Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:48

Нотаниш аёлни итлардан қутқарган ўзбекистонликнинг ўзи нобуд бўлди (ВИДЕО)


Когонлик Олег Шушунов 19 ёшда эди.
Когонлик Олег Шушунов 19 ёшда эди.

Москва вилоятининг Истра туманида дайди итлар ҳужум қилган қизни қутқарган ўзбекистонлик 19 яшар йигит ўзи итлар қурбонига айланди. Итлар талаган аёлни қутқариб қолган Олег Шушунов бундан 4 йил олдин Бухоронинг Когонидан Подмосковьега кўчиб ўтган экан.

2018 йилнинг 11 март куни Москва вилоятининг Истра тумани Курсаково қўрғонида дайди итлар ғажиб кетган ёш йигитнинг жасади топилди.

Айнан шу вақтда маҳаллий шифохонага ит талаган яна бир маҳаллий аёл келтирилгани маълум бўлди.

Москва вилояти бўйича тергов қўмитаси расмийси иккала шахснинг Железнодорожная кўчасида итлар ҳужуми қурбони бўлганини билдирди.

- Ҳозирда дайди ҳайвонларни тутиб олиш билан шуғулланувчи хизматлар билан биргаликда текширув ва қидирув амалиётлари олиб борилмоқда.Терговчилар одамларга ҳужум қилган итлар кимга тегишли эканини аниқламоқда, деди Озодликка Москва вилоят Тергов қўмитаси расмийси Ольга Врадий.

Маҳаллий ахборот воситалари хабар қилишича, 11 март куни кечки пайт уйига қайтиб келаётган 26 яшар Кристина Исупованинг йўлини бир тўда дайди ит тўсади. Улардан қочиб қутулмоқчи бўлган аёлни итлардан бири ерга йиқитади ва қолган итлар уни талашга тушади.

Ўша ердан ўтиб кетаётган 19 яшар Олег Шушунов таёқ кўтариб келади ва итларни ҳайдашга уриниб кўради. Дод-войни эшитиб қолган одамлар келгунига қадар тўққизта ит Олегни талаб, ўлдиради.

Youtube тармоғида Олегга қилинган ҳужум видеотасвири пайдо бўлди.

Шифохонага оғир аҳволда олиб кетилган Кристина эртаси куни ўзига келади ва унинг ҳаётини ҳодиса жойида нобуд бўлган йигит қутқариб қолганини билади.

Истра полициясидан олинган маълумотга биноан, 1998 йилда туғилган Олег Шушунов бундан 4 йил олдин Бухоронинг Когон шаҳридан Истра туманига кўчиб ўтган, шу ерда мактабни битирган. Охирги йилларда квартираларни таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб келган Олег бундан бир йил олдин уйланган, бир ойдан кейин фарзанди туғилишини кутаëтган бўлган.

Айтилишича, ўзбекистонлик марҳум йигитнинг рафиқаси таниқли рус хонандаси ва композитори Юрий Лозанинг жияни.

Юрий Лоза ўзининг Фейсбук саҳифасида “У қахрамонларча ҳаракат қилди ва ўз ҳаётини унга мутлақо нотаниш бўлган одамга бағишлади”, деб ёзди.

Истра туман маъмурияти ҳодисанинг эртаси куниёқ шаҳарчадаги барча дайди итларни овлаб, ўлдирганини маълум бўлди.

Истра шаҳар Тергов қўмитаси Ўзбекистон гражданининг нобуд бўлгани юзасидан жиноят иши очди.

XS
SM
MD
LG