Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:13

Мирзиëев ташрифи олдидан Жиззах кўчаларини мелиса босди


Мирзиёев Жиззах шаҳрида. Озодлик мобил мухбири олган сурат.
Мирзиёев Жиззах шаҳрида. Озодлик мобил мухбири олган сурат.

Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафари давомида президент борган ва бориш эҳтимоли бўлган ҳудудлар ички ишлар ходимларининг кучли назоратига олинди. Озодликка боғланган оддий жиззахликларнинг айтишича¸ милиция ходимлари кўчалар бошида туриб, одамларни уйидан чиқармаган¸ шаҳар ва туман марказларига қўймаган¸ айрим ҳудудларда бозор ва дўконларни ëпишган.

Ўзбекистон президенти 27 апрель куни Жиззах вилоятига сафар қилди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари бу ташрифга оид тафсилотларни¸ президентнинг қаерга бориб¸ кимлар билан учрашганини кун давомида ëритиб борди.

Хусусан¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ президент Зафаробод туманидаги "Чимқўрғон" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида қатнашди.

Бу сафарнинг расмий ва ярим расмий матбуот ëритмаган жиҳатларини эса¸ оддий жиззахликлар Озодликка йўлладилар.

“Жиззах шаҳрида ҳаёт тўрт соатга тўхтаб қолди”

Жиззах шаҳрида яшовчилардан бирининг Озодликка ёзишича, Шавкат Мирзиёевнинг сафари сабабли одамлар¸ ҳатто¸ уйларидан чиқа олмай қолган.

“Бугун Жиззах шаҳрида ҳаёт тўрт соатга тўхтаб қолди, чунки бизга президент келди. Ҳаттоки маҳалламиздан, кўча бошидаги уйларимиздан чиқа олмадик. Ҳамма жойда милиция ва МХХ. Ҳозир йўлларни очиб юборишди”, деб ёзди жиззахликлардан бири Озодлик Telegramига.

"Президентни узоқдан кўришга ҳам қўйишмади"

Бошқа жиззахлик эса¸ президент келиш эҳтимоли бўлган жойлар атрофидаги объектлар бутунлай ишламаганини хабар қилди.

“Бугун эрталаб уй телефоним ишламай қолди. Ўзтелекомда ишлайдиган танишимга телефон қилсам, бизни ишхонамизга қўймаяпти, бугун дам оламиз экан, деди. Сабаби Ўзтелеком вилоят ҳокимлиги биноси ёнида жойлашган. Президент келаётган вақтда яқин-атрофдаги биноларда ишхона, магазин ва ҳоказоларга ҳеч ким киритилмади. Самарқандга ёки Қорақалпоққа борганларида кўчаларда оддий халқ томоша қилиб турганини телевизорда кўрган эдик. Нима сабабдандир¸ бизни узоқдан ҳам кўргани қўйишмади. Яна бир гап, бир ҳафтадан буён узлуксиз свет берилаяпти. Эртадан бошлаб яна эски шароитга кўникишга тўғри келади, шекилли”, дейди бу жиззахлик.

“Зафарободда бозор ва дўконлар ҳам ёпилди”

Зафаробод туманида яшайдиган Исмоил исмли тадбиркор одамлар уйларидан чиқарилмагани ва бозор, дўконлар тушгача ёпилгани боис¸ ўзи ҳам ишга боролмаганини айтди.

“Ҳар бир кўчанинг бошига милиция қўйиб ташлаган. Чиқиб ишга бормоқчи бўлсак, бор¸ уйингда тинчгина ўтир, деб қайтариб юбораяпти. Бугун Мирзиёев келиб-кетгунча бозор ва дўконлар ҳам ишламади. Лекин Мирзиёев туман марказига келмади, у вертолётда Чимқўрғонга бориб қайтди”, дейди Исмоил

“Форишга бу президентнинг ҳам оëғи тегмади”

Форишликлардан бири Озодликка Мирзиёевнинг келишини орзиқиб кутган форишликлар президент бу районни четлаб ўтганини эшитиб¸ кўнгли ўксиганини ëзади.

“Президент цемент заводига келди, лекин Фориш туманига келмади. Кўпчиликнинг президент билан учрашиш ва бу ердаги муаммолар ҳақида гапириш орзуси бор эди. Бу жойларга бирорта президентнинг қадами етмаган. Ислом Каримов ҳам бирор марта келмаган. Шунинг учун ҳам туман ҳар томондан қолоқ бўлиб ётибди ва токи президент келмагунча қолоқ бўлиб ётаверади”, деб ёзди форишликлардан бири.

XS
SM
MD
LG