Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:14

"Пинакка кетган" Ташқи ишлар вазирлиги - Узнет Лукашенконинг навбатдаги баёноти ҳақида


Аксар блогер ва фойдаланувчилар Ғарб аллақачон президент сифатида тан олмай қўйган Лукашенкони шунчаки, Беларус фуқароси деб аташни маъқул кўришган.
Аксар блогер ва фойдаланувчилар Ғарб аллақачон президент сифатида тан олмай қўйган Лукашенкони шунчаки, Беларус фуқароси деб аташни маъқул кўришган.

Беларус президенти Александр Лукашенко Кремлнинг яловбардор пропагандачиси деб таърифланадиган Владимир Соловьёв билан суҳбатда МДҲ давлатлари, жумладан, Ўзбекистон суверенитетини савол остида қолдирувчи иттифоқ тузилишидан баҳс этди.

Ушбу фараз-тусмолга кўра, Россия ва Беларус иштирокидаги Иттифоққа 15 йил ичида Қозоғистон, Украина, Арманистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам қўшилади, ягона армия тузилиб, умумий пул бирлиги жорий этилади.

Ғарб аллақачон давлат раҳбари ўлароқ тан олмай қўйган Лукашенконинг баҳсли-низоли баёноти ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида яна бир долғани келтириб чиқарди.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев икки суҳбатдошни "маҳалла бошида ўтирволиб, ўтган-кетганни муҳокама қилиб ўтирадиган лақма кампирлар"га ўхшатди.

"Аҳа, ёқмай қолсин. Гап янги СССР ҳақида кетмоқда! Бу – Россиянинг азалий орзуси-ку! Россия ва Беларусь шахсий жунни аралаштириб юбормаяптими, мабодо?” – дея киноя қилади Х.Худойбердиев.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Кремль Лукашенко воситасида “мустақилликни эсдан чиқар, геосиёсатда барибир бизнинг измимизда бўласан” деган муждани йўлламоқда, деб ҳисоблайди.

“Лукашенконинг баёнотидан билиш мумкинки, Кремлда собиқ Иттифоқни янги форматда қайта тузиш борасида яхши ўйланган лойиҳалар мавжуд. Евроосиё иқтисодий иттифоқи – иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти эмаслиги, геосиёсий назорат ва бошқаларга геосиёсий қарши туриш лойиҳаси экани олдиндан маълум эди. Лекин Лукашенконинг охирги баёнотлари расмий Тошкентга ўта жиддий сигнал бўлиши керак. Иллюзияларга, ўзини юпатишга мутлақ ўрин қолмади”, – дейди К.Раббимов.

“Бетакаллуф фикрлари билан атайин арининг инига чўп суқиб кўраётган” Лукашенкони аксар блогер ва фойдаланувчилар президент эмас, шунчаки Беларус фуқароси деб аташни маъқул кўраётир.

“Беларус фуқароси Лукашенко яна провокация қилишни бошлабди. Ўзи умуман олганда, уни Белоруссия номидан гапиришга ҳам, иш олиб беришга ҳам ҳаққи йўқ. Халқи ҳам, халқаро ҳамжамият ҳам деярли тан олмаган. Камига, ўзининг тутруқсиз гаплари билан оз сонли ҳамкорларини йўқотмоқда”, – деб ёзади блогер Mufasa.

Жамоатчилик Ўзбекистон суверенитетига таҳдид солувчи баёнотлар жавобсиз қолаётгани сабаб “пинакка кетган” Ташқи ишлар вазирлигини уйғонишга чорламоқда.

“Доимгидек сукут сақлаймиз. “Норозилик нотаси” деган тушунча луғатимизда йўқ”, – дейди фойдаланувчилардан бири. “Соқовлар қачон тилга киради?!” – дея фиғони фалакка чиқади бошқа бири.
“Қачонгача “батька” мустақиллигимизни таҳқирловчи, камситувчи, бизнинг давлатчилигимизга таҳдид бўлган бу каби сўзларини айтаверади ва биз жим ўтираверамиз? Ташқи ишлар вазирлиги, алёёё?! Нимадир қиласизларми ё бўйнимизни эгиб, сукут аломати ризо деб ўтираверамизми? ...Ишонч керак эртамизга, мустақиллигимиз бардавомлигига. Беринглар шу ишончни, муносиб дипломатик жавоб қайтаринглар бу одамга!”
– деб ёзади блогер ва Адлия вазирининг маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова.

Таҳлилчи Баҳодир Ғаниев аксар зиёлилардан бошқачароқ фикрда. Унга кўра, ички муаммолар ва Ғарб босими билан андармон бўлиб қолган Россия яқин 10 йилда Ўзбекистонга дахл қила олмайди; агар Ўзбекистонни ўз таркибига қўшмоқчи бўлса, “ҳазм” қилолмай бўкиб қолиши, ўзи ҳам парчаланиб кетиши мумкин. Шунга кўра у расмий Тошкентга Кремль билан “лўлининг эшагини суғориб, пулини ол” қабилида сиёсат юритишни тавсия этади.

“Руслар билан сиёсатда шахмат ўйнашга мажбур бўлсак-да (иқтисодий жиҳатдан, минг афсус, уларга боғлиқ жойларимиз кўп), мот қилишларига қўймаслигимиз керак... Тегишли хулоса қилган, огоҳ ҳолда, ўйлайманки, ўз манфаатимиз бор йўналишда руслар билан ҳамкорликни кучайтириб боравериш керак. Россия бу – эгаллашимиз керак бўлган бозор”, – дейди Б.Ғаниев.

Аксар фойдаланувчилар Лукашенкони сурбетларча таҳдидда айблаб, суверен мамлакат хусусида “валақлаш”ни бас қилишга чақирган.

Лукашенко Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг 10 январь кунги анжуманида Қозоғистондаги ғалаёнлардан “энг аввало Ўзбекистон сабоқ чиқариши керак”лигини уқтирган эди. Орадан уч кун ўтиб, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Шавкат Мирзиёев ҳамкасбининг огоҳлантиришини “асоссиз” деб атаган.

XS
SM
MD
LG