Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Ворух анклавига йўл қурилиши қирғиз-тожик чегара можаросини бартараф этадими?


Ворух анклавига кириш. Архив сурат.
Ворух анклавига кириш. Архив сурат.

Тожикистоннинг Хўжаи Аъло қишлоғини Қирғизистон орқали Ворух анклави билан боғловчи йўл қурилиши масаласи яна кун тартибига чиқди. Тожик томони ушбу масала бўйича имзоланган баённомани бажаришга қистамоқда. Бироқ Қирғизистонда Ворух анклавига элтадиган йўл қурилиши мамлакат учун стратегик хато бўлиши мумкин, деган фикрлар айтиляпти.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ўз навбатида, мазкур йўл қурилиши қирғиз-тожик чегара муаммосини ҳал этишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидламоқда.

“39-сонли баённома”

Жогорку Кенешнинг халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг 27 январь куни чегарада рўй берган можарога доир ахборотини ёпиқ мажлисида кўриб чиқди.

Маълум бўлишича, йиғилишда “39-сонли баённома” масаласи кўтарилган. Мазкур ҳужжатда Тожикистоннинг Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ворух анклавига элтувчи йўл қурилиши ҳақида сўз боради.

Ворух анклавига доир муаммони МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев қуйидагича баён қилди:

“Баённомани қабул қилаётганда уни ижро этиш механизмларини муҳокама қилганмиз.

Қамчибек Ташиев
Қамчибек Ташиев

Ҳужжатда ҳамма нарса тугал акс этган. Йўлни ким қуриши, қайси томон йўл хизматларини бажариши, йўл узунлиги давлат шартномаси асосида белгиланади. Ҳозирда мавжуд йўл Оқсой қишлоғи орқали ўтган. Биз Ворух ва Оқсой қишлоқлари ўртасидаги зиддиятларга чек қўйиш масаласини ўрганяпмиз. Иккинчи йўл ҳам Оқсойдан – унинг ғарбий тарафидан ўтади. Ушбу йўл тушиши қишлоқ кенгайишига имкон қолдирмайди. Биз барибир Оқсойдан юқорида жойлашган Ворух қишлоғи учун йўл ташлашимиз керак. Энди бу қишлоқларнинг хавфсизлигини ҳам ўйлашимиз лозим”.

39-сонли баённома 2021 йил 1 майда Боткен шаҳрида бўлиб ўтган икки томонлама музокаралардан сўнг қабул қилинган. Ўшанда Тожикистон делегациясига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов бошчилик қилганди. Бироқ қирғиз-тожик ҳукуматлараро комиссияси бир қарорга кела олмагани боис ҳужжат ижроси пайсалга солинмоқда.

27 январда чегара ҳудудларида юз берган тўқнашувдан сўнг икки мамлакатнинг махсус хизматлари раҳбарлари учрашишди. Саймўмин Ятимов қирғиз-тожик чегарасини аниқлаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар доирасида иш кўришнинг муҳимлигини айтди.

Саймўмин Ятимов
Саймўмин Ятимов

“Бугун ҳурматли Ташиев Қамчибек Қидиршаевич билан музокара қилдик. Барча масалаларни атрофлича гаплашдик. Келгуси музокараларда фақат паритет комиссияларимиз фаолияти натижасида қабул қилинган асосий ҳужжатларга таянган ҳолда иш кўришга келишдик. Баённомалар талаблари беистисно амал қилиши лозимлиги эътироф этилди. Бунда, хусусан, 2021 йил 1 май куни имзоланган 39-сонли баённома назарда тутилмоқда. Ташиев билан келишувимизга кўра, роппа-роса 8 кундан сўнг мазкур баённома ижросига киришилади. Биз ушбу баённома бандларидан мутлақо оғишмаймиз. Чегараларни делимитация ва демаркация қилишга дахлдор барча масалаларга ечим топиш учун бу ишлар изчиллик билан олиб борилади. Яқин орада биз яна учрашиб, баённома ижросига масъул комиссия фаолиятига доир масалаларни муҳокама қиламиз”, деди Ятимов 29 январдаги баёнотида.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Оқсой қишлоғи
Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Оқсой қишлоғи

Хўжаи Аъло (Тожикистон) қишлоғи билан Ворух анклавини боғловчи йўл Қапчиғай қишлоғи яқинидаги тоғ ичидан ўтади, қурилишни Қирғизистон ҳукумати молиялайди. МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев 29 январь куни Боткендаги Ақ Татир қишлоғи аҳолиси билан учрашув чоғида қирғиз-тожик чегарасига доир масалалар узил-кесил ҳал этилганидан сўнггина йўл қурилиши бошланишини айтди.

Бироқ 2021 йил май ойида – баённома қабул қилинган кунларда Тожикистоннинг “Ховар” миллий ахборот агентлиги Хўжаи Аъло-Ворух йўли биргаликда қурилиши, йўл хизматларини кўрсатишни эса Тожикистон ўз зиммасига олиши ҳақида ёзган эди. Бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ, ҳужжат ўтган йили имзоланган бўлса-да, томонлар унинг мазмунини тўлалигича очиқлаган эмас.

Йўл қурилиши можарога барҳам берадими?

Боткен вилояти собиқ губернатори Мамат Айбалаев Тожикистонга Ворух анклавига ўтиш учун йўл бериш катта хато бўлишини айтади.

Мамат Айбалаев
Мамат Айбалаев

“Мен Қапчиғай қишлоғида туғилиб, ўсганман. Қишлоқда 300 хонадон бор. Унинг бир тарафидан Оқсой дарёси ўтади, иккинчи томонида Ворух анклави жойлашган, учинчи тарафдан эса қишлоқни тоғлар тўсиб туради. Агар тоғ билан қишлоқ орасига йўл тушса, бундан маҳаллий аҳоли зарар кўради. Йўл қурилганидан сўнг Оқсой қишлоғи мамлакатдан бадтар узилиб қолиб, қўшниларимизнинг позицияси кучаяди. Тожик қишлоқлари кенгаяди. Бора-бора Лайлак туманининг ўзи анклавга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, баённома бекор қилиниши керак”, дейди у.

Тез-тез чегара можаролари юз берадиган ҳудудда йўл қурилиши ҳақидаги гаплар маҳаллий аҳолини ташвишга солиб қўйди. Аммо Жогорку Кенешнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раҳбари Жанарбек Акаев хавотирланишга асос йўқлигини таъкидламоқда.

“Сўнгги пайтларда Боткендаги чегара можароси қизғин муҳокама қилиниб, гўё Ворухга йўлак очилиши билан боғлиқ хавотирлар билдирилмоқда. Ворухга элтадиган йўлак очилмайди, Лайлак анклав бўлмайди. Чунки баённома кучга кириши учун давлатлараро шартнома тузилиши лозим. Айни пайтда бунақа шартномани имзолаш бўйича бирон иш қилинаётгани йўқ. Қолаверса, ҳужжатни икки мамлакат президентлари имзолаши керак. Шундай экан, ишонтириб айтаманки, Қирғизистон манфаатларига терс иш бўлмайди. Одамлар турфа миш-мишларга парво қилмай, фақат расмий хабарларга ишонишади, деб умид қиламан”, деди парламент қўмитаси раиси.

Чегара масалалари бўйича комиссиянинг собиқ раҳбари Саломат Аламанов эса йўл қурилишига ҳожат йўқ, деб ҳисоблайди.

“Ворухни Тожикистон билан боғлайдиган катта йўл бор-ку. Икки халқ вакиллари кўпдан бери ундан фойдаланишади. Яна шу йўлдан бориб-келавериш керак. Уни чегара билан боғлашга зарурат йўқ. Қарши томондан йўл қуриш нега керак? Ворух аҳолиси Оқсой қишлоғини бемалол кесиб ўтиши мумкин-ку?” дейди у.

Ворух ва кўпйиллик чегара можароси

Ворух – Тожикистоннинг қўшни Қирғизистон ҳудудидаги анклавидир. Тожикистондан анклавга олиб борувчи йўл қирғиз қишлоқлари орқали ўтади.

Ворух майдони қарийб 12 минг гектарни ташкил қилади, аҳолиси эса 30 мингдан зиёд. Анклав теварагида Қирғизистоннинг Оқсой, Қапчиғай, Кўктош, Ўртабўз, Тоштумшуқ қишлоқлари бор. “Головной” сув тақсимот маркази ҳам Ворух яқинида жойлашган.

Анклавда одамлар тиғиз яшайди. Аҳоли кўпайгани сайин ер ва сув танқислашиб, атрофдаги қирғиз қишлоқлари билан можароларга сабаб бўлмоқда. Зиддиятлар ўтган асрнинг 80-йилларида – совет даврида ҳам бўлган. Республикалар мустақил бўлганидан сўнг чегараларни белгилаш билан боғлиқ муаммолар жиддий тус олди.

Чегара музокараларидаги энг мураккаб масалалар Ворух анклави билан боғлиқ. Иккала мамлакат совет даврида тузилган турли хариталарга таянади, ҳар бири ўзини ҳақ деб билади ва бир қарорга кела олмайди. Шу боис анклавда ва чегараолди ҳудудларда вазият таранглигича қолмоқда. Тожикистон эса Ворух анклавини мамлакатнинг асосий ҳудуди билан боғловчи йўл қуриш учун кўп йиллардан бери ҳаракат қилмоқда.

XS
SM
MD
LG