Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:01

Проводниклар темир-терсакни сотиб олиб, топширишга мажбурланяпти


“Ўзтемирйўловчиташиш” очиқ акциядорлик жамияти раҳбарлари вагон кузатувчиларига кўчадан бўлса ҳам металлолом сотиб олиб, топшириш вазифасини юклади. Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган кузатувчиларнинг иддао қилишларича, сафардан қайтганидан сўнг ҳисобот топширишдаги тўловлар, ёнғин хавфсизлиги, СЭС ва милиция ходимларининг таъмагирлиги ҳам уларнинг тинка мадорини қуритмоқда. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш филиалининг раҳбари металлолом йиғиш факти борлигини тасдиқлар экан, пул билан боғлиқ масалалар бўйича транспорт прокуратураси шуғулланишини айтди.

“Ўзтемирйўловчиташиш” очиқ акциядорлик жамиятининг йўловчилар ташиш филиалида ишлайдиган бир гуруҳ вагон кузатувчилари ўз бошлиқларига ёзилган шикоят мактубининг бир нусхасини Озодлик радиосига ҳам жўнатди.

Вагон кузатувчиларининг шикоят мактуби
Вагон кузатувчиларининг шикоят мактуби

Бу мактубда айтилишича, сўнгги пайтларда вагон кузатувчиларига “ҳар томондан кислород қисиляпти”.

Исми сир қолишини сўраган шикоятчилардан бири кузатувчиларга солинаётган металлолом солиғи уларнинг сабр косасини тўлдириб юборганини айтди:

“Металлолом бизни жуда ҳам эзиб юборди. Кўчада темир-терсак ётган бўлсаки, биз уни йиғиб берсак. Шунинг учун унинг ўрнини фақат пул билан қоплаяпмиз. Ҳар бир рейс учун бригадага бириктирилган инструкторга 600 минг сўм миқдорда металлолом учун пул йиғиб берилади. Бу, пулга улар металлолом оладими ёки бошқа нарсами, униси бизга қоронғи”, дейди кузатувчи.

Вагон кузатувчиларининг шикоят мактуби
Вагон кузатувчиларининг шикоят мактуби

Унинг иддао қилишича, шундоғ ҳам ҳар рейсдан қайтгандан сўнг йиғди-йиғдилар уларнинг тинкасини қуритиб юборган:

“Яширишга ҳожат йўқ. Илгари Россияга борганда тирикчилик учун бир-икки сўмка нарса олиб келардик ёки чиптасиз йўловчи олардик. Ҳозир бу нарсаларга тамоман чек қўйилган. Лекин, бизнинг тинкамизни қуритадиган таъмагирликлар йўқ бўлмаган.Масалан, “Ўзтемирйўловчиташиш” мулозимлари ҳар бир йўлга чиққан поезд бошлиғига солиқ солади. Бу бир, иккинчидан, ВЧД-2 ҳудудида қўлингизда буюртма бўлса ҳам ҳар бир вагон жиҳози, челак, огнетушитель, савок, трафарет кабиларни пулга оласиз. Учинчидан, ВЧД-2 ҳудудида вагонни текширган ўт ўчирувчи ва СЭС ходимларига пул бериш керак, акс ҳолда арзимаган баҳона билан сизни рейсдан қолдиради. Шунча харажатлар биз оладиган 550-800 минг сўм маошимиз ҳисобидан бўляпти”, дейди вагон кузатувчиси.

“Ўзтемирйўловчиташиш” очиқ акциядорлик жамиятининг йўловчилар ташиш филиали бошлиғи Суҳроб Давлетов, Озодлик билан суҳбатда вагон кузатувчиларига металлолом солиғи солинганини тасдиқлар экан, темир-терсак тополмаганлар кўчадан бўлса ҳам уни сотиб олиб топшириши шарт эканлигини таъкидлади:

- Бизларга ҳар бир ойга 52 тонна металлолом топшириш нормамиз бор. Бизнинг проводниклар металлолом йўқлиги учун 20-30таси ўзаро келишиб, пул йиғиб “Вторчермет”га боришади. Ўша ерда ғалтакка темир йиғиб ўтирадиган челноклар бор. Ўшалардан неофициальный сотиб олиб, «Вторчермет»га топширадида, квитанциясини бизга олиб келишади. Бу бўйича транспорт прокуратураси иш ҳам қўзғаган. У пайтда мен бу ерда ишламас эдим. Ҳозир шу кунгача топилмаган металнинг аксарият қисми сотиб олиб келиняптида. Лекин биз бажаришга мажбурмиз, бу бизга топшрилган режа, - деди “Ўзтемирйўловчиташиш” очиқ акциядорлик жамиятининг йўловчилар ташиш филиали бошлиғи Суҳроб Давлетов.

Мулозим вагон кузатувчиларининг таъмагирлик қурбони бўлаётгани ҳақида унда маълумот йўқлигини, агар шундай ҳолатлар бўлса кузатувчилар темирйўл транспорти прокуратурасига мурожаат қилишлари лозимлигини айтди.

XS
SM
MD
LG