Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:25

Шерали Жўраев Тошкентдаги Шайх Зайниддин қабристонига дафн этилди


Шерали Жўраев (архив сурати)
Шерали Жўраев (архив сурати)

Душанба куни 76 ёшида оламдан ўтган Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев 5 сентябрь куни Тошкентдаги Шайх Зайниддин (“Кўкча”) қабристонига дафн этилди. Атоқли ҳофизнинг жанозасида минглаб одам қатнашган.

Маросимда иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров марҳумнинг оила аъзоларига президент Шавкат Мирзиёевнинг таъзиясини етказган.

Сешанба куни эрталаб президент матбуот хизмати Шерали Жўраев вафоти муносабати билан ҳамдардлик матнини эълон қилган эди. Унда "Шерали Жўраев кўп йиллик самарали ижоди билан замонавий миллий санъатимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, унинг шуҳратини чет элларда кенг тарғиб этиш борасида ҳам фидойилик кўрсатди", дейилади.

Сўнгги 40 йилда ўзбек санъати ва маданиятида устун мавқеъ ва таъсирга эга бўлган санъаткорнинг вафоти ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

"Нафақат ўзбек қўшиқчилиги балки бутун туркий дунё ўзининг буюк ўғлонидан жудо бўлди. Шерали Жўраев қўшиқчилик оламида бетакрор мактаб яратди. Миллионлаб мухлисларнинг севимли қўшиқчиси мақомига эришди. Эл орасида шуҳрат қозонди. Унинг шон-шуҳрати кимларгадир ёқмади. Йиллар давомида телерадионинг эшиклар у учун ёпиб қўйилди. Шу билан бирга ҳеч қайси қўшиқчига насиб этмаган унвону мукофотлар билан сийланди. Бир сўз билан айтганда Шерали Жўраев буюк ва оғир йўлни босиб ўтди. Ўзбекистон шаънини улуғловчи энг сара, энг зўр қўшиқларни ҳам ҳеч қайси санъаткор Шерали Жўраевдек куйлай олмади. Ва ниҳоят бугун у бу дунёнинг барча ҳойи ҳавасларига нуқта қўйиб, чин дунёга сафар қилди. Ўзбекистон булбули Шерали Жўраевнинг жойлари жаннатда бўлсин!", деб ёзди журналист Рўзибой Қўлдошев ўзининг Фэйсбук саҳифасида.

Таниқли хонанда Моҳира Асадова устоз ҳофизнинг вафотидан ларзага тушгани ҳақида ёзди.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев 1947 йили Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилган.

У 1971 йили Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаганидан сўнг меҳнат фаолиятини 1972 йилда “Шодлик” ашула ва рақс ансамблида хонанда сифатида бошлаган.

1979-1986 йиллар орасида Андижон вилояти филармонияси хонандаси, 1986-1996 йилларда Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси, 1996-2017 йилларда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандаси, 2017 йилдан шу кунга қадар эса “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаси сифатида самарали ижод қилиб келган.

Ҳофизнинг кўплаб қўшиқлари ҳаётлигидаёқ ўзбек қўшиқчилик санъатининг мумтоз намунасига айланиб улгурган. ‘Ўзбегим”, “Биринчи муҳаббатим”, “Аввалгиларга ўхшамас”, “Онагинам”, “Излангиз”, “Карвон”, “Сарбон”, “Аста-аста”, “Ошиқ бўлдим”, “Кўрмишам”, “Атиргулим”, “Гулбадан”, “Парижон” ва бошқа ўнлаб қўшиқ шулар жумласидандир.

Қўшиқчиликда ўз мактабига асос солгани айтиладиган Шерали Жўраевга 1981 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1987 йили “Ўзбекистон халқ артисти” унвони берилган. 1991 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотига сазовор бўлган ҳофиз бир қанча орден ва медаль билан ҳам тақдирланган.

Шерали Жўраев нафақат бастакор, балки қўшиқчи шоир сифатида ҳам эътироф этилган. 1988 йилда унинг “Бола дунёни тебратар” китоби чоп этилган. 1989 йилда “Шерали ва Ойбарчин” фильми сценарийсига муаллифлик санъаткор унда бош ролни ҳам ижро этган.

Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда ҳам яхши танилган ва севилган Шерали Жўраевга 2018 йилда расмий Душанбе “Тожикистон халқ артисти” унвонини берган.

Шерали Жўраев 1990-94 йиллар мобайнида Ўзбекистон Олий кенгаши (парламент) депутати бўлган. Ислом Каримов президентлиги даври бўлмиш 1995-2016 йилларда унга нисбатан норасмий тақиқ жорий этилган.

2016 йил сентябрида – Каримов вафотидан кейин тақиқ олиб ташланганига оид хабар ортидан 2017 йил январида ҳофиз яна катта саҳнага қайтган эди.

2017 йил августида Шерали Жўраев янги ташкил этилган "Ватандошлар" жамоат фонди раиси этиб тайинланган. Вазифаси дунёнинг турли жойларида истиқомат қиладиган ўзбекларни бирлаштириш экани айтилган бу ташкилотга эл севган ҳофизнинг раҳбар этиб тайинланишига ўша пайтда рамзий маъно юкланган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG