Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

Тошкент вилояти мактабларида Мирзиёев келишига “Зарбдор 10 кун” эълон қилинди


Сардоба туманидаги мактаб директори ўқитувчиларни ишлашга мажбурламоқда
Сардоба туманидаги мактаб директори ўқитувчиларни ишлашга мажбурламоқда

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси мактабларни президент Мирзиёев ташрифига тайёрлаш учун ўн кунлик “зарбдор кун” эълон қилди. Бошқарманинг таълим муассасаларига юборган хатида ёзилишича, барча таълим муассасалари президентнинг ногаҳоний ташрифига юз фоиз тайёрлаб қўйилиши шарт. Ўқитувчилар мактабларни тайёрлашга сарф бўладиган харажатлар уларнинг ҳисобидан бўлаётганидан шикоят қилмоқда.

"Мирзиёев келишига мактаблар ярқирасин!"

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига қилиши мумкин бўлган эҳтимолий ташрифидан олдин вилоят Халқ таълими бошқармасидан мактаблар раҳбарларига мана бу мазмундаги мактуб келди:

“Вилоят халқ таълими тизимидаги барча таълим муассасаларида жорий йилнинг 30 майидан 9 июнига қадар 10 кунлик зарбдор кун эълон қилинсин!”

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси мактуби
Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси мактуби

Мактубда “педагог ходимлар таркибидан учрашув жараёнида сўзга чиқувчиларни тайёрлаш”, таълим муассасаларига райҳон ва гуллар экиш, дарахтларга шакл бериш, ҳожатхонани тозалаш ҳақида ёзилган.

Бундан ташқари ҳар бир синфхоналарда методик адабиётлар, камида 10та дискда фанга тегишли бўлган электрон дарслар бўлиши, физика, кимё, биология фанлари лаборатория хоналарини тартибга келтириш шартлиги таъкидланган.

Мактубда, бир ҳафта муддатда таълим муассасаларида фаолият юритаётган техник ходимларнинг ҳар бири ягона ишчи либоси билан таъминланиши ҳам айтилган.

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси мактуби
Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси мактуби

Аммо, мактубда бу ишларни ким амалга ошириши ва унга кетадиган харажатлар қайси ҳисобдан тўланиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

“Таътил пулимиз президентни кутиб олишга кетадиган кўринади”

Тошкент вилояти Зангиота туманининг мактабларидан бирида ишлайдиган ўқитувчи, раҳбариятнинг бу янги топшириғидан ўқитувчиларнинг энсаси қотганини Озодликка айтди:

“Директорни ҳам, ўқитувчиларни ҳам боши қотган. Бошқармадан шу ишларни ҳаммасини қиласан деб буйруқ берибди. Синфхоналар ўқитувчиларга бўлиб берилди. Хоналарни ремонт қилиш, эшикларни тузатиш, хонани янги стандартдаги стендлар билан жиҳозлаш, гуллар билан тўлдириш, парда илиш, ҳужжатларни тўғирлаш – бу ишларнинг ҳаммасини ўз чўнтагимиздан қилишимиз керак экан. Ўқитувчиларнинг 80 фоизи таътилга чиқиб кетган. Лекин улар ҳам чақириб олиняпти”, дейди ўқитувчи.

Унинг айтишича, хомчўт қилиб ҳисоблаганда ҳар бир синфхонани бошқарма айтгандек даражада таъмирлаб, жиҳозлаш учун 1-1,5 миллион сўм атрофида пул кетади:

“Ҳали маош ва таътил пулимизни ҳам олганимиз йўқ. Лекин, директор топасан, қиласан, деб турибди. Ўн кунда уйга бормасанг ҳам, ремонтни тугат деяпти. Бундан ташқари буғдой ўримида қатнашиш ва пахта теримига пул тайёрлаб қўйиш ҳам эслатилди. Роса жонга тегиб кетди булар. Ғирт мардикорга айлантириб олишди, биз, ўқитувчиларни”, деди Зангиота туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи.

“Президентга кўрсатиш учун қўшни мактабдан ижарага олдик”

Оҳангарон туманидаги 59-умумтаълим мактабининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиларидан бирининг айтишича, моддий базаси хароб бўлган мактабни сал эпақага келтириш учун қўшни мактаблардан жиҳозлар ижарага олинган:

“Президент Оҳангаронга ҳам келар экан, деган гап тарқалгандан кейин бизда томошанинг зўри бўляпти. Ўзар қишлоғида 59-мактаб бор. Бу мактаб қурилганига 3 йил бўлди, лекин ҳеч нарса берилмаган, на жиҳоз, на компьютер, ҳатто кўргазмали қуроллар йўқ. Президент келади дегандан сўнг, тумандаги бошқа мактаблардан ижарага нарса таший бошладик. Кимё хонасига стол-стул, шкаф олиб келдик, 41, 38-мактаблардан вақтинчаликка компьютерлар олиб келдик”, дейди ўқитувчи.

Унинг айтишича, кўзбўямачилик илгари тор доирасида бўлган бўлса, энди давлат даражасига кўтарилди:

“Икки ҳафтадан буён вилоят, туман ҳокимининг қадами узилмай қолди. Маҳалламизга шоша-пиша асфальт ётқизилди, президент бу ерга кириб қолиши мумкин, у ерга кириб қолиши мумкин деб, йўл ёқасида яшайдиган одамларга мажбуран иссиқхона қурдирди, стадионга гарчи ўйинга яроқсиз бўлсада, чим ётқизиб чиқдик. Ахир нима кераги бор, бунда футбол ўйнаб тўлмайдику, десак, ўти кўкариб турса бўлди, деб жавоб беришди. Бу ишларнинг ҳаммасини ўқитувчилар қилишяпти”, дейди оҳангаронлик ўқитувчи.

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг мулозими Ҳаёт Валиев барча таълим муассасаларида “10 кунлик зарбдор кун” эълон қилинганини тасдиқлади.

Озодлик ўқитувчиларнинг шикоятини баён қилгач, мулозим, телефон рақамимизни ёзиб олди ва жавобни тайёрлаб айтишини билдирди.

Аммо, Озодликнинг қайта-қайта қилган қўнғироқлари жавобсиз қолди.

XS
SM
MD
LG