Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:47

ZO’R TV “Севги изтироби” сериали намойишини тўхтатди


16 февраль куни Ўзбекистондаги ZO’R TV канали баҳсга сабаб бўлган Туркиянинг “Севги изтироби” сериали намойишини тўхтатди. Ушбу сериалга овоз берган актёрларга нисбатан исломий сайт орқали таҳдид қилиниб, сериал исломий ахлоқ нормаларига зид экани иддао этилганди. Сайт материалларини экспертиза қилаётган мутасадди ташкилотлар ҳозирча ишни якунламаган.

Сериал тўхтатилди

ZO’R TV канали 3,5 ойдан буён намойиш этилаётган “Севги изтироби” сериали жума куни тўхтатилганини эълон қилди.

16 февраль куни ушбу сериалнинг ўзбекчага ўгирилган 120-қисми намойиш қилиниб, фильм сўнггида “1-фасл тугади” деган ёзув берилди.

ZO’R TV каналидан олинган маълумотга кўра, сериал намойиши ҳозирча тўхтатилган ва унинг кейинги тақдири номаълум бўлиб турибди:

Тепадан буйруқ келди, “Севги изтироби” сериалини тўхтат” деган. Шунга кеча тўхтатиб, “1-фасл тугади” деб эълон қилдик. Ҳозир ўзимиз ҳам билмаяпмиз, кейин нима бўлишини. Балки умуман тақиқлашар, балки рухсат беришар. Аниқ жавоб ўзимизда ҳам йўқ”, деди ZO’R TV канали ходимларидан бири.

Телеканал ходими “тепа” деганда кимни ёки қайси ташкилотни назарда тутганини очиқламади.

Мазкур сериал қаҳрамонларидан бирига овоз берган актёр Алишер Узоқов 16 февраль куни Instagramдаги ўз саҳифасида “Бугун сўнгги маротаба қаҳрамонларингизни кўриб қолинг...”, дея ёзди, бироқ нимага бундай ёзганини очиқламади.

Актёрларга таҳдид

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рўйхатга олинган азон.уз ахборот порталида 14 февраль куни эълон қилинган мақолада “ZO”R- TV” каналида намойиш қилинаëтган “Севги изтироби” фильмини туркчадан ўзбекчага дубляж қилган актёрлар гуруҳи таҳдид нишони бўлган.

Мақолада дубляж хизмати ходимларининг иши “ҳаромлиги”¸ уларнинг “боласига ҳаром луқма едиргани” ҳақида ëзилиб, актёрларни сазойи қилишга чақирилган эди.

Айни нашр кейинги ўн кун ичида турк сериалининг соф исломий ахлоқ нормаларига зид экани иддао этилган бир нечта мақолани эълон қилган.

15 февраль куни Озодлик мақолани нашр қилган портал муассиси Мубашшир Аҳмад ва сайт бош муҳаррири Муҳаммад Темир Аъзам билан ҳам суҳбатлашган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам “ZO”R- TV” каналида намойиш қилинаëтган “Севги изтироби” фильми соф исломий ахлоқ нормалари ва миллий менталитетга зидлиги боис танқид нишонига айланганлигини айтишган, бироқ улар эълон қилган мақолада экстремистик чақириқ йўқ¸ дея таъкидлашганди.

Чора кўрилади

15 февраль куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги вакиллари Озодлик билан суҳбатда азон.уз сайти актёрларга таҳдид қилинган мақоласи орқали мавжуд қонунни бузгани ва ушбу сайт материаллари экспертизага берилганини айтишган эди.

Озодлик 17 февраль куни ушбу иккала ташкилот билан боғланиб, “ҳали экспертиза натижалари маълум эмаслиги” ҳақидаги жавобни олди.

"Севги изтироби" сериалининг тўхтатилиши ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида кенг муҳокама қилинмоқда. Айримлар, сериал тўхтатилганинига афсус билдирса, баъзилар буни олқишлаган.

Ўзбекистонда намойиш қилинаëтган “Севги изтироблари” фильми бундан олдин Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг Telegram каналида ҳам “Тавқи лаънат” қилинган эди.

XS
SM
MD
LG