Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

Андижонда имомлар "беш вақт мажлис ўқиб", мақола ёзаяпти, моддий ёрдам уюштираяпти


Бадавлат кишилардан моддий ёки молиявий ёрдам ундириб, уни кам таъминланган оилаларга топшириш тўғрисидаги буйруқ Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг Андижон вилоят ваколатхонасидан жойлардаги имомларга 1 феврал куни берилди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Андижон вилояти туманларидан бири бош имомининг айтишича, телефон орқали берилган буйруқда, шунингдек, ёрдамни топшириш жараёни акс этган фотосуратларни ҳар ҳафтанинг чоршанбасида ваколатхонага етказиш топширилган.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг юқори лавозимли вакили марказдан бундай топшириқ бўлмаганини Озодликка билдирди.

Кам таъминланган оилаларга ёрдам уюштириш тўғрисидаги топшириқ тўғрисида исми сир қолиши шарти билан Озодлик билан суҳбатлашган андижонлик имом (қарийб 40 дақиқалик суҳбат ёзиб олинган) вилоятдаги имомларнинг бошқа бир қатор ташвишларининг навбатдагиси сифатида хабар қилди.

Имомларни қийнаётган биринчи масала:

Мажлисбозлик

Имомнинг айтишича, сўнгги 4 йилдан буён вилоятдаги ҳар бир туманнинг бош имоми ҳафтасига камида бир марта “Аппаратний” аталмиш мажлисда иштирок этиш учун вилоят марказига – Диний идора вилоят ваколатхонасининг Олтинкўл тумани Жалабек қишлоғига (Андижон шаҳрига қўшни) қарашли ҳудудда жойлашган идорасига келиши лозим.

Имомларга номаълум сабабларга кўра, бир ярим ойча тўхтаб қолган мажлислар 31 январ куни қайта тикланди.

Сешанба куни иккита мажлис ўтказилганини, биринчиси эрталаб 10 да бошланиб, иккинчиси соат 5 га яқин тугагани айтиб берди имом.

Унинг айтишича, 31 январда ўтказилган мажлисда қуйидаги масалалар кўрилган:

Имомларланинг қўшхотинлик бўлиб кетаётгани;

имомлар турли маросимларга қатнашар экан, хизмат ҳақига чет эл валютаси талаб қилаётгани (Тошкент шаҳри мисолида);

имомлар ёзаётган мақолалар сони озайиб кетаётгани;

имомларнинг тадбиркорлик билан банд бўлиб, ўз масжидидаги намозга қатнашмаётгани;

масжидлар пул тушумини банк орқали айлантирмаётгани.

Бу ҳақда маълумот берган имомнинг айтишича, имомлар вилоят марказида ўзлари қатнашган мажлисдан қайтгач, эртаси куни ўз туманидаги имомларни йиғиб, мажлис ўтказиши, вилоятдаги мажлисида айтилган гапларни уларга етказиши керак.

Бундан ташқари туманлар имом-хатибларидан жума тезисларини Андижонга шахсан келиб, олиб кетиш талаб қилинмоқда.

Мажлисни деб қолдирилган жума намози

Андижонлик имомлар турли мажлис-йиғилишларга жалб этилавергани оқибатида баъзи масжидларда имомни кутиб, намоз кечикиб кетгани, ҳатто қолдирилгани тўғрисидаги хабарлар ҳам олдинроқ Озодликка етиб келган

“Андижон вилояти Андижон тумани марказида жойлашган Аммор ибн Ёсир жоме масжидида бугун жума ҳутбасини ўқийдиган ҳеч ким топилмади. Жума намози пайтида имом масжидда йўқ. Сабабини сўрасак, МХХ бошлиқлари мажлисга чақирганини айтишди”, деб хабар қилган эди Озодлик тингловчиси ўтган йилнинг мартида. У ўз хабарига масжидда одамлар имомни кутиб ўтиргани акс этган суратни ҳам илова қилган эди.

2016 йилнинг 11 март куни МХХ ўтказган йиғилиш сабабли Аммор ибн Ёсир масжидидаги жума намози қолдирилган эди.
2016 йилнинг 11 март куни МХХ ўтказган йиғилиш сабабли Аммор ибн Ёсир масжидидаги жума намози қолдирилган эди.

Мақолабозлик

Озодликка суҳбат берган имомнинг айтишича, Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг Андижон вилоят ваколатхонаси раҳбарияти ойлардан буён ҳар бир имомдан мунтазам равишда мақола ёзиб, Интернет ва маҳаллий матбуотда ёритиб боришни талаб қилмоқда.

“Кечаги мажлисда олтинкўллик бир ҳамкасбимизнинг ўтган йили 300 дан ортиқ мақола ёзганини айтишди. Мен ҳайронман, бунча мақолани ёзишга қандай улгурар экан, нима ҳақда ёзаркан?!” деб ёзғирди имом.

Айтишича, унинг ўзи ўтган йили 30 га яқин мақола ёзиб, маҳаллий матбуот ва Интернетдаги сайтлардан бирида эълон қилдирган.

“Ваколатхонада мақолаларни қабул қилиш билан шуғулланадиган махсус мулозим ҳам бор”, деди имом.

Андижон вилоятига оид бу гапларнинг бир четини 31 январ куни Озодликка фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев айтган эди.

“Имомлардан бири бир йилда 365 та мақола ёзгани мажлисда айтилгани тўғрисида андижонлик икки имом айтиб берди”, деган эди Эргашев.

Андижонлик имом билан суҳбатлашгач, Абдусалом Эргашев билан яна боғландик ва унга суҳбатлашганимиз имомнинг кимлигини, айтганларини айтдик. Эргашевнинг Озодликка билдиришича, худди шундай шикоятни у вилоятдаги бошқа имомлардан эшитган.

Андижоннинг камида 3 тумани имом-хатибларининг Озодликка ва фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячисига қилган шикоятлари юзасидан изоҳ сўрамоқ учун Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг Андижон вилоят ваколатхонаси раҳбари Нуриддин домла билан телефон орқали боғландик. Домла ўзимизни таништиришимиз биланоқ телефонини ўчириб қўйди ва кейинги қўнғироқларимизга жавоб бермади.

“Сизга шикоят қилган имомлар Диний идорага ариза ёзсин, албатта кўриб чиқамиз”

Бу гапни Озодлик мухбирига Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раҳбарияти вакили айтди ва вазиятни ўрганиб, чора кўришга ваъда берди.

Унинг айтишича, Диний идорадан:

кам таъминланган оилаларга ёрдам уюштириш билан имомлар шуғуллансин деган кўрсатма берилган эмас;

Жума тезисларини олиб кетиш учун вилоят марказига бориш шарт эмас –ҳар бир имом бу ҳужжатни Идора расмий сайтидан кўчириб олиши мумкин, қолаверса, тезислар электрон почта орқали тарқатилади.

Айни пайтда мақола ёзиш Диний идора томонидан имомларга тавсия қилинадики, бу – бор гап.

“Замондан орқада қолиб кетмасин улар, деймиз. Лекин ҳеч ким бир йилда 300 та, 400 та мақола ёз демайдику?! Ақлга сиғадиган иш эмаску бу?!” деди Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раҳбарияти вакили.

XS
SM
MD
LG