Тошкентдаги энг йирик улгуржи бозор саналган “Ўрикзор”да 5 июль куни огоҳлантирувсиз ўтказилган “аксилтерор машқлари” пойтахтликлар орасида "террор таҳдиди" ҳақидаги ваҳимали гап-сўзлар тарқалишига сабаб бўлди. Ички ишлар вазирлиги расмийлари Озодликка бозорда МХХ ва ИИВ қошидаги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси махсус отрядлари аксилтеррор машқлари ўтказаётганини айтиб, хавотирга ўрин йўқлигини билдирди.
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ва Ички ишлар вазирлигининг Террорчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари 5 июль куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган “Ўрикзор савдо комплекси”да махсус амалиëт ўтказди.
Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, текширувчилар бозордаги дўконлар ва савдогарларга тегишли бўлган контейнерларни махсус техника ва исковуч итлар ëрдамида бирма-бир кўздан кечирган.
Террорга қарши ўтказилаётган амалиёт сабаб бозорнинг қурилиш ва уй-рўзғор моллари сотиладиган (халқ тилида "Строй бозор" деб аталадиган қисми) ҳудуди вақтинча ёпилган.
“Ўрикзор” бозоридаги исми сир қолишини истаган савдогарлардан бирининг Озодликка айтишича, текширувчилар бозорда портловчи модда ва диний адабиëтлар қидирилаëтганини билдирган:
- Ўрикзорнинг Стройбозор қисмида ҳамма дўконларни ёпиб бирма-бир тинтув қилишди. Биз томондаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган павильонга ҳам ўтиб, контейнерларни титкилашди. Диний адабиёт ва портловчи модда қидираётганликларини айтишди, деди бозордаги савдогарлардан бири.
"Ўрикзор"нинг ëпилмаган қисмида савдо қиладиган бошқа бир тадбиркор¸ кўк форма кийган йигитлар билагида "махсус отряд" деган ëзув борлиги ва улар савдогарларнинг бож ëки солиқ ҳужжатлари билан умуман қизиқмаганини қўшимча қилди.
"Стройбозорни эрталаб 9 ларда махсус машиналарда¸ итлар ва техника билан келганлар ëпишди. Дўкончилар ичкарида қолди¸ бошқаларни чиқариб юборишди. Асосан¸ коробкалар¸ катта пластик халталарни текширишибди¸ бизни у тарафга¸ ҳатто орадаги стоянкага қўйишмади. Текширувчи йигитлар ўзларини босиқ тутишди¸ нима бўлаяпти¸ десак¸ "эҳтиëт бўлинглар¸ бўлди¸ қолганига биз бормиз¸ хавотир олманглар"¸ дейишди. Нимадан эҳтиëт бўлиш кераклигини айтишмади"¸ дейди "Ўрикзор"да ишловчи савдогарлардан бири.
Озодликка маълум бўлишича¸ айни шундай текширувлар 3 июль куни Тошкентнинг "Абу Сахий" ва "Бек Барака" ва Карвон бозорларида ҳам ўтказилган.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими Тошкентнинг йирик улгуржи бозорларида "аксилтеррор машқлар" ўтказилаётгани билдирди. Шахси очиқланишини истамаган ИИВ расмийси¸ 5 июль куни "Ўрикзор" бозорининг қурилиш моллари сотиладиган қисми ҳам олдиндан режаланган амалиëт боис ëпилганини қўшимча қилди.
"Бу режа бўйича ўтказилаётган аксилтеррор машқлари. Машқлар ўтказиш учун улгуржи бозорлар танланди. У ердаги текширувлар ҳам шу машқлар доирасида ўтказилаяпти"¸ деди Ички ишлар вазирлиги мулозими.
Вазирлик ва бозор раҳбариятининг режаланган аксилтеррор машқлари ўтказилиши ҳақида савдогарларни олдиндан огоҳлантирмагани оқибатида¸ савдогарлар ва харидорлар орасида турли ваҳима тарқаган.
"Ҳар хил гаплар айтилаяпти. Кимдир “бозорда ИШИДчиларга алоқадорларни қидиришаяпти”, деса¸ бошқалар “портлатгич солинган контейнер бозор ҳудудига кириб қолган, шуни қидираяпти”, дейди. “Учёбка ўтказаяпти экан”, деган гаплар ҳам бор. Хуллас бозорнинг у тарафи ёпиқ, ҳеч кимни ўтказмаяпти", - дейди Ўрикзор бозорининг озиқ-овқат павильонида ишловчи савдогарлардан бири.
Айни пайтда "Ўрикзор" бозорининг қурилиш ва уй-рўзғор моллари сотиладиган қисми қачон очилиши номаълум. Бозор маъмурияти вакили унинг икки-уч кун ëпиқ қолиш эҳтимоли борлигини билдирди.
Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистоннинг бошқа жойларида ҳам ҳеч бир огоҳлантирувсиз аксилтеррор машқларининг ўтказилиши аҳоли орасида турли миш-мишларни келтириб чиқарган эди.