Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:52

Яна бир ўзбек қочқини Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкин


Аброр Хидиров оиласи билан
Аброр Хидиров оиласи билан

2 август куни Москвада йўқолиб қолган Ўзбекистон ватандоши Аброр Хидиров Сахарово депортация марказидан топилди. “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси маркази адвокати, Хидировнинг манфаатларини тамсил этувчи юрист Роза Магомедованинг айтишича, унга ўзбек махсус хизматларига топшириш учун Россияда яшаб туриш тартибларини бузганлик айби қўйилмоқда. У Ўзбекистонда қийноққа солиниши, таҳқирланиши мумкин.

Аброр Хидиров Россияга 2013 йили ишлаш учун келган эди.

2017 йили Москва полицияси уни ҳужжатини текшириш учун тўхтатди ва Ўзбекистон уни халқаро қидирувга бергани маълум бўлиб қолди. Хидиров бунинг сабабини била олмай ҳайрон қолган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Ўзбекистонда ҳибсга олинган кишилар босим остида мамлакатдан чиқиб кетган кишиларни ҳам жиноий шеригим деб атайверади.

Аброр Хидиров ҳибсга олиниб, экстрадиция қилиш учун текширув ўтказиш мақсадида 4-тергов ҳибсхонасига жўнатилди. Бундан мақсад уни Ўзбекистонга бериш-бермаслик тўғрисида қарор қабул қилиш учун суриштирув ўтказиш эди. Ҳибсхонада ўтирган Хидиров адвокатлар “Ватандошлик кўмаги” қўмитаси билан ҳамкорлик қилувчи Роза Магомедова ва Ольга Голуб кўмагида Россия ҳокимият идораларига вақтинча бошпана беришни сўраб мурожаат қилди.

У тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганидан бери орадан бир йил ўтди, бироқ экстрадиция қилиш учун текширув натижаларидан ҳамон дарак йўқ. Уни ҳибсда ушлаб туришнинг максимал муддати тугади. Шу сабабли Хидиров 2 август куни ҳибсдан озод қилиниши керак эди, дейилади “Ватандошлик кўмаги” қўмитаси вебсайтида. Лекин у адвокатлар билан алоқага чиқмади.

Орадан икки кун ўтгач, Аброр Хидиров чет эл ватандошлари вақтинча ушлаб туриладиган Сахарово депортация марказида экани аниқланди. Энди у гўё Россияда яшаб туриш тартибини бузгани учун ватанига чиқариб юборилиши мумкин.

Хидировнинг адвокатлари Ўзбекистон ватандошига нисбатан шошилинч чора кўриш учун Европа инсон ҳақлари судига илтимоснома тайёрламоқда. Суд қарори билан бирор кишига мамлакатида қийноқ хавф солаётган бўлса, уни чиқариб юбориш тақиқланади.

Совет Иттифоқи 1987 йили Қийноқларга қарши конвенцияни имзолаган ва Россия унда иштирок этишини тасдиқлаган эди. Конвенциянинг учинчи моддасида иштирокчи мамлакат “бирор кишини, унга қийноқлар хавф солаётган бўлса, бошқа бирор мамлакатга жўнатиб юбормаслиги, қайтармаслиги ва ёки бермаслиги шарт” экани белгилаб қўйилган.

2017 йилнинг 26 июл куни Ўзбекистондан 2 ёш боласи билан Москвага учиб келган Аброр Хидировнинг хотини ва фарзандлари Россияга киритилмаган ва Ўзбекистонга қайтариб юборилган эди.

Ўтган йилнинг 8 август куни эса, аёлнинг турмуш ўртоғи - 38 яшар Аброр Хидиров Москвада Ўзбекистон маъмурлари талаби билан қўлга олинган эди.

Ўзбекистонда диний мотивлар билан қидирувга берилгани айтилаётган Хидировни Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти​ ўз ҳимоясига олган.

XS
SM
MD
LG