Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:19

Эридан калтак еган ҳомиладор аёл арзини маҳаллақўм эшитмаганидан шикоят қилди


Гулчеҳра Бердиева эридан калтак еганидан 5 кун кейин олинган сурат.
Гулчеҳра Бердиева эридан калтак еганидан 5 кун кейин олинган сурат.

Қаршилик 28 яшар ўқитувчи Гулчеҳра Бердиева OzodMikrofonга мурожаат қилиб, эри томонидан мунтазам калтаклаб келинганидан шикоят қилди.

Гулчеҳра идаосига кўра, 22 октябрь куни эри қайнона-қайнотаси ва қайинсингиллари олдида уни аёвсиз калтаклаган.

Ҳомиладор эканини айтган Гулчеҳрага кўра, эрининг калтагидан сўнг унинг аҳволи оғирлашган, бироқ беш кун давомида унга бирор тиббий ёрдам кўрсатишмаган.

Гулчеҳра Бердиева унинг эри ургани ҳақидаги шикоятини на участка нозири ва на маҳалла йиғини фаоллари тинглашни истамаганидан ҳам арз қилди.

Қашқадарё вилояти Қарши тумани Хонобод туманидаги Шохбекат маҳалласида яшовчи 28 яшар Гулчеҳра Бердиева икки йилдан буён мактабда ўқитувчилик қилади.


Уч ой аввал турмушга чиққан янги келин Гулчеҳра эри томонидан мунтазам калтаклаб келинганидан шикоят қилди:

“Эрим бир неча марта сабабсиз калтаклади. 22 октябрь куни ҳам аёвсиз урди. Ҳомиладорман, шу куни қон ҳам кетиб қолди. Эртасига участка нозирига бориб, ариза ёздим. Лекин аризамни қабул қилишмади. Маҳалла раиси Темир тоға билан хотин-қизлар раиси Мисқол хола келиб, “Эри билан уришмаган ким бор” деб, мени эримникига олиб бориб қўйишди. 5 кун давомида мени умуман кўчага чиқаришмади. Америкада яшовчи тоғам участкавойга телефон қилгач, 27 октябрь куни келиб, у қайтадан ариза ёздирди. Шу куни 5 кун ичида биринчи марта тиббий ёрдам олдим”, деди Гулчеҳра Бердиева.

Гулчеҳра Бердиева калтакдан сўнг ҳомиласини йўқотиш ҳавфида экани ҳақидаги тиббий ҳужжат
Гулчеҳра Бердиева калтакдан сўнг ҳомиласини йўқотиш ҳавфида экани ҳақидаги тиббий ҳужжат

Озодлик мухбири Гулчеҳра билан содир бўлган воқеа тафсилотлари ҳақида суҳбатлашди. Ушбу суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Гулчеҳра бердиева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:22 0:00
Бевосита линк


Гулчеҳра Бердиева билан суҳбат Ўзбекистон ҳукумати зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш механизмига оид ҳужжат ҳозирлаган бир пайтда бўлиб ўтди.

Гулчеҳра уч ой аввал турмушга чиққан
Гулчеҳра уч ой аввал турмушга чиққан


ИИВ томонидан муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳасига кўра, зўравонлик ёки тазйиққа учраган аёлни, унинг мурожаати ёки маҳалласидаги шахснинг оғзаки хабари асосида, 3 соат ичида қатъий ҳимояга олиш чора-тадбирлари белгиланган.

Ушбу ҳужжат ҳақида эшитганини айтган Гулчеҳра Бердиева маҳалла фаоллари зўравонликка учраган аёлларни фақат яраштириб қўйиш билангина шуғулланаётганидан ҳам шикоят қилди.

- Ўзим билан бўлган ҳолатдан келиб чиқиб айтсам, улар фақат яраштириш билан шуғулланаяпти. Бундай қилмаслик керак. Икки томонни ҳам ўрганиб, вазиятни кўриши керак. Ёрдамга муҳтож бўлса, ёрдам бериш керак. Масалан, ўзим докторга боришим керак эди. Бунга рухсат беришмади. “Яраштир- яраштир”, деб кетиб қолишди. Охирини ўйлашмаяпти. Тегишли чора кўришмаяпти. Улар яраштиргани учун балл олишади шекилли, дейди Гулчеҳра Бердиева.

----------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG