Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:02

“Вақтинча” Мирзиëевнинг сайловгача 88 куни


Ўзбекистон президентлигига сайлов бўладиган 4 декабр куни мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажариш ваколати Бош вазир Шавкат Мирзиëевга топширилганига 88 кун тўлади.

4 декабрдан бошлаб Ўзбекистон деб аталган юрт¸ ўзбекистонликлар деб аталувчи 32 миллион одам ҳаëтидаги кейинги муддати номаълум давр Шавкат Мирзиëев даври сифатида ўз муқаддимасини бошлайди.

Мақоламизда Шавкат Мирзиëевнинг президентлигига дахлиз бўлган 2016 йилнинг 8 сентябридан то 4 декабргача бўлган вақтинча президентлик муддатини тахлил қилиб янги президентнинг эхтимолий эртаси учун қандай пойдевор қўйилганлигини тушунишга ҳаракат қиламиз.

88 кунни бир нечта жумлага жо қилганимизда конституция ташқарисида президентлик вазифасини бажарувчи лавозимини эгаллаган ғайратли раҳбарнинг тадбиркорларга қайишган ва аҳоли учун "юқорига" шикоят қилиш имкони берганини ëзиш мумкин.

Муддатини ўтаган икки сиëсий фаолнинг қамоқдан озод қилиниши¸ минтақадаги қўшнилар ўртасидаги тарангликнинг сусайгани ҳам муваққат президентликнинг 88 куни ҳосиласи сифатида кўрилади.

Мирзиëевнинг қамчи ва попукқанд сиëсати

Муваққат президент мақомига ўтирганидан уч-тўрт кун ўтиб Шавкат Мирзиëев мулозимларни ишдан олиш ва Каримов даврида ишдан кетказилган раҳбарларни ўрнига қайтаришни бошлади.

18 сентябрь куни Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазир Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шомансур Аҳмедов ва ушбу туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Саидакбар Пўлатовни ишдан бўшатди. Шунингдек, Мирзиёев мазкур туман прокурори Тимур Нормуҳаммедов билан туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари Абдурауф Каримовга жиддий огоҳлантириш берди.

Умуман 88 кун мобайнида 22 та вазир ва идоралар раҳбарлари, Тошкент вилояти, Жиззах, Қарши ва Термиз шаҳарлари ҳамда 21 та туман ҳокими лавозимларидан озод этилди.

Айни пайтда Каримов даврида ишдан ҳайдалган мулозимлар юқори лавозимларга тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёв 13 сентябрда имзолаган фармон билан Абдулла Ниғматович Арипов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари лавозимига тасдиқланди.

Бош вазирнинг янги ўринбосари 2012 йили айнан шу лавозимдан, телекоммуникация соҳасидаги корупция жанжали ортидан, ишдан олинган эди.

Бунинг баробарида “Каримов даврида исталмаган шахс мақомига туширилган” ва сўнгги 20 йилда расмий матбуотда номи тилга олинмаган мамлакатнинг собиқ раҳбарлари расмий телеканалларида пайдо бўлди.

"Ёшлар" телеканалининг Бош вазир ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли филмида Ўзбекистоннинг собиқ вице-президенти, марҳум Шукрулло Мирсаидов, Олий Кенгашнинг собиқ раиси Шавкат Йўлдошев, Ўзбекистоннинг биринчи Бош вазири Абдуҳошим Муталов ва 1990-1994 йилларда фаолият кўрсатган нисбатан мустақил парламент депутатларини кўриш мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Москвада яшаётган Ислом Каримовдан олдинги раҳбари Рафиқ Нишонов ҳам Каримов вафотидан кўп ўтмай, Тошкентдга келиб кетгани ҳабар қилинди. Таниқли қўшиқчи Шерали Жўраевнинг сўнгги 25 йил давомида илк бор ҳукумат тадбирига таклиф қилиниши¸ Каримов даврида тазйиққа учраган ҳайкалтарош Илхом Жабборовга ижодий шароит яратилиши ҳам Мирзиëев ташаббуси сифатида кўрилади.

Тадбиркорларга енгиллик

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 5 октябрда тадбиркорлик фаолиятининг қўллашга қаратилган Фармонни имзолади.

5 октябрда имзоланган 12 банддан иборат Фармонда тадбиркорларликни ривожлантириш ва уларга эркинлик беришнинг уч йўналиши қайд этилган:

1.Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳукумат органлари аралашувини бартараф этиш;

2.Тадбиркорлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва ҳимоялашни кучайтириш;

3.Самарасиз, эскирган ва бозор меҳанизмалари ўрнини эгаллаб олган нормаларни бартараф этадиган замонавий талабларга жавоб бера оладиган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш.

Бу мақсадларга эришиш мақсадида Фармонда бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил декабридаги "Улгуржи ва чакана савдо тўғрисида"ги 407- қарорига 2016 йилнинг 15 сентябрида ўзгартириш киритилиб ëймачи савдогарларга касса аппаратсиз савдо қилишга рухсат берилди.

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, Астанадаги Евроосиё университети доценти, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаевнинг Озодликка айтишича Шавкат Мирзиёев имзолаган мазкур Фармон тадбиркорлар “Узоқ кутган енгилликни” берган.

Икки нафар сиëсий маҳбус озод қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 29 октябрь куни АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннонни қабул қилди.

Озодликка маълум бўлишича учрашувда сиëсий маҳбусларни озод қилиш масаласи кўтарилган.

Бу учрашувдан уч ҳафта ўтиб 24 йилдан бери тутқунликда қолаëтган Самандар Қўқонов 24 ноябрь куни озодликка чиқарилди.

Бундан олдин Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, 63 яшар Бобомурод Раззоқов уч йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқарилган эди.

Ўзбекистонлик публицист Шароф Убайдуллаев Озодлик билан суҳбатда бу икки сиëсий маҳбус мамлакат муваққат раҳбари Шавкат Мирзиёвнинг марҳамати билан сайлов арафаси озод этилганига ишонишини айтди.

Икки нафар сиëсий маҳбуснинг озод этилганлигини АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси олқишлаб баёнот чиқарди:

"Биз, шунингдек, 2016 йил октябрь ойида инсон ҳуқуқлари фаоли ва “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти бўлими раҳбари Бобомурод Раззоқовнинг озодликка чиққанини олқишлаймиз. Биз жаноб Қўқонов ҳамда жаноб Раззоқовнинг озод этилишига ижобий қадамлар деб қараймиз ва Ўзбекистон ҳукуматини маҳбусларни келгусида ҳам озод этиш учун давомий равишда амнистия қўллашга чақирамиз", дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида сиëсий ва касбий фаолияти учун жазоланган қатор мухолифат фаоллари ва журналистлар қолмоқда.

Улар орасида Муҳаммад Бекжон¸ Юсуф Рўзимуродов¸ Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари шулар жумласидандир.

Минтақадаги қўшнилар ва Туркия билан муносабатларда “муз эриши” бошланди

Ислом Каримов оламдан ўтгач унинг ўрнига келган вақтинчалик президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда Каримов даврида деярли музлаб қолган алоқаларни жонлантиришга киришди

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев Сўўрўнбай Жээнбековни Қирғизистон Бош вазири этиб тайинланиши муносабати билан Бишкекка жўнатган табрик мактубида икки давлат чегарасини аниқлаш жараёнини конструктив руҳда ўтказиш муҳим эканини таъкидлади. Ўтган ой Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги шу пайтгача совуқ муносабатлар эрий бошлаганига оид ҳабарлар чиқди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиақатновлар 2017 йилнинг январь ойидан қайта тикланади. Бу борадаги келишувни 30 ноябрь куни Ўзбекистон ва Тожикистон делегациялари Душанбе шаҳрида имзолашди.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, ёзувчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли Крейг Мюррей (Craig Murray) Америка Овози мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон муваққат раҳбарининг қўшнилар билан муносабатдаги тарангликни юмшатганини ижобий баҳолади:

-Мен шахсан бунга ишонмасамда. Қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга қаратилган ташаббусларни ижобий деб қабул қиламан. Айниқса, Тожикистон ва Қирғизистон билан. Сўнгги йилларда бу мамлакатлар билан сув ва чегара юзасидан кўп тортишувлар бўлиб, муаммо тўпланиб бораётган эди. Унинг вафотидан сўнг энди минтақавий алоқаларни яхшилашга имкон туғилди. Мирзиёев ташқи алоқаларни яхшилаб, ўтмишда бўрттирилган муаммоларни кўнглига яқин олмаётгани ижобий ҳолатдир. Минтақавий ҳамкорлик кучайишига умид борми деди Крейг Мюррей.

Қўшни мамлакатлар ўртасидаги музлар эриëтгани айтилаëттган бир пайтда¸ Ўзбекистон-Туркия муносбатларида жонланиш кузатилди.

17 ноябр куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Ўзбекистон муваққат президенти, Бош вазир Шавкат Мирзиёев билан Самарқандда учрашди.

Бу Туркия президентининг ўтган 16 йил бадалида Ўзбекистонга қилган илк сафари бўлди.

Бу икки туркийзабон давлат ўртасидаги муносабатлар 90-йиллар бошларигача фаол бўлгани эсланади.

Аммо президент Ислом Каримов сиёсий мухолифлари Туркиядан бошпана топиб, расмий Анқара уларни ортга қайтаришдан воз кечаркан, бу алоқалар ҳам совий бошлади.

Туркия президенти Эрдўғон Ўзбекистонда
Туркия президенти Эрдўғон Ўзбекистонда

23 ноябрь куни Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиëев Тошкент шаҳар сайловчилари билан ўтказган учрашувида Туркия билан муносабатларда янги саҳифа очилаëтганлигини таъкидлаган.

Россияга яқинлашиш ишоратлари

Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистоннинг янги муваққат раҳбари ташқи сиёсатда кўпроқ Россия билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси 3-қўмитасида Қримдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни қораловчи ҳамда Россияни ярим оролга халқаро кузатувчиларни киритишга чақирувчи резолюцияга қарши овоз бергани¸ мамлакат ташқи сиëсатида Россияга оғиш сифатида кўрилди.

Ўзбекистон иқтисодий ҳаëтида Россия тадбиркорлари иштироки фаоллашганига оид ҳабарлар чиқди.

Владимир Путин ва Шавкат Мирзиëев
Владимир Путин ва Шавкат Мирзиëев

Россиянинг “Лукойл” ширкати Тошкентда ўзининг биринчи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасини қуришга киришди. Озодлик манбаларига кўра, яқин келажакда Ўзбекистонда “Лукойл” бренди остидаги автозаправкалар тармоғи вужудга келиши мумкин.

Озодликнинг мамлакат бошқарув идораларига яқин манбасининг айтишича ўтган ой Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга зарурий дори- дармонларни етказиб беришни сўраб Россия ҳукуматига мурожаат қилган.

Бундан олдинроқ Россиянинг Ростсельмаш ширкати Чирчиқ қишлоқ хўжалик техникалари заводи билан келишув имзолаган эди.

Диний экстремизмга қарши “кураш” ва сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ўзгаришсиз қолди

Муваққат президент лавозимининг 88 кунида Ўзбекистон ҳудудига турист сифатида кирган икки хорижий журналист мамлакатдан бадарға қилинди.

Ўзбекистонда диний мотивлар билан қамалганлар оилалари устидан назорат кучайтирилди.

Шавкат Мирзиëевнинг октябрь ойида эълон қилган дастурида динни расмий Тошкент назаридан бошқача талқин қилганларга қарши кураш давом этиши таъкидланади.

“Биз муқаддас динимизни нотўғри талқин этаётган ва уни ниқоб қилиб, бизни орқага, ўрта асрлар ҳаётига қайтаришга уринаётган бузғунчи кучларга қарши кескин курашиб келдик ва бундан кейин ҳам қатъий кураш олиб борамиз” дея таъкидлаган Мирзиëев “мамлакат суверенитети ва мустақиллигига рахна солишга уринадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига қарши кескин зарба беришга қодир” эканлигини урғулади.

Муваққатдан мангуга айланиш ритуали

2016 йилнинг 4 декабрь кунги сайловда либерал-демократлар номзоди Шавкат Мирзиёев сайловда қатнашган уч сиёсий партия номзаодларидан анчайин кўп овоз олиб Ўзбекистон президенти бўлиши кутилмоқда.

Бу 88 кунлик сиëсий маъракага сўнг сўз¸ келажакдаги фаолиятга сўз боши бўлади.

XS
SM
MD
LG