Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:02

Фарғонада “Халқ банки”дан куппа-кундуз куни 100 минг доллар ўғирланди


“Халқ банки”нинг Фарғона вилояти Ëзëвон туманидаги бўлимидан 5 февраль куни нақд 100 минг АҚШ доллари ғойиб бўлган.

Иш куни тугаганидан кейин ошкор бўлган бу ўғрилик ортидан бўлим бошлиғидан то оддий қоровулига қадар тунда уйидан олиб кетилган ва 6 февраль куни улар уйларида тинтув ўтказилган.

Ëзëвон “Халқ банки”да ишловчилардан бирининг яқинига кўра¸ туни билан банк ичкарисида сўроқ-жавоб қилинган ходимлар 6 февраль тонгда Ички ишлар бўлимига олиб келинган ва яқинлари билан учраштирилмасдан тергов қилинган.

100 минг доллар йўқолганини тасдиқлаган Ëзëвон ички ишлар бўлими расмийси¸ ҳозирча пулни ким ўғирлаганига оид жиддий тахмин ўртага чиқмаганини билдирди.

“10 пачка 100 долларлик сейфдан ғойиб бўлган”

Озодликка боғланган ëзëвонликлардан бири¸ ўзини “Халқ банки”да ишловчи ходимлардан бирининг қариндоши деб таништирди.

Унинг Озодликка билдиришича¸ 100 минг долларнинг йўқолганини банк кассири кечқурун 10 ларга яқин¸ ишдан кетаëтиб ҳисоб-китоб қилганда билиб қолган.

Шундан кейин дарров тревога кўтарилган. Банкда ишлайдиганларнинг ҳаммасини кечқурун уйидан олиб кетишди. Саҳар 5 гача банк ичкарисида ушлаб¸ сўроқ-жавоб қилишди. Эрталаб ИИБга олиб келишди. Куни билан ичкаридан чиқаришмади¸ тергов кетаяпти. Оила-аъзолари ҳамма ташқарида бир аниқ гап айтишармикан¸ деб ўтирибмиз. Лекин яқинларимизни кўрсатишмади ҳам¸ иссиқ кийим ë овқат беришга ҳам рухсат қилишмади”¸ деди Тошкент вақти билан оқшомда Озодлик гаплашган ëзëвонликлардан бири.

Бу суҳбатдошга кўра¸ банкда ишлайдиган камида 20 га яқин одамнинг уйида 6 февраль куни тонгда фавқулодда тинтув ўтказилган.

Учта милиция формасидагилар¸ битта гражданскийда¸ яна маҳалла посбони келиб¸ ҳамма ëқнинг тит-питини чиқаришди. Том ҳам¸ сомонхонадаги хашак ҳам қолмади – пул қидиришди. Бутун тинтувчи видеога олишди¸ охирида икки қўшнини чақириб¸ тинтув ўтказилди¸ ҳеч нарса топилмади¸ деган протоколга қўл қўйдиришди. Билсам¸ кеча олиб кетилганларнинг ҳаммасининг уйида шунақа тинтув бўлган. Лекин пул топилмаган”¸ дейди Озодликка ўғирлик тафсилоти ҳақида ўз билганларини хабар қилган ëзëвонлик суҳбатдош.

Ўғрилик бор¸ ўғри йўқ...

Ëзëвон туман ИИБнинг Озодлик боғланган ходими 5 февраль куни “Халқ банки”дан нақд 100 минг АҚШ долларининг йўқолгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади¸ аммо тафсилотларни очиқлашни истамади.

Жараëнга яқин ëзëвонликларнинг айтишича¸ ҳолат юзасидан бошланган терговолди суриштирувини Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармасидан келган махсус тергов гуруҳи назорат қилмоқда. Ҳозирча сўроқ қилинаëтганлардан қай бирининг пулни ўғирлаганликда гумонланаëтгани ҳақида маълумот йўқ.

Айтишларича¸ “Халқ банки”га бир неча кун олдин нақд доллар келган экан. Сейфда 180 минг нақд доллар бўлган¸ шундан 100 минги – 10 пачка юзталик ғойиб бўлган. Сейфнинг калити уч кишида – бўлим бошлиғи¸ бош ҳисобчи ва кассирда бўлган. Кассир аëл икки ҳафтадан кейин пенсияга чиқиши керак экан¸ пул йўқолганини шу аниқлаб¸ бошлиғига билдирган”¸ дейди воқеа тафсилотидан билвосита хабардор ëзëвонлик тадбиркор.

Бузуқ видеокамера

Озодлик суҳбатдошларидан бирининг айтишича¸ банк ичкариси¸ хусусан¸ нақд пул сақланадиган хонада ўрнатилган видеокамералар 2018 йилнинг октябрь ойида бузилган ва шундан сўнг уларни тузатишга ҳеч ким қизиқиш кўрсатмаган.

Нимага кузатув камерасининг шунча вақт ишламай келганини тушуниш қийин. Бу оддий лоқайдликми¸ банк бунга пул ажратгиси келмаганми¸ ëки бошқа сабаби борми¸ билмадим”¸ дейди Озодлик суҳбатдоши.

Воқеа тафсилотларидан хабардор “Халқ банки”да ишлаганлардан бирининг яқинига кўра¸ 100 минг доллар ғойиб бўлган хонада катта сумкаларда ўзбек сўмлари ҳам кўп бўлган¸ аммо уларга тегилмаган.

6 февраль куни Озодлик гаплашган ëзëвонликлар¸ "Халқ банки"дан одатда хориждаги яқинлари пул юборганлар доллар чиқариб олишларини айтар экан¸ 6 февраль куни ўғрилик содир бўлган филиалнинг ишламаганини қўшимча қилдилар.

Яна "Халқ банки"?

Ўзбекистон банк тизимида ишловчи мутахассиснинг айтишича¸ бу давлатга қарашли “Халқ банки”да пул ўғирлаш билан боғлиқ ягона воқеа эмас.

Унга кўра¸ ўтган ой Самарқанддаги айни банк филиалларидан бирида ҳам ўғрилик уриниши бўлган¸ аммо у тўхтатиб қолинган.

Озодлик ўтган йил 6 сентябрь куни номаълум шахс “Халқ банки”нинг Сурхондарë вилояти Шўрчи филиали банк кассасидан 20 минг АҚШ долларини ўғирлагани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси “мазкур ҳолат юзасидан Шўрчи туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани”ни маълум қилган эди.

Озодликка бу воқеага бевосита алоқадор шўрчилик банк ходимларидан бири тергов пайтида ўзининг қийноққа солинганини билдирган эди.

Ҳозирча бу ўғрилик бўйича тергов жараëнининг қандай тугагани¸ ўғри топилиб¸ пулнинг қайтарилган-қайтарилмагани Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG