Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:07

Бувайда деҳқон бозоридаги кийим-кечак дўконлари ёниб кул бўлди


Бувайда деҳқон бозоридаги ëнғиндан кейинги манзара.
Бувайда деҳқон бозоридаги ëнғиндан кейинги манзара.

4 апрелга ўтар кечаси Фарғона вилояти Бувайда туманидаги деҳқон бозорида чиққан ёнғин юздан ортиқ тадбиркорни хонавайрон қилди. Воқеа гувоҳларининг айтишича, ëнғин оқибатида бозордаги кийим-кечак ва хўжалик моллари билан савдо қиладиган дўконлар ёниб кул бўлган. Терговга яқин мулозимга кўра¸ ёнғиннинг хавфсизлик қоидаларига риоя этилмагани оқибатида рўй бергани тахмин қилинмоқда.

Деҳқон бозоридаги ëнғин оқибатида бор-йўқ товари куйиб кетган бувайдалик тадбиркор Озодлик билан суҳбатда ўзининг касод бўлганини айтади.

“Эрталаб бозорга келсам, ҳамма жой ёниб кул бўлган. Дўконимдан фақат темир-терсак қолибди. 200 миллионлик товарим куйиб кул бўлган. Кредитга пул олиб ишлаётгандим, энди нима қиламан¸ хонавайрон бўлдим”, дейди тадбиркор.

Суҳбатдош Озодликка юборган ëнган дўконлар фотосуратлари ҳам¸ Бувайда бозоридаги ëнғиндан фақат темир устун ва панжаралар омон қолганини тасдиқлайди.

Бувайда деҳқон бозоридаги ёнғин оқибатлари
Бувайда деҳқон бозоридаги ёнғин оқибатлари

​Бувайда тумани ҳокимлигининг Озодлик боғланган мулозими ëнғин оқибатида етказилган зарар ўрганилаëтганини билдирди.

“4 апрелга ўтар кечаси соат 00.30 да деҳқон бозорининг кийим-кечак раста ва дўконлари жойлашган ҳудудида ёнғин содир бўлган. Ўт ўчирувчиларнинг биринчи тахминига кўра, олов электр симларининг қисқа туташуви натижасида чиққан ва жуда ҳам тезлик билан бошқа дўконларга ҳам ёйилган. Умумий майдони 200 квадрат метр майдондаги дўконлар ёниб кетган. Афсуски, ҳамма дўконлар ёниб кетган. Айни пайтда, дўкондорларга ва бозорга қанча зарар етгани ўрганилмоқда”, деди ҳокимлик мулозими.

Мулозим¸ ёнғин тунда юз бергани боис одамлар жабрланмаганини қўшимча қилди.

Бувайда тумани деҳқон бозоридаги ёнғин оқибатлари.
Бувайда тумани деҳқон бозоридаги ёнғин оқибатлари.

Бувайда бозорида савдо қилувчи бошқа бир тадбиркор, ёнғин электр симларидан чиққанига ишонмаслигини айтар экан, бозорга қасддан ўт қўйилганлигини иддао қилди.

“Агар ёнғин бир жойдан чиққанда, бир томондан ёниб борарди. Бу ерда эса одамлар тўрт томондан ўт чиққанини кўрганини айтишаяпти. Битта ҳам дўкон омон қолмаган, ҳаммаси ёниб кетган. Кийим-кечак бозорини бу ердан ярмаркага кўчириш ҳақида бозорқўм аввал бир неча марта айтган эди. Лекин биз рози бўлмаганмиз. Чунки ярмаркада жой жуда тор ва бозор яхши бўлмайди. Биз ёнган дўконларимизни суратга олаётганимизда, милиция ходимлари келиб телефонларимизни олиб қўйишди ва суратларни ўчириб, қайтариб беришди. Савдогарлар дардини кимга айтишни билмаяпти”, деди тадбиркор.

Бувайда деҳқон бозоридаги ёнғин оқибатлари
Бувайда деҳқон бозоридаги ёнғин оқибатлари

​Айни пайтда¸ Озодлик ихтиëрида бозорга ўт қўйилган деган иддаони қўлловчи далиллар мавжуд эмас.

Айтилишича¸ ëнғин юзасидан Бувайда туман Ички ишлар бўлими жиноий иш очган ва тергов-текширув олиб бормоқда.

Ëнғин оқибатида катта молиявий зиëн кўрган тадбиркорларга бирор ëрдам кўрсатилиш-кўрсатилмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Жабрланувчилардан бирига кўра¸ 4 апрель куни эрталабки соат 8 ларга яқин туман ҳокими бозорга келиб¸ ëнғиндан кейинги вазият билан танишган.

"Жуда кўп одам жабр кўрди. Қўқондан насияга мол олиб келиб сотадиган аёл савдогарларнинг ҳам бор моли ёниб кетган. Шунча кулфат бўлдию, ҳоким келиб бир оғиз кўнглимизни кўтармади. Ҳеч бўлмаса, сизларга янги жой қилиб берамиз, савдоларингни давом эттирасизлар, демади. Эртага соат 8 да ҳокимликда бу масалани муҳокама қиламиз ва жавобини айтамиз дедию¸ кетди", деди Озодлик суҳбатлашган дўконсиз қолган тадбиркорлардан бири.

Озодликка куннинг иккинчи ярмида етиб келган суратлардан¸ кечга яқин ёнғин юз берган жойдаги чиқиндиларнинг тозалаб олинганини кўриш мумкин.

Кечга бориб дўконлар жойи тозалаб олинди.
Кечга бориб дўконлар жойи тозалаб олинди.

Сиз ҳам Бувайда бозоридаги ëнғиндан талофат кўрганлардан бўлсангиз¸ бу воқеага оид тафсилотларни Озодликка йўллашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG