Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:57

“Вагнер” сафида Украина урушида қатнашган яна бир қирғиз ҳалок бўлгани маълум қилинди


Эрлан Эрмеков Украина урушида 6 февраль куни ҳалок бўлган.
Эрлан Эрмеков Украина урушида 6 февраль куни ҳалок бўлган.

Россия қамоқхонасидаги маҳкумлар орасида “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати орқали Украинага урушга юборилган яна бир қирғизистонлик ҳалок бўлди. Бу сўнгги бир ойда жамоатчиликка ошкор бўлган тўртинчи ҳолатдир.

Шу сабабли баъзи ота-оналар, қирғиз ҳукуматидан Россия қамоқхоналарида ўтирган фарзандларини Қирғизистонга кўчириш масаласида ёрдам сўрмоқда.

Айни дамда, Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётганлар ўз яқинларига сўнгги ойларда ўзларига нисбатан муносабат ёмон тарафга ўзгаргани, қийин шароитга чидамаганлар урушга боришга рози бўлиши мумкинлигини айтган.

Шу ой бошларида Озодликнинг қирғиз хизмати Россияда тўққиз йилга ҳукм қилинган қирғизистонлик, 30 ёшли Эрлан Эрмеков “Вангер” хусусий ҳарбий ширкати орқали урушга жалб қилингани ҳақида хабар берганди. Унинг урушга кетганига 4 ойча бўлган.

20 февраль куни "Вагнер" ходимлари Гулнара Закировага ёлғиз фарзандидан ажралгани тўғрисидаги совуқ хабарни етказган.

“Мен бугун боламнинг ўлганини эшитдим. Ўғлим 6 февралда ўлган экан, ҳозир айтишди. Бошқа болаларни қутқариб қолишга ҳаракат қилинглар. Қамоқдаги бошқа болаларни урушга жўнатмаслик керак. Ёлғиз боламдан айрилдим, ҳеч бир она мен каби йиғламасин”, дейди Гулнора Закирова.

30 ёшли Эрлан Эрмеков 2014 йилда “талончилик” ва “зўрлаш”да айбланиб судланган эди. Онасининг сўзларига кўра, жиноят 6 май куни содир этилган, бироқ Эрлан воқеадан бир ой ўтиб, 30 май куни Москвага борган. Она аввалига ўғлининг бу жиноятга алоқаси йўқлигини исботлашга, сўнгра уни Қирғизистон қамоқхонасига кўчиришга ҳаракат қилган. Аммо бу урунишлари натижа бермаган.

Эрлан сўнгги бир ойда Украинадаги урушда ҳалок бўлган тўртинчи қирғизистонликдир. Уларнинг барчаси Россия қамоқларида жазо муддатларини ўтаётган эдилар. Улар Россия фуқароси бўлмаган.

15 февраль куни Россиядаги “Вагнер” қўшини сафида Украинага урушга кетган Замир Чўлўевнинг жасади Чуй вилоятининг Ленин қишлоғида дафн этилди. Татаристонда тўрт йилдан бери қамоқда ўтирган йигит 35 ёшга тўлмаган эди. Туғилган кунига бир ҳафта қолганида ота-онасининг уйига ўғлининг жасади солинган темир тобут келди.

22 январь куни Россияда қамоқда ўтирган 30 ёшли Аян Алишеров Украинадаги урушда ҳалок бўлгани маълум бўлди. Онасига келган “қора хат”да унинг 24 ноябрь куни Украинанинг Бахмут шаҳри яқинидаги жангда ҳалок бўлгани айтилган. Аяннинг яқинлари унинг Украинага урушга кетганини ҳам билмаган.

Январь ойи охирида Россияда қамоқ жазосини ўтаётиб, Украинадаги урушга жалб қилинган яна бир Қирғизистон фуқароси Янгибой Раҳимовнинг жасади дафн этилгани маълум бўлганди. У Ўзган туманига қарашли Ўзгариш қишлоғидан бўлган. Унинг ортида онаси, хотини ва икки фарзанди қолди.

Эрлан Эрмеков эса Украинага кетаётганда яқинларига уларнинг гуруҳида 180 киши, жумладан, қирғизлар ҳам борлигини айтган.

"Вагнер" орқали кетганлар олти ойлик шартномани имзолаган. Унга мувофиқ, бу муддат тугамагунча урушни тарк этиша олмайди. Урушдан омон қолганларга, агар истаса, Россия фуқаролигини олиши ва суд ҳукми бекор қилиниши ваъда қилинган.

Эрлан “Вагнер” билан шартнома тузаётганда онасига ишончнома қолдирган. Шартнома бўйича урушнинг биринчи ойида 100 минг рубль, кейинги ойларда эса 200 минг рублдан онасига юбориб турилган.

Қирғизистон парламенти шу йил 8 февралдаги йиғилишида Россия қамоқхоналарида сақланаётган Қирғизистон фуқароларини Украинадаги урушга жўнатилаётгани масаласини муҳокама қилган эди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Россиянинг 79 қамоқхонасида 1077 нафар Қирғизистон фуқароси жазо ўтаяпти.

Баҳорда “Вагнер” ширкати Россиядаги маҳкумлар билан Украина урушида қатнашиш тўғрисида шартномалар имзолаётгани маълум бўлган. Россия қамоқхоналаридаги қирғизистонлик маҳбуслар ҳам “Озодлик”радиоси қирғиз хизматига “Вагнерчилар” қамоқхоналарга бориб, сафига қўшилишга тарғиб қилаётганини тасдиқлаган. Қирғизистон фуқаросидан қанчаси уларга қўшилгани номаълум.

27 январда АҚШ “Вагнер”ни трансмиллий жиноий ташкилотлар рўйхатига қўшди ва компаниянинг Россиядаги вакилларига нисбатан янги санкциялар киритди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Россия қамоқхоналарида мингдан ортиқ Қирғизистон фуқароси бор ва уларнинг аксарияти гиёҳванд моддалар сақлагани учун ҳибсга олинган.

Россия Украинага ўтган йилнинг 24 февралида ҳужум қилган. Қирғизистон икки давлат ўртасидаги воқеа юзасидан бетараф позицияни сақлаб келмоқда.

Қирғизистон Жиноят кодексининг 375-моддасида чет элдаги урушлар ёки ҳарбий можароларга таклиф қилиш, уюштириш, молиялаштириш, жалб қилиш ёки унда ёлланма қатори қатнашганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Россия қамоқхоналарида ўтирган Қирғизистон фуқароларидан ташқари Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам “Вагнер” тузоғига тушаётгани кузатилади.

Украинада ўлган маҳбусларнинг жасадолари бу мамлакатларга ҳам қайтарилмоқда.

Масалан, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига Украинанинг жанг майдонида вафот этгани айтилган икки ўзбекистонликнинг жасади келган.

Озодликнинг аниқлашича, бири 26 яшар Бобур Абдумўминов, ҳамда 24 яшар Шаҳриёр Жалоловнинг тобути 19 январь куни Россиядан олиб келинган ва шошилинч равишда дафн қилинган.

Бу Украинадаги жангларда ўлди, деган ҳужжатлар билан уйига тобути йўлланган ва Озодлик шахсини тасдиқлашга муваффақ бўлган илк ўзбекистонликлардир.

Айни пайтда Озодлик, сўнгги ҳафталарда тобути келтирилган яна бир неча ўзбекистонликнинг шахсини тасдиқлашга уринмоқда.
Айни дамда Ўзбекистон фуқаролари ҳориждаги жангларда иштирок этишигина эмас, ҳарбий хизматларда ишлаши ҳам таъқиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.

Шу ой бошларида Украинадаги урушда вафот этган Марказий осиёликлардан яна бири, тожикистонлик Мақсад Қурбонов. У ҳисоб бўйича Украинадаги жангларда иштирок этиш учун ёнланган ва вафот этган олтинчи тожикистонлик махбус бўлди.

Форум

XS
SM
MD
LG