. Битта уйни қуриш 400 миллион сўмга бориб тақаляпти, - деди Сардоба тумани ҳокимининг ёрдамчиси Хўжабек Сатторов 3 декабр куни Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик уйсиз қолган аҳоли арзи юзасидан Сардоба тумани ҳокими Абдуазим Ҳидиров қўл телефонига қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

Жорий йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий маълумотларга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сардоба сув омборида тўғоннинг ўпирилишига уч асосий омил сабаб бўлгани ўрганилаётганини маълум қилган.

Булар - лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ва эксплуатациядаги хато ва камчиликлар.

XS
SM
MD
LG