Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:23

Ҳолландиянинг ING банки ҳам Ўзбекистондаги пора жанжалига алоқадор бўлиб чиқди


Ҳолландиянинг бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган энг йирик халқаро банкларидан бири – ING молия корпорацияси Ўзбекистондаги коррупция жанжали юзасидан давом этаëтган халқаро тергов марказига тушган навбатдаги Ғарб ширкати бўлди.

Ҳолландия прокуратураси маълум қилади...

Ҳолландия прокуратураси 22 март куни ING корпорациясининг Ўзбекистондаги пул ювиш ва коррупция амалиëтларига алоқадорлиги юзасидан бораëтган жиноий иш банк учун катта миқдордаги жарима билан якунланиши мумкинлигини эълон қилди.

Ҳолландия прокуратураси матбуот котиби Marieke van der Molen Озодлик билан 23 март кунги микрофонсиз суҳбатда мамлакатдаги йирик молия корпорациясининг жиддий молиявий жиноятларда гумонланаëтганини билдирди.

"Молиявий фирибгарлик ва пул ювишга қарши курашувчи Ҳолландия Солиқ идораси (The FIOD) ING Bank N.V.га қарши жиноий иш қўзғади. Ҳозирда бу ишга Ҳолландия Бош прокуратурасининг кенг кўламли фирибгарликлар билан кураш бўйича мутахассислари раҳбарлик қилмоқда.

ING банки икки жиноятда: шубҳали пул ўтказишлар ҳақида маълумот бермаганлик ëки ўз вақтида маълумот бермаганлик ва ўз мижозлари билан шартнома тузишда тегишли текширувларни амалга оширмаганликда гумонланмоқда. Ҳолландия қонунлари (WWFT) га кўра¸ ҳар бир банк бу иккала талабга қатъий амал қилмоғи лозим.

Бу қонуний чораларни қўлламаганлик орқасидан ING банки халқаро коррупция ва пул ювиш операцияларини амалга оширишни осонлаштирганликда шубҳа қилинмоқда.

Жиноий иш Vimpelcom ширкатининг Ўзбекистон ҳукуматидаги расмийга қарашли ширкатга шубҳали тўловларни ўтказганини ҳам ўз ичига олади. Тергов давом этаëтгани боис¸ бундан ортиқ маълумотни жамоатчиликка ошкор қила олмаймиз"¸ дейилади Ҳолландия Бош прокуратураси матбуот котиби Marieke van der Molenнинг Озодлик саволларига йўллаган ëзма жавобида.

Халқаро терговдаги янги иш

ING банки бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган VimpelCom телекоммуникация ширкатининг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан бораëтган тергов доирасида прокурорлар назарига тушди.

ING учун қимматга тушаëтган 184 миллион долларнинг Гулнора Каримовага яқин шахслар¸ хусусан¸ унинг шахсий ëрдамчиси бўлган Гаяне Авакянга оид оффшор ширкати ҳисобига ўтказилгани тахмин қилинмоқда.
ING учун қимматга тушаëтган 184 миллион долларнинг Гулнора Каримовага яқин шахслар¸ хусусан¸ унинг шахсий ëрдамчиси бўлган Гаяне Авакянга оид оффшор ширкати ҳисобига ўтказилгани тахмин қилинмоқда.

Айтилишича¸ VimpelCom ширкати айнан ING банки орқали Ўзбекистон юқори раҳбариятига алоқадор шахсга оид ширкатга 184 миллион доллар пул ўтказган. Прокуратура расмийси¸ бу пулларнинг марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишлилиги¸ ëки гап бошқа расмийлар ҳақида бораëтгани борасидаги Озодлик саволига аниқ жавоб бермади. Аммо Ғарб матбуоти¸ Ҳолландия прокуратураси олиб бораëтган терговнинг ҳам айнан Гулнора Каримова билан боғлиқ эканини тахмин қилмоқда.

ING амалга оширган "шубҳали пул ўтказиш"¸ АҚШ прокуратурасининг VimpelCom ширкатининг Ўзбекистондаги фаолиятига оид тергови давомида назарга тушган ва бу амалиëт 2016 йил февралида мазкур ишни кўриб чиқишни бошлаган Ню Йорк суди ҳужжатлари орқали жамоатчиликка ошкор этилган.

Шундан сўнг Ҳолландия прокуратураси ING банкининг бу олди-бердидаги алоқасини тафтиш қилиш учун ўз махсус терговини бошлаган.

АҚШ маҳкамаси ҳужжатларида қайд этилишича¸ марҳум президентга алоқадор шахс (Гулнора Каримова – таҳр.) нинг турли қобиқ (shell) ширкатларига ўтказилган жами пора миқдори 850 миллионни ташкил этган.

Акциялари АҚШ қимматбаҳо қоғозлар бозорида сотувга қўйиладиган VimpelCom ширкати Ўзбекистондаги коррупция жанжали билан боғлиқ ишда Адлия вазирлиги билан судгача келишувга эришди ва 2016 йил февралида бу жанжални босди-босди қилиш учун 795 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлди.

Айни пайтда¸ АҚШ маҳкамаси қарори олдидан Ўзбекистондаги пул ювишга алоқадор деб шубҳа қилинаëтган бир миллиард долларга яқин пул музлатиб қўйилган. Бу пулларнинг Европа телеком ширкатлари томонидан Гулнора Каримовага алоқадор шахслар ва уларнинг оффшор ширкатлари ҳисобига ўтказилгани айтилмоқда.

Ҳозирча АҚШ ва Ўзбекистон Адлия вазирликлари ўртасида бу масалада олиб борилган музокараларнинг қандай якун топганига оид маълумот жамоатчиликка эълон қилинмади.

INGга қимматга тушаëтган "операция"

ING корпорацияси матбуот котиби Raymond Vermeulen матбуотга тергов жараëни бораëтганини тасдиқлади¸ бироқ бу борада бирор изоҳ беришдан бош тортди. Банк вакили шунингдек¸ ING АҚШ тергови билан ҳам ҳамкорлик қилаëтганини билдирди.

Банк сўнгги йиллик ҳисоботида¸ "ING Ҳолландия ҳуқуқ тизимларининг янги мижозларни қабул қилиш¸ пул ювиш ва коррупцияга оид турли сўровлари билан боғлиқ жиноий текширув объектидир”¸ дейилади.

Ҳолландия миллий ранги саналган – зарғалдоқ рангли шер логотипи билан дунëнинг аксар мамлакатларида танилган ING корпорациясининг Ўзбекистондаги пора ва пул ювишга алоқадорлиги ошкор бўлиши ортидан¸ корпорация акциялари чоршанба куни 5.7 фоизга тушиб кетди.

Таҳлилчилар¸ бу терговларнинг банк учун катта жарима билан тугаш эҳтимоли бозорда асабийлик уйғотганини айтмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги томонидан Куба¸ Эрон ва яна бошқа давлатларга нисбатан жорий этилган санкцияларга риоя қилмаганликда айбланган ING корпорацияси 2012 йилда 619 миллион долларлик жаримага тортилган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG