Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:05

ЎзЛиДепдан кўрсатилган номзод ҳокимлик кўрсатмаси билан сайловга қўйилмаганини иддао қилди


Сайловга оид карикатура. Eltuz.com
Сайловга оид карикатура. Eltuz.com

Номзоди Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз шаҳар халқ депутатлари кенгашига ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилган тадбиркор Муҳаббат Насруллаеванинг исм- фамилияси номзодлар рўйхатидан ўчирилди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган Муҳаббат Насруллаевага кўра, ЎзЛиДепнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими мулозимлари бу ўзгартириш шаҳар ҳокимлиги томонидан бўлганини иддао қилишган.

Шаҳар ҳокимининг ўринбосари буни қатъий инкор қилиб, ҳокимлик номзод кўрсатишга аралашмаслигини билдирди.

ЎзЛиДепнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими раиси Муҳаббат Насруллаева номзоди номзодлар рўйхатидан ўчирилганини аниқ изоҳлаб бера олмади.

Шаҳрисабз шаҳрида аптекаси бор тадбиркор Муҳаббат Насруллаева нима сабабдан ўз номзодини депутатликка қўйганини шундай изоҳлади:

Ҳақсизликни беморлардан кўп эшитаман бу ерда.


- Дорихонада ишлайман, беморлар билан мулоқотда бўламан. Масалан, пахта теримига чиқиб соғлиғини йўқотган бир одам келди. Ҳокимлик пахта терсанг уй қуриш учун икки сотих ер бераман, деб ваъда берган экан. 72 кун тинмай иссиғу-совуққа қарамай пахта терибди. Лекин бир йилдан буён ер ололмаяпти экан. Ҳақсизликни беморлардан кўп эшитаман бу ерда.

Тадбиркор уни депутат бўлишга ундаган иккинчи муаммо ҳақида шундай деди:

Аҳвол шу даражага келдики, барча ҳомиладор аёлларга мияга таъсир қилувчи Цитиколин дорисини ёзиб бермоқда.


- Иккинчи асосий муаммо ўз касбим ва инсонларнинг саломатлиги билан боғлиқ. Касалхонада аҳвол қанақа? Дориларни фирма врачларга таклиф қилади ва улар диагнози тўғри келмаса ҳам шу дориларни касалларга ёзиб бераверади. Лекин аҳвол шу даражага келдики, барча ҳомиладор аёлларга мияга таъсир қилувчи Цитиколин дорисини ёзиб бермоқда. Фирмани эгаси келадида, менга, мана бу дориларни духтурлар билан гаплашдим, дорихонангизга тушириб беринг, деб илтимос қилади. Уларнинг ўзаро манфаатдорлиги борлиги эса бор нарса. Ахир бу мумкин эмаску, десам, духтурлар билан гаплашдим, бўлади экан, дейди. Ҳомиладорларга ёзиляпти, янги туғилган чақалоқларга ёзиляпти. Буларни кўриб чидай олмадим. Бош врачга бориб айтсам, сен кимсан ўзи, дейди. Депутат бўлсам, ҳеч бўлмаса ўз шаҳар ва туманимизда бу каби ҳақсизликларга чек қўярдим балки, деб ўйлагандим.

Муҳаббат Насруллаева жорий йилнинг апрель ойида ЎзЛиДепга аъзо бўлади ва унинг номзоди ЎзЛиДепнинг Шаҳрисабз шаҳар кенгаши йиғилишида кўрсатилади.

У эса, опа биласизку, тушунасизку, катталар ҳал қилади дейишдан бошқа гапга ўтмади.


- 22-Файзобод округидан депутатликка номзодим қўйилган эди, аммо "Кеш" газетасида чоп этилган рўйхатда исм-фамилиям йўқлигини кўриб, Шаҳрисабз шаҳар кенгашига телефон қилдим. Фазлиддин деган йигит олиб, тавсия қилганимиз росту, лекин ҳокимиятдан тушириб қолдиришибди, деди. Ҳокимиятга бориб айтилган мулозим билан учрашдим, у тан олмади. Яна қайтиб, Фазлиддиннинг олдига келдим. У эса, опа биласизку, тушунасизку, катталар ҳал қилади дейишдан бошқа гапга ўтмади. ЎзЛиДеПнинг Шаҳрисабз шаҳар кенгаши сайловга 6 кун қолганда техник хатолик бўлиб, менинг номзодим ўрнига бошқаники киритилганини айтди.

ЎзЛиДепнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими раиси Фазлиддин Ражабов, Муҳаббат Насруллаеванинг номзоди рўйхатга олинганини тасдиқлар экан, унинг нима сабабдан рўйхатдан тушириб қолдирилганини аниқ айтиб беролмади:

- Биз ўзимиз ҳам шунга аниқлик киритишга ҳаракат қиляпмиз, лекин бизга ҳам ҳеч қанақа аниқ маълумот берилмаяпти. Аниқлаштириб, аниқ маълумотни опага айтамиз.

Шаҳрисабз тумани ҳокимининг ўринбосари Азамат Султонов, ҳокимликнинг номзодларни танлаш ишига аралашишини инкор қилди:

- Партиянинг ходимлари ёшлик қилиб шундай дейишгандир. Лекин опанинг ўзига айтдим. Ҳокимлик бу ишларга аралашмаган ва аралашмайди ҳам. Партиянинг ўзи билан ҳал қилинг, дедим. Ҳокимликни партия номзодини кўрсатишга ҳаққи йўқ, деди Шаҳрисабз тумани ҳокимининг ўринбосари Азамат Султонов.

Марказий сайлов комиссияси 2019 йил 20 сентябрдан сайлов кампанияси бошланганини эълон қилди.

2019 йилнинг 22 декабри - Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни, деб белгиланди.

Марказий сайлов комиссияси 20 миллиондан ортиқ сайловчи рўйхатга олинганини билдирди.

Бу йилги сайловлар илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Кодексга биноан эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.

XS
SM
MD
LG