Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:54

Оқсарой музей сифатида Каримов таваллуд кунида очилиши кутилмоқда


Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг иш жойи – Тошкентдаги Оқсарой қароргоҳи – марҳум президент туғилган 30 январь куни қайта очилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳукуматидаги бир-биридан мустақил икки манба хабар қилди.

Оқсарой қароргоҳи биринчи президент музейи сифатида очилади, деди улардан бири.

Шавкат Мирзиёевнинг махсус топшириғига кўра, Оқсаройнинг баъзи хоналари музей ташрифчилари учун тайёрланмоқда, у ерга Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ турли буюм, альбом ва бошқа ашёлар қуйила бошланди,” деди у.

Яна бир манбанинг айтишича, Ислом Каримов музейини очиш маросими шу йилнинг 30 январига, яъни биринчи президентнинг туғилган кунига белгиланган.

Тайёргарлик ишларига марҳум президентнинг ишларига энг яқин бўлган кишилардан бири Зелимхон Ҳайдаров бошчилик қилмоқда,” деди айни манба.

Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этиши ортидан ташкил этилган давлат комиссияси Тошкентда Ислом Каримов хотирасига атаб хиёбон, музей ва ёдгорлик бунёд этилиши ҳақида эълон қилганди.

Ислом Каримов учун хотира музейи барпо этилиши ҳақида биринчи бўлиб унинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Каримов кабинетида
Каримов кабинетида

"​Юртимизнинг биринчи Президенти оламдан ўтганларига икки ярим ой бўлди. Отамнинг хотиралари ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида мен онам билан биргаликда Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия Фондига асос солдик. Фонд ўз олдига Ўзбекистоннинг биринчи Президенти хотирасига бағишланган музейни ташкил қилиш ва Ватанимиз мустақиллигининг асосчиси тўғрисида мақола ва асарлар нашр этишни мақсад қилиб олган," деб ёзди Лола Каримова-Тиллаева.​

Марҳум президентнинг музейи Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида барпо этилиши ҳақида ўтган йил 1 декабрда ТАСС ахборот агентлиги Ўзбекистон ҳукуматидаги бир неча манбасига таяниб хабар қилди.

Ислом Каримов ўлимидан кейин Оқсарой бир неча кунга пойтахтликлар ва пойтахт меҳмонлари учун бир неча кунга очилганди.

Озодлик манбаларига кўра, 14 декабрда президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёев иш жойи сифатида Ўзбекистон Сенати биносидан хоналар ажратиб олган ва ишга пойтахтдаги Мирзо-Улуғбек тумани Қорасув-2 мавзесидаги ўзининг ҳовли уйидан қатнаётир.

Озодликнинг ҳукуматдаги манбаларига кўра, Ислом Каримов истиқомат қилган Тошкент ташқарисидаги Кўксарой Ислом Каримов истироҳат боғига айлантиришга қарор қилинган.

"Шавкат Мирзиёев халқ учун ёпиқ бўлган бу масканларни халққа тортиқ қилишни режалаштираётгани янги президент эълон қилган Халқ билан мулоқот йили дастурларига тўла мос келади," - дейди Озодликнинг ҳукуматдаги манбаси.

Айни пайтда Ислом Каримовнинг хотини Татьяна Каримова ва иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева томонидан таъсис этилган "Ислом Каримов Фонди" иқтидорли йигит-қизларнинг хорижда таълим олишини молиялаштириш бўйича танлов эълон қилди.

"Ислом Каримов Фонди иқтидорли йигит ва қизларни Европа ва АҚШнинг нуфузли олий ўқув юртларида магистратура дастури бўйича таълим олишлари учун грантлар тақдим этиш мақсадида танлов эълон қилганлигини сизга маълум қилишдан бағоятда мамнунман," деб ёзди Лола Каримова-Тиллаева 8 декабрда ўзининг инстаграмдаги саҳифасида.

Лола Каримова-Тиллаеванинг хабар беришича, ушбу фонд Европа ва АҚШ олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида таҳсил олиш ниятида бўлган, Ўзбекистон ҳамда чет эл олийгоҳларини муваффақиятли битирган, камида битта хорижий тилни мукаммал биладиган иқтидорли ва истеъдодли йигит-қизлар орасида танлов бошлаган.

XS
SM
MD
LG