"Микрокредитбанк"нинг Бухоро вилоят филиали ходимлари номидан Озодликка келган шикоятда банкдан кредит олиб, уни тўлай олмаган мижозлар қарзи банк ходимлари иш ҳақидан ундирилаётгани айтилган.
Шикоятчилар иддаосига кўра, уларни ишдан ҳайдаш таҳдиди билан мажбурий тарзда “розилик аризаси” ёздириб олинган.
"Микрокредитбанк" расмийлари мажбурлаш ҳолати борлигини инкор қилишди, бироқ ихтиёрий тарзда банк ходими ойлигидан мижоз қарзини қоплаш ҳолатлари учрашини тан олишди.
"Ойлигимиздан мижоз қарзи учун ушланаяпти"
Озодликка Телеграм тармоғи орқали йўлланган мурожаатда “300га яқин банк ишчиси ўз ойлигидан мижозлар қарзини қоплашга мажбурланаётгани” ёзилган:
“Микрокредитбанк" Бухоро вилояти раҳбари Шукурулло Ҳакимов 300га яқин ишчи ходим ва уларнинг 1000дан ортиқ оила аъзоларини оч қолдирмоқда. У 2018 йилнинг январь ойидан бошлаб, банк ходимларининг қонини ичмоқда, яъни аризасини мажбурлаб олиб, филиал раҳбарлари ва бош бухгалтерларини ишдан оламан деб, кредит бўйича ҳар ойги асосий қарзи ёпилган мижозларнинг фоиз қарздорликларини банк ходимларининг иш ҳақидан ундирмоқда. Хўш, ойлиги фоиз қарздорлигию кредит қарздорлигига ёпилаётган банк ходимлари энди нима йўл билан оила боқсин?”, дейилади Бухоро вилоят "Микрокредитбанк" ходимлари номидан йўлланган мурожаатда.
"Мижоз қарзи учун банк ходими ойлигидан ушланган ҳолатлар бор"
Озодлик мухбири вазиятни ўрганиш учун "Микрокредитбанк"нинг Бухоро вилоятидаги бўлимлари билан боғланди. Суриштирувлардан маълум бўлишича, мижоз қарзини тўлай олмаган ҳолатда унга кредит берилишига масъул бўлган банк ходимининг аризасига кўра, унинг ойлик маошидан мижоз қарзини қоплаш ҳолатлари учраб туради.
“Кредитчи учун масъул бўлган банк ходими ўз мижозининг қарзини қоплаш ҳолатлари бор. Бу фақат аризага кўра амалга оширилади. Ўзининг иш ҳақидан ана шу кредитчининг кредитини ёпишга розилик билдираман, деб ариза ёзиб беради. Кассир бўладими, бўлим бошлиғи бўладими, ким бўлишидан қатъи назар, аризасига асосан пластик карточкасидан биз олиб ташлаймиз. Иш ҳақи пластик карточкасига тушади. Биз аризага асосан пластик карточкага тушган пулни безналичный терминал орқали ана шу кредитни қоплаш учун деб ташлаган ҳолатимиз бор. Битта ёки иккита бўлиши мумкин”, деди "Микрокредитбанк"нинг Бухоро вилоятидаги бўлимларидан бирининг масъули.
Озодлик суҳбатлашган банк ходимларининг иддаосича, айрим ҳолатларда мижозга кредит берилишига масъул бўлган банк ходими мулозимлар талаби билан ўз ойлигидан мижоз қарзини қоплашга мажбур қолади.
“Раҳбарлар мижоз қарзини тўлай олмай қолса, унга кредит берилишига масъул бўлган банк ходимини сиқувга олади. Баъзида олинган гаров вақтида сотилмай қолади ёки кафилликка олган шахс ҳам банкрот бўлган бўлиши мумкин. Шундай пайт масъул бўлган банк ходими мижоз қарзини ўзи тўлаган ҳолатлари бор”, деди исмини ошкор қилмаган банк ходими.
Банкир Ҳакимов: Мажбурлаш йўқ!
"Микрокредитбанк"нинг Бухоро вилоят филиали раҳбари Шукурулло Ҳакимов Озодлик билан суҳбатда мижоз қарзини тўлаш учун банк ходимини мажбурлаш ҳолатлари борлигини инкор қилиб, бу мутлақо ходимнинг ихтиёрий аризасига кўра, амалга оширилишини таъкидлади:
- Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир ходимимизга кредитни сўндириш бўйича топшириқлар берилган. Лекин уларнинг иш ҳақини олиш ё иш ҳақини қирқиш ё бошқа нарса вилоят ваколатида эмас. Кейин ходимларимизнинг ўзи кафил бўлган бўлиши мумкин қайсидир мижозга кредит олишида ё ўзининг қариндошига олиб берган бўлиши мумкин. Унда ҳам ўзининг аризасини ёзсагина республика бухалтерияси ўтказиб беради, бўлмаса, ўтказмайди. Келиб кўришингиз мумкин, мажбурий тарзда ҳеч ким ҳеч қачон ариза ёзмайди. Иш ҳақидан кредитни ёпсин, иш ҳақидан мажбурла деган нарсадан йироқдамиз, - деди Шукурулло Ҳакимов 11 апрель куни.
Микрокредитбанкнинг Бухоро вилояти раҳбари Шукурулло Ҳакимов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Ходим ойлигидан мижоз қарзи учун ушлаш қонунийми?
Шу ўринда савол туғилади: Банк ходими ойлигидан унинг аризасига кўра, мижоз қарзини қоплаш қонунда кўзда тутилганми?
Бу саволга жавоб берган Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси ходимига кўра, бу ҳолат ҳар бир ташкилотнинг ички тартиб низомида қайд қилинган бўлиши лозим:
“Банк ходими мижоз қарзини тўлаши ҳақида бирор қонун нормаларда белгиланмаган. Лекин уларнинг розилиги билан ойлик ҳақидан мижоз қарзи учун тўланиши ўша ташкилотнинг ички тартиб низомида белгиланиши лозим. Акс ҳолда бу ноқонуний бўлади”, деди Адлия вазирлиги ходими.
Бош ҳисобчи: Ходим, агар хоҳласа, мижоз қарзини ойлигидан қоплаши мумкин
"Микрокредитбанк"нинг Тошкентдаги бош бошқармаси бош ҳисобчиси Шуҳрат Болтаев Озодлик билан суҳбат давомида банк ходимларининг мижоз қарзини ўз маошлари ҳисобидан қоплаш ҳолатлари борлигини тан олди.
Унинг айтишича, бу ҳолат банкнинг ички тартиб низомида кўзда тутилган. Лекин Болтаев ходимлар маошидан мижоз қарзини ёпиш учун мажбуран ушлаб қолинаётганини рад этди.
- Иш ҳақидан мажбуран ёпттиртириш бу ҳолат менда йўқ. Официалный айтаман, менда йўқ,- деди Шуҳрат Болтаев 11 апрель куни.
“Банк ходими аризани мажбурий ёки ихтиёрий тарзда ёзганини қандай аниқлайсизлар?” деган савол ва бошқа саволларимизга "Микрокредитбанк"нинг Тошкентдаги бош бошқармаси бош ҳисобчиси Шуҳрат Болтаев берган жавобларни қуйидаги суҳбатда тинглашингиз мумкин:
"Мижоз қарзи учун банкирни моддий жазолаш мумкин эмас"
Ўзбекистон Марказий банкининг исмини очиқламаётганимиз мулозими мижоз қарзини тўлай олмаган ҳолатда унга кредит берилишига масъул бўлган банк ходими банк томонидан моддий жавобгарликка тортилиши қонунга зидлигини таъкидлади:
“Мижозга кредит беришда масъул бўлган шахс кредитни қайтариш талабларини етарли даражада кўзда тутмаган ҳолатда, яъни мижоз қарзни қайтара олмай қолган ҳолатда банк ходимига хайсан берилиши мумкин, уни лавозимини пасайтириш ёки бошқа бўлимга ўтказиш билан жазолаш мумкин. Балки ишдан олинар. Лекин мижоз қарзини банк ходими ҳисобидан, унинг ойлик маошидан ундириш мумкин эмас”, деди Марказий банк мулозими Озодлик билан суҳбатда.
P.S. Озодлик ушбу мавзуни Бухоро вилояти мисолида ўрганди. Агар сиз банк ходими бўлиб, шу каби ҳолатларга дуч келган бўлсангиз Озодлик билан боғланинг! Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755.