Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:09

Кам таъминланган оилаларга 20тадан жўжа тарқатиляпти


Хайрияга тарқатилаётган жўжалар
Хайрияга тарқатилаётган жўжалар

Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани ҳокимлиги кам таъминланган оилаларга 20 донадан жўжа тарқатяпти. Ҳокимлик мулозимига кўра, ҳомийлик мабалағлари кўмагида сотиб олинган бу жўжалар одамларни товуқ боқишга қизиқтириш ва уларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида текинга бериляпти.

Зафаробод тумани маҳаллаларидаги кам таъминланган оилаларга жўжа тарқатилаётгани ҳақида 20та текин жўжага эга бўлган ва жўжалар суратини Озодликка тақдим қилган уй бекаси хабар берди:

“Кеча маҳалла оқсоқолимиз ва яна икки киши машинада келиб, сиз кам таъминланган оиласиз, мана бу жўжаларни боқиб товуқ қилинг, тухумидан баҳраманд бўлинг, бу ҳокимиятдан сизга совға”, деб 20та жўжа ташлаб кетди”, деди уй бекаси.

Уй бекаси тарқатилаётган жўжалар энди тухумдан чиққан бир-икки кунлик эканини қўшимча қилди:

“Майли, берганига шукр, бир амаллаб катта қилиб оламиз. Маҳалламиздаги бошқа оилалар ҳам хурсанд”, деди суҳбатдош.

Зафаробод тумани ҳокимлиги мулозими Қодир Ризаев кам таъминланган оилаларга текин жўжа тарқатилаётганини тасдиқлади:

“Туман бўйича ҳозир 257та кам таъминланган оилага 20тадан жўжа тарқатяпмиз. Жўжалар Ғаллаорол туманидаги “Сангзор-Парранда” паррандачилик фабрикасидан ҳомийлик маблағи асосида вилоят ҳокимининг топшириғи асосида олиб келиняпти. Асосий мақсад, аҳолини товуқ боқтиришга қиқзиқтириш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш. Яқинда “Маҳалла” жамғармасидан ҳам 2000та тухумга кирган товуқ келиши кутиляпти. Уни ҳам кам таъминланган оилаларга тарқатамиз”, деди Қодир Ризаев.

Ҳокимлик мулозими текин жўжалар айнан қайси тадбиркорларнинг ҳомийлиги асосида тарқатилаётгани ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

Мулозимнинг айтишича, ҳар бир оилани 100тадан товуқ билан таъминлаш ҳукумат дастурини бажариш учун аҳоли орасида тарғибот ишлари олиб бориляпти:

- Аҳолига парранда, чорва ва лимонарий қуриш учун кафиллик асосида 7,5 миллион сўмдан 9 фоизлик кредит бериляпти, деди мулозим.

Аммо, Озодлик суҳбатлашган айрим жиззахликларнинг айтишларича, банклар тақдим қилаётган 9 фоизли кредитни ҳамма ҳам олмаяпти.

Зарбдор туманида истиқомат қиладиган ишсиз ўқитувчи Зиёдулло Раззоқовнинг айтишича, умуман сармояси йўқ одам учун 9 фоизли кредит олиш хавфли:

- Давлат берадиган кредитнинг 9 фоизини мен нимани эвазидан тўлайман. 100та жўжа ёки товуқ олиб боқиш бу осон нарса эмас. Унга жой керак, дон керак. Мабодо, бир касаллик келиб товуқлар қирилиб кетса, мен кредитни қандай қилиб қайтараман. Агар шу берадиган 7,5 миллион сўм пулига мол олиб боқсангиз ҳам унга ем-хашак керак. Семиртириб сотиш учун бир йил камида кутиш керак. Агар кредитни уч йил муддатдан сўнг тўлайсиз, деса унда таваккал қилса бўлади, деди Зиёдулло Раззоқов.

Ўзбекистондаги ҳар бир хонадоннинг 100 тадан товуқ боқишга мажбур эканлиги ҳақида Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги чиқишида айтган эди.

Мирзиёев бу вазифани бажариш ҳақида ўйлашни ҳокимларга, аҳолини кредитлар билан таъминлашни эса банкларга топширган.

XS
SM
MD
LG