Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Урганч шаҳарларидаги олийгоҳлар талабаларининг ўқиши 20 кунга қисқартирилиб, 10 июндан таътил эълон қилинди. Эндиликда талабалар икки ҳафта ичида ҳам икки сменада ўқиб, ҳам имтиҳонларни топшириб бўлиши шарт. Расмийлар талабаларнинг эрта таътилга ҳайдалишини июнь ойида Ўзбекистонда ўтиши режаланган Шанхай ҳамкорлик саммити билан боғлаб, хавфсизлик чоралари ўлароқ изоҳлашди.
20 кун олдинга сурилган таътил
23 май куни Тошкент шаҳри, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги барча олийгоҳлар талабалари жорий йил ўқув жараёни муддатидан қарийб 20 кун аввал тугаши ҳақида огоҳлантирилди.
"Кеча институтимиздаги барча домлаларни ректоратга чақириб, 10 июнь куни ўқиш тугашини айтишибди. Домламиз мажлисдан чиқиб, бизга шуни айтди. Лекин нима учун бунақа ўзгариш бўлаётганини тушинтирмади. Юқоридан буйруқ бор деган гапни айтди холос", дейди самарқандлик талаба йигит.
Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан олинган маълумотга кўра, мамлакатнинг тўртта шаҳридаги олийгоҳлар талабаларининг ўқув жараёнига киритилган ўзгартириш вазирликнинг расмий буйруғи асосида амалга оширилаяпти.
Озодликка жўнатилган ушбу буйруқ нусхасида ёзилишича, жорий ўқув йили режаларида белгиланган барча якуний назоратлар ҳамда якуний давлат аттестация синовлари, жумладан, битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳимояларини 10 июнгача тугатилиши таъкидланган.
21 май куни имзоланган 205-сонли ҳужжатда нима сабабдан талабаларнинг таътили олдинга кўчирилаётгани сабаби очиқланмаган.
Талабалар таътилга ҳайдалишига ШҲТ саммити сабаб
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги Озодлик манбасига кўра, тўртта шаҳардаги олийгоҳлар талабаларининг таътилга эрта жўнатилиши ШҲТ саммити билан боғлиқдир:
"Биласиз ШОС саммитининг асосий қисми Тошкентда ўтади. Шунингдек, саммит иштирокчилари Бухоро, Самарқанд ва Хоразмга ҳам боришади. Шу сабаб шахсан Бош вазир Мирзиёев номидан вазирлигимизга топшириқ бўлди. Талабалар орасида бирор жанжал ёки тўполон чиқмаслиги учун эҳтиёт чораси сифатида шунга қарор қилинганини айтишди", деди вазирликдаги исмини очиқламаётганимиз манба.
Дарс соатлари қисқартирилди
Талабаларни муддатидан олдин таътилга чиқариш учун тўртта шаҳардаги барча олийгоҳларнинг ўқув жараёни графигига ўзгартириш киритилди.
Жумладан, Тошкент Тиббиёт академиясида дарс соатлари икки баробарга қисқартилди:
"Олдин бир пара 90 минут эди. Энди битта парани 45 минутга туширдилар. Ҳар куни 8та пара дарс бўлар экан энди", дейди ушбу олийгоҳда ўқиётган талаба.
Урганчдаги олийгоҳлар эса дарс соатларини қисқартириш билан ўқиш вақтини ярим соат олдинга суришди.
"Олдин бизда ўқиш эрталабки соат 9да бошланар эди. Ҳозир 8:30да бошланаяпти. 90 дақиқалик дарс соатлари эса 80 дақиқага туширилди. Ҳар куни аввалгидек, 4 пара эмас, балки 5 парадан дарс ўтилаяпти. Қайси фаннинг дарс соати тугаса, ўша фанга имтиҳон қўйилаяпти. Талабалар ўқиш билан бирга параллель имтиҳонларни ҳам топширишади. Шу билан ҳаммасини 10 июнга қадар тугатишни режалаштирганмиз", дейди Урганчдаги олийгоҳлардан бирининг мулозими.
Талабалар ҳам хурсанд ҳам ҳафа
Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали боғланган талабалар бир томондан таътил эрта бошланишидан хурсандликларини айтишди. Лекин уларга кўра, айни пайтда ўқув графигига киритилган ўзгартиришлар натижасида улар қийналиб қолаяпти:
"Бошида ҳаммамиз хурсанд бўлдик. Чунки олдинги йиллар июннинг охиригача имтиҳонлар давом этар эди. Бу йил 20 кун олдин каникулга чиқарканмиз деб қувондик. Лекин ҳозир ҳар куни 2 сменада ўқиб чарчаб қолаяпмиз. Соат 4лардан ўтиб дарс тугаяпти. Дарслар кўплигидан мия ҳам чарчар экан. Бу ўқишимизнинг сифатига ҳам салбий таъсир қилаяпти. Яна имтиҳонларга тайёрланишга ҳам вақт қолмаяпти. Имтиҳонларни пулга топширсак керак, бу кетишда", дея нолийди пойтахтдаги олйигоҳлардан бирининг талабаси Озодлик билан Фейсбук орқали боғланиб.
Талабаларнинг айтишича, таътилнинг тезлаштирилиши натижасида улар бошқа муаммоларга ҳам дуч келишаяпти:
"Бу контрактга ўқийдиган талабалар учун қийин бўлди. Чунки уларнинг кўпчилиги контракт пулини қоплаш учун дарсдан кейин ишлайди. Ҳозир эса ишлайдиган талабалар ўқиш 2 сменага ўтгани учун ишини ташлашга мажбур бўлаяпти. Нима энди шу ШҲТни деб биз вилоятдан келганларни уйимизга ҳайдаш керакми? Нима вилоятлик талабалар ШҲТ аъзоларини портлатиб юборадими?", дея шикоят қилади тармоқ орқали Озодликка боғланган талабалар.
Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Урганчдан ташқари бошқа барча шаҳарлардаги олийгоҳларда ўқиш одатдагидек июнь ойи охиригача давом этади.
ШҲТ саммити олдидан хавфсизлик кучайтирилди
Ўзбекистонда ШҲТ саммити жорий йил 23-24 июнь кунлари ўтказилиши режаланган. Кейинги қарийб бир йил давомида саммит тадбирлари ўтадиган жойларда тайёргарлик ишлари давом этаяпти.
Май ойи бошидан Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани кузатилаяпти. Пойтахт вилоятлардан келганлар ва мардикорлардан тозаланаяпти.
Тошкентда "президент трассаси"¸ қолаверса Шанхай ҳамкорлик ташкилоти президентлари автокарвони ўтадиган кўчалардаги бинолар фасади безатилмоқда.
Ушбу тадбир оқибатида тошкентлик рассомлар ўз устахоналаридан маҳрум бўлаяпти.
ШҲТ саммити арафасида нафақат рассомлар¸ балки деразаси кўчага қараган оддий шаҳарликлар ҳам ТСЖ мулозимлари хархашасини бажариш мажбуриятида қолмоқда.
ШҲТ тадбирлари арафасида биноларнинг ташқи кўринишини қайта реконструкция қилиш ишлари бошланиб, турар жой ва ташкилотлар биноларининг қорайтирилган ойналари, кондиционер ва сунъий йўлдош антенналари олдириб ташланди.
Озодлик манбасининг айтишича Нукус кўчасининг Бобур кўчасидан бошлаб Абдулла Қодирий кўчасигача бўлган ҳудуди, сўнгра Мустақиллик кўчасигача бўлган ҳудуддаги уйлар фасади пенопластдан ясалган декоратив безаклар билан қопланган.
ШҲТ учун Cadillac ва ҳашаматли дастурхонлар
23-24 май кунлари ШҲТ аъзолари бўлган давлатларнинг Ташқи ишлар
вазирлари Тошкент шаҳрида учрашди.
Бугун ижтимоий тармоқларда ушбу учрашув иштирокчилари шарафига безатилган ҳашаматли дастурхонлар акс этган суратлар тарқалди.
Жумладан, тадбирда иштирок этган Россия ТИВ вакили Мария Захарова ўзининг фейсбукдаги саҳифасида "Дастурхон шарқона бозорга ўхшайди”, дея тадбирдаги дастурхонлар суратини эълон қилди.
Тармоқларда 24 май куни тарқалган бошқа бир сурат ҳам ШҲТ тадбирлари билан боғланди.
Оқ рангдаги ўнлаб янги Cadillac автомобилларининг Тошкент кўчаларида олиб келинаётгани акс этган суратлар “ШҲТ саммити иштирокчилари учун 50та Cadillac автомобили сотиб олинган"и ҳақида хабар билан изоҳланди.
Бироқ ушбу машиналарнинг ШҲТ тадбирларига қанчалик алоқаси борлиги ҳақида Озодликда бирор маълумот йўқ.
Хитой¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо ШҲТда Афғонистон¸ Беларус¸ Эрон¸ Мўғулистон кузатувчи мақомига эга.
Туркия¸ Шри Ланка¸ Озарбайжон¸ Арманистон¸ Камбоджа ва Непал ташкилотнинг мулоқот шериклари ҳисобланади.
2015 йил июлида Уфада бўлиб ўтган сўнгги саммитда Ҳиндистон ва Покистонни Ўзбекистон раислиги даврида таашкилотга расман аъзо қилиш бўйича келишувга эришилган.