Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:35

Сўнгги чорак асрда иккинчи ўзбекистонлик "вор в законе"га айланди


Ахтам Самаркандский (чапда), Равшан Золотой ва Лоту Гули
Ахтам Самаркандский (чапда), Равшан Золотой ва Лоту Гули

12 апрелда Истанбулнинг Фотиҳ тумани, Оқсарой мавзесида жиноят оламининг "юқори мартабали" ўнлаб вакиллари - "вор"ларнинг ёпиқ учрашуви – "сходка"сида ўзбекистонлик Ахтам Самаркандский лақабли Ахтам Ёқубовга "вор в законе" "унвони" берилди.

Ахтам Самаркандский Бахти Ташкентский лақабли Бахтиëр Қудратиллаевдан кейин 22 йил ўтиб, "вор в законе" рутбасига лойиқ топилган иккинчи ўзбекистонликдир.

Сходка тафсилотидан воқиф бўлган бир-биридан мустақил икки шахс: сходкага бевосита алоқадор криминал авторитет ҳамда жиноят оламига яқин россиялик тадбиркорнинг Озодликка аноним тарзда маълум қилишларича, унда қатнашган ўғрибошилар якдиллик билан жиноят оламининг самарқандлик вакилини "вор в законе" дея эътироф этганлар.

("вор в законе" - жиноятчилар орасида катта обрў-эътибор қозонган шахсга жиноят олами элитаси вакиллари томонидан бериладиган унвон. “Вор в законе” фақат собиқ Совет Иттифоқи ҳудудига тааллуқли воқеликдир – Озодлик изоҳи)

42 яшар Ахтам Ёқубов умрининг қарийб 17 йилини Бирлашган Араб Амирликларида панжара ортида ўтказган.

"Истисно тариқасида"

Истанбулдаги йиғилиш тафсилотидан хабардор жиноят олами вакилининг Озодликка айтишича, унда собиқ Совет Иттифоқининг турли республикаларидан бўлган "вор в законе" рутбасидаги криминал авторитетларнинг 15 нафари иштирок этган, яна ўнлаб ўғрибошилар йиғилишда телефон орқали қатнашганлар.

Сходка Гуржистоннинг Кутаиси шаҳридан бўлган "вор в законе", 64 яшар Темури Немсицверидзенинг (лақаби Црипа) ташаббуси билан ўтказилган, унга 58 яшар "вор в законе" Давид Чхиквишвили (лақаби Дато Сургутский) бошловчилик қилган.

"Сходкада Лаша Питерский, Рома Батумский, Жонни Кутаиский, Дато Сургутский, Алеко Шошия (Тимур Чурадзе) ва бошқа ўғрилар қатнашди. Сходкага Црипа инициатор бўлди, унга Дато Сургутский ведушчийлик қилди," деди Озодлик суҳбатдоши.

Ахтам Самаркандскийга "ўғри тожи"ни кийдириш маросими "вор в законе" унвонини беришни жиноят олами катталари музлатиб қўйган бир пайтга тўғри келмоқда.

МДҲга аъзо давлатлардаги жиноятчилар ҳақида тадқиқот олиб борувчи ва хавфсизлик юзасидан исми ошкор бўлишини истамаган москвалик таҳлилчининг 15 апрель куни айтишича, ўғрилар оиласи қарийб тўрт ярим йилдан буён янгиланмай келаётган эди.

"2014 йил октябрида Россияга Испаниядан қайтган Шакро Молодой (“вор в законе” Захарий Калашов – Озодлик изоҳи) ўғрилар олами вакилларига амалда тож кийдиришни музлатиб қўйди. Бундай қадамга у жиноят оламида зиддиятларни бартараф этиш ва ўғриларга ҳокимият босимини камайтириш мақсадида борганди. Ўғрилар дунёсида ниҳоятда катта обрўга эга Шакро Молодойнинг бу буйруғига деярли тўрт ярим йил сўзсиз бўйсунишди. Аммо, вазият, афтидан, ҳозир ўзгараётганга ўхшайди",- деди таҳлилчи.

Cходкага бевосита алоқадор криминал авторитет эса, Озодликка Шакро Молодойдан "добро" олингандан кейингина Темури Немсицверидзе Ахтам Самаркандскийга "истисно тариқасида" ўғри унвони берилганини билдирди:

Црипа истисно тариқасида Ахтамнинг ёшини ва ўтирган 16,5 йил срогини инобатга олиб, ўғрилар расм-русмлари рамкасида короновать қилди”.

Ўғрибошилар розилиги

Озодлик суҳбатдошларига кўра, Истанбулдаги сходкага Интернет орқали боғланган ўнлаб ўғрибошилар, жумладан ўрта осиёлик ва кавказлик авторитетлар Ахтам Самаркандский номзодини қўллаб фикр билдирганлар.

Сходка пайтида унга Тango мессенжери орқали Қирғизистоннинг Иссиқкўл минтақасидан Коля Қирғиз лақабли Қамчи Кўлбоев ва Бирлашган Араб Амирликларидан Лоту Гули лақабли озарбайжонлик "вор в законе" Надир Салифов скайп орқали алоқага чиқиб, Ахтам Ёқубовга "ўғри тожи"ни кийдириш ташаббусини қўллаб- қувватлаганлар.

Ўғрибошилар йиғинида Ўзбекистонда ҳозиргача ягона "вор в законе" Бахти Ташкентский лақабли 47 яшар Бахтиëр Қудратиллаев қатнашмаган.

Бироқ, жиноят оламидаги авторитетнинг айтишича, сходкадан бир мунча аввал Бахти Ташкентский Ўзбекистонда яна бир "вор в законе" пайдо бўлишига эътирози йўқлигини билдирган.

Ахтам Самаркандский

Ахтам Самаркандский қарийб 17 йил умрини панжаралар ортида ўтказди
Ахтам Самаркандский қарийб 17 йил умрини панжаралар ортида ўтказди

1976 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган Ахтам Ёқубов ўтмиши ҳақида маълумот кўп эмас.

Озодлик Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида узоқ йиллар ишлаган ва 2018 йилда истеъфога чиққан полковник ҳамда Истанбулдаги сходка ҳақида маълумот берган икки манбадан Ахтам Ёқубов ҳақида қуйидагиларни аниқлашга муваффақ бўлди:

  • Ахтам Ёқубов 1998 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўзбек аёлларини фоҳишаликка мажбурлаган аёл ва унинг тан қўриқчисини ўлдиришда айбдор деб топилиб, дастлаб бир умрга озодликдан маҳрум этилган, сўнгра мазкур жазо 25 йилга ўзгартирилган;
  • Дубай қамоқхонасида эканлигида 12 йил давомида турли миллат вакилларидан иборат маҳкумларга "смотряшчий" бўлган;
  • Қамоқдалигида - 2013 йили - тошкентлик Равшан Золотой лақабли Равшан Муҳиддинов билан учрашган;
  • Равшан Муҳиддинов воситасида ўғрилар оламининг етакчи вакиллари билан танишган;
  • Ахтам Ёқубов жазо муддатининг учдан икки қисмини адо этгач, 2015 йил охирида озодликка чиққан ва Равшан Муҳиддинов кўмагида Туркиянинг Истанбул шаҳрига келган.

Истеъфодаги полковник, шунингдек, Ахтам Самаркандскийнинг ўғрилар оламида танилиши ва "вор в законе" рутбасини олишида Дубайдаги қамоқхонада дўстига айланган Равшан Золотойнинг роли катта бўлганини билдирди.

Равшан Золотой

Ахтам Самаркандскийнинг "вор в законе"га айланишида Равшан Золотойнинг роли катта бўлгани айтилади
Ахтам Самаркандскийнинг "вор в законе"га айланишида Равшан Золотойнинг роли катта бўлгани айтилади

Озодлик Равшан Муҳиддинов ҳақида унинг танишларидан ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида узоқ йиллар ишлаган истеъфодаги полковникдан қуйидагиларни аниқлади:

  • 1989 йилда Тошкентда туғилган Равшан Муҳиддинов ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг жиянидир;
  • Ёшлигида сочи малла бўлгани учун дўстлари орасида Равшан Золотой лақабини олган;
  • 2007 йилда 18 ёшда бўлган Равшан Муҳиддинов Жиноят Кодексининг 242- моддаси бўйича (Уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга бевосита раҳбарлик қилиш) айбланиб, қидирувга берилган;
  • 2009 йил сентябрда Интерпол орқали қидирувга берилган Равшан Муҳиддинов Туркиянинг Истанбул шаҳрида Отатурк аэропортида ҳибсга олинган;
  • Ҳибсга олинганидан сўнг 3 йил давомида Истанбулдаги Молтепа қамоқхонасида сақланган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган;
  • 2013 йил октябрда Бирлашган Араб Амирликларида такроран ҳибсга олинган;
  • 2013 йил декабрига қадар Дубайдаги Ал-Авир қамоқхонасида ушлаб турилган ва Ўзбекистон томони илгари сурган айбловлар ўз исботини топмагани учун озод этилган.

"Биродарлик халқаси"

Истеъфодаги полковникнинг иддао қилишича, Равшан Муҳиддинов 2013 йил ёзида уюшган жиноий гуруҳ сифатида танилган "Биродарлик халқаси"нинг ("Братский круг") етакчи аъзоларидан бирига айланди.

Бунга, зобитнинг таъкидлашича, 2013 йил апрель ойида "ўғрилар назарида кўрсатган жасорати" сабаб бўлганди.

2006 йилда Қирғизистонда парламент депутатини ўлдирганликда айбланиб 17 йилга қамалган "вор в законе" Азиз Батукаев 2013 йил 8 апрель куни Норин қамоқхонасидан озод қилинди ва орадан бир кун ўтиб махсус учоқда Бишкекнинг Манас аэропортидан Чеченистонга учиб кетди.

"Вор в законе" Азиз Батукаевнинг қамоқдан муддатидан олдин бўшатилиши ва сирли равишда Қирғизистонни тарк этиши Бишкек сиёсий доираларида катта жанжални келтириб чиқарди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида узоқ йиллар ишлаган полковникнинг айтишича, Азиз Батукаевни Қирғизистондан олиб чиқиб кетиш "амалиётига бошидан охиригача" ўзбекистонлик Равшан Муҳиддинов бошчилик қилганди.

Озодлик қирғиз хизмати томонидан тайёрланган "Батукаевга ким йўл очди?" номли махсус кўрсатувда жиноий авторитетнинг Қирғизистондан чиқиб кетиши ҳақида ҳикоя қилинган.

Истеъфодаги полковникнинг маълум қилишича, 2013 йил, 9 апрель оқшомида Манас аэропортининг VIP-залидан "Челленжер-300" хусусий учоғига Азиз Батукаев ва яқинлари билан бирга Бишкекка айни учоқда учиб келган Туркия ватандоши Муҳидин ўғли Рузен минганини билдирди.

"Бу турк фуқароси асли тошкентлик Равшан Муҳиддинов эди. Бу иши билан Равшаннинг ўғрилар дунёсидаги обрўси янада ошди", - деди у.

Истеъфодаги полковник сўзлари исботи сифатида VIP-залидан чиққанлар орасида Равшан Муҳиддиновнинг борлигини исботловчи ҳужжат ва унинг Батукаев билан бирга чиқиб кетаётгани акс этган суратни йўллади.

Манас аэропортидан Азиз Батукаев Равшан Золотой (орқада) ҳамроҳлигида чиқиб кетмоқда
Манас аэропортидан Азиз Батукаев Равшан Золотой (орқада) ҳамроҳлигида чиқиб кетмоқда

Ушбу суратдаги шахснинг полковник даъво қилаётган Равшан Муҳиддинов бўлганини Равшан Муҳиддиновнинг яқин танишлари ҳам тасдиқлашди.

Орадан икки ой ўтиб, истеъфодаги полковник иддаосига кўра, Дубайда ўғрилар дунёсининг хуфя йиғинида Равшан Муҳиддинов "Биродарлик халқаси"нинг етакчи аъзоларидан бирига айланди.

Аммо, Озодлик ихтиёрида зобитнинг бу иддаоларини тасдиқловчи ёки инкор этувчи далиллар йўқ.

Бахти Ташкентский ва Ахтам Самаркандский тандеми?

2019 йилнинг 12 апрелида Ахтам Самаркандский охирги 22 йил ичида жиноят оламининг энг баланд рутбаси - "вор в законе"га лойиқ топилган иккинчи ўзбекистонликка айланди.

"Вор в законе" рутбасига 1997 йилда Бахти Ташкентский кўтарилган эди.

Жиноят оламини яқиндан билувчи шахснинг Озодликка айтишича, Ахтам Самаркандскийнинг "вор в законе"га айлангани Ўзбекистондаги жиноят оламида ҳукм сурган яккаҳокимликка амалда барҳам беради.

"Ахтам ва Бахти ўртасидаги алоқаларнинг қандай бўлиши, уларнинг ўғрилар дунёси иерархиясидаги мақоми ўғрилар оламида улардан ҳам каттароқ обрўга эга бўлган Равшан Золотойнинг кимга ён босишига боғлиқ. Ҳозир Равшан Золотой иккала ўғри билан ҳам яхши алоқага эга. Аммо, бу баланс ҳар онда бузилиб кетиши мумкин", - деди жиноят оламини яхши билувчи Озодлик суҳбатдоши.

XS
SM
MD
LG