Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:27

Жомбой ҳокими аҳоли чорвасини "уй қамоғи"га олди


Самарқанд вилояти Жомбой тумани ҳокимининг буйруғи билан қишлоқ ҳудудларида яшайдиган аҳолининг чорваси қамал қилинди. Милиция ходимлари ва ҳокимлик вакилларидан ташкил қилинган махсус гуруҳ қишлоқма-қишлоқ юриб, аҳолини молу-қўйларини уйидан ташқарига чиқармаслик, акс ҳолда чорва эгаси жазоланиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Ҳокимлик расмийлари бу тадбир қишлоқ хўжалиги экинларининг пайҳон қилинишига қарши ташкил этилганини айтмоқда.

Жомбой тумани қишлоқларида яшайдиган аҳолининг чорваси бир ҳафтадан буён уйидан ташқарига чиқарилмаяпти.

Милиция ва ҳокимлик вакиллари ҳар куни қишлоқ кўчалари ва экинзорларини айланиб, эгасиз юрган мол қидирмоқда.

Бу ҳақда Озодликка мактуб ёзган жомбойлик ўқитувчи Абдуҳакимнинг айтишича, чорвасини доим далада боқиб юрган аҳоли жуда қийин аҳволга тушиб қолган:

“Озодлик, илтимос бизларга ёрдам беринг. Мен Жомбойнинг қишлоғида тураман. Албатта, ҳар бир оилада бир-иккита қорамол, қўй-эчки бор. Бир ҳафтадан буён, чорвамиз уйдан чиқарилмаяпти. Ҳар куни қишлоғимизда милиция ва ҳокимликдан одамлар айланиб, ким сигирини кўчага боққани олиб чиқса уни олиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда. Ҳатто бир сафар қўшни қишлоқдаги бир аёлнинг сигирини сўйиб, олиб ҳам кетишди. Айтингчи, тирикчилиги шу сигиру қўйлар билан ўтаётган қишлоқ аҳли бундай вазиятда нима қилсин?, деб ёзади жомбойлик ўқитувчилардан бири.

Жомбой тумани ҳокими Ҳусан Бўриевнинг буйруғи билан ташкил қилинган ишчи гуруҳ аъзолари барча қишлоқларда фаолият олиб бормоқда.

Жомбой тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган вакили Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан ҳам қишлоқларда шундай тадбир ўтказилаётганини тасдиқлади ва бу тадбир қишлоқ хўжалиги экинларининг аҳоли чорваси томонидан пайҳон қилинишига қарши ташкил этилганини айтди:

- Биз молларни олиб қўйганимиз йўғу, лекин уларни кўчага чиқартирмаяпмиз. Ғалла ва бошқа экинларни моллар еб қўймаслиги учун шундай буйруқ чиқарилган. Шунинг учун милиция ходимлари билан бирга юриб, аҳолини огоҳлантиряпмиз. Одамлар молларини уйида боқсин, ўт ўриб олиб келиб берсин, ўзини томорқасида боқсин, деяпмиз, деди ҳокимлик мулозими.

Мулозим, аҳолининг моллари олиб қўйилиб, сўйиб юборилаётганини инкор қилди.

Жомбойлик пенсионер Холиқназар Ғаниев бундай тадбирлар халқнинг бугунги ижтимоий аҳволини ҳисобга олмай амалга оширилаётганини айтади:

- Албатта, бу аҳолини қийин аҳволга солиб қўяди. Чунки ҳақиқий аҳвол шундайки, бугунги кунда аҳолининг ярмидан кўпи ана шу чорваси ортидан тирикчилик қилади. Ҳатто биз турган Жомбой марказида одамлар мол-қўйларини кўчаларда боқиб юришади. Ўзбеклар учун мол-ҳол масаласи жуда муҳим. Шундай бир шароитда, аҳолининг қўю молини уйидан чиқармаслик ҳақида қарор бериш халққа жабр қилишдир, деди Холиқназар Ғаниев.

XS
SM
MD
LG