Линклар

Шошилинч хабар
13 феврал 2025, Тошкент вақти: 02:35

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда 1,5 минг бола зўравонликка учраш таҳдиди остида қолмоқда

Ўзбекистонда 12 октябрдан 27 октябргача «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди.

Мазкур қонунга илова қилинган ҳужжатда қайд этилишича, таҳлиллар мавжуд механизмлар болаларга нисбатан қилинаётган зўравонликларнинг олдини олишга ожизлик қилмоқда.

Ҳужжатда бугунги кунда болалар уйлари ва тутинган оилаларда тарбияланаётган 1,5 мингдан ортиқ бола “зўравонлик содир этиш хавфи юқори ҳисобланган тоифа”да қолмоқда.

Расман билдирилишича, болаларга жинсий тажовуз қилингани бўйича 2021 йилда 334 та, 2022 йилда эса 395 та жиноят иши тергов қилинган. Сўнгги 3 йилда судлар томонидан 2072 киши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

2021 йилда вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жами жиноят ишлари 1831 тани, 2022 йилда 2194 тани ташкил қилган.

Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Шахноза Мирзиёева 2023 йилнинг тўққиз ойида вояга етмаганларга нисбатан 417 жинсий зўравонлик қилингани қайд этилгани ҳақида билдирган эди.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон АЭС қуриш бўйича халқаро консорциум тузади

"Ўзатом" ва "Росатом" вакиллари кичик қувватли АЭС қурилажак майдонда, Жиззах вилояти, 2024 йил 26 июни ("Ўзатом" агентлиги фотоси)
"Ўзатом" ва "Росатом" вакиллари кичик қувватли АЭС қурилажак майдонда, Жиззах вилояти, 2024 йил 26 июни ("Ўзатом" агентлиги фотоси)

Ўзбекистонда кам қувватли атом электростанцияси (КҚАЭС) қуриш лойиҳаси бўйича халқаро консорциум тузилади. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев маълум қилган.

2024 йил май ойида “Ўзатом”нинг АЭС қуриш дирекцияси ва “Росатом” тизимидаги инжиниринг ширкат ўртасида Ўзбекистонда КҚАЭС барпо этиш бўйича шартнома тузилган эди. 330 МВт қувватли (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита ректор) КҚАЭС Жиззах вилоятида барпо этилиши, бу лойиҳада “Росатом” бош пудратчи бўлиши билдирилганди.

“Ўзатом” агентлиги директори “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсидан Тошкент эндиликда ушбу лойиҳага бошқа давлатларни ҳам жалб этишни кўзлаётгани англашилади.

“Президентимиз ушбу лойиҳани халқаро хусусиятга эга бўлиши ва унинг амалга оширилишида турли халқаро тузилмаларни жалб қилиш кераклигини таъкидлади. Шунинг учун бу лойиҳада нафақат Россия технологиялари, балки Хитойнинг ноядро технологиялари, Европанинг турли дастурий таъминот ва аппарат воситаларини ҳам қўлламоқчимиз. Шу йўл билан биз энг замонавий технологиялар ёрдамида ушбу лойиҳани амалга ошириш учун халқаро консорциум ташкил қиламиз”, деган Аҳмадхўжаев.

Агентлик раҳбарига кўра, сув сарфини камайтириш мақсадида лойиҳада Венгрия ёки Хитойнинг қуруқ совутгичларини татбиқ этиш режалаштирилган.

“Ўзатом” раҳбари Халқаро атом энергияси агентлиги билан малакали кадрлар тайёрлаш ва атом энергетикаси лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилганини ҳам қайд этган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, расмий Тошкент КҚАЭС қуриш учун хориж банкларидан маблағ жалб этиш режасини очиқлаганди.

Дунё узра Путиннинг ядровий таҳдиди муаллақ турган паллада Ўзбекистон Россия билан биргаликда КҚАЭС қуришга киришаётгани маҳаллий фаолларнинг эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик бу лойиҳа Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.

АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Хеник ҳам Ўзбекистон ҳукуматини илк атом электростанцияси қурилишида техник ҳамкорларни танлашда ўта эҳтиёткор бўлишга чақирганди.

Профилактика инспектори эри Россияда бўлган аёл билан “дон олишган”

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Хоразм вилояти Шовот туманидаги Идалиқалъа маҳалласи профилактика инспектори ўзи хизмат олиб борадиган ҳудудда яшовчи бегона аёл билан “дон олишиб” юргани аниқланди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, ИИБ ходими ушбу маҳаллада яшовчи, Россияга пул топгани кетган эркакнинг хотини билан унинг хонадонида учрашиб юрган. У жорий йил 31 январь куни ярим тунда навбатдаги “ташрифи” чоғида эрнинг яқин қариндошлари томонидан ушлаб олинган.

Чақирув бўйича воқеа жойига келган ИИБ масъуллари ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида профилактика инспектори ҳамда гувоҳларни ИИБ биносига олиб кетган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов ушбу ҳолат бўлганини тасдиқлаб, ҳозирда хизмат текшируви ўтказилаётгани, профилактика инспекторини ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи ҳаракатлари учун ИИО сафидан бўшатиш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирган.

Озодлик аввалроқ Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида профилактика нозири хотини, 7 ойлик фарзанди ва ўзини хизмат қуролидан отиб ўлдиргани ҳақида хабар қилганди. Ўшанда ҳодисага рашк сабаб бўлгани айтилганди.

Ўзбекистон коррупция индексида 121-ўринни эгаллади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Transparency International ташкилоти 2024 йилда жаҳон давлатларидаги коррупция даражаси бўйича ҳисобот (Corruption Perception Index) эълон қилди.

Ўзбекистон мазкур рейтингда Ангола, Эквадор, Кения, Шри-Ланка, Того каби давлатлар қаторида 32 балл тўплаб, 180 та давлат орасида 121-ўринни эгаллади.

Халқаро ташкилот 100 балли индекс бўйича (0 – коррупция даражаси ўта юқори, 100 – ўта паст) 180 та давлатдаги ҳолатни баҳолаган.

Постсовет давлатлардан Грузия (53 балл), Арманистон (47 балл), Қозоғистон (40 балл) энг яхши натижани, Қирғизистон (25), Россия (22), Озарбайжон (22), Тожикистон (19) ва Туркманистон (17) эса энг ёмон натижани қайд этган.

Transparency International йиллик ҳисобот бўйича шарҳда турли мамлакатларда демократик институтлар ва қонун устуворлигининг заифлашиши коррупциянинг гуллаб-яшнаши учун қулай муҳит яратаётганига эътибор қаратган.

Рейтингда Дания (90 балл) ва Финляндия (88 балл) етакчилик қилган бўлса, Венесуэла (10 балл), Сомали (9) ва Жанубий Судан (8) аутсайдерлар сафидан ўрин олган.

Ўзбекистон Transparency International’нинг ўтган йилги ҳисоботида ҳам 180 давлат орасида 121-ўринга қўйилганди.

Расмий Тошкент 2030 йилгача Transparency International томонидан эълон қилинадиган коррупция индексида камида 50 поғонага кўтарилиш режасини белгилаган. Бу “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 5 та йўналиш бўйича қўйилган юзта мақсаддан биридир.

Анора Содиқова шаънини ҳимоя қилиш учун судга шикоят йўллади

Анора Содиқова
Анора Содиқова

Ўзбекистонлик таниқли журналист, Uzdiplomat.uz сайти асосчиси Анора Содиқова “Муфаса” тахаллуси билан фаолият юритувчи блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан судга мурожаат қилди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, Анора Содиқова ўз мурожаатида блогер томонидан ижтимоий тармоқ, турли аноним каналларда ўз шаъни, қадр-қиммати камситилгани ва туҳматга учраганини баён қилган ва Фуқаролик кодексининг 100-моддасига (шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш) кўра чора кўришни сўраган.

“Ижтимоий тармоқларда троллар армияси пайдо бўлган, журналистларни ҳақоратлаш, ватан хоинига чиқариш, сўкиниш билан бўҳтонлар қилиш осон бўлиб қолди. Қайсидир давлат идорасини танқид қилиш оқибатида троллар орқали ҳужумга ўтиш ҳам одатий ҳолга айланган. Назаримда, бунга қонуний чора кўриш вақти келди”, деб ёзган Анора Содиқованинг ўзи Фейсбукдаги саҳифасида.

Анора Содиқова бошчилигидаги Uzdiplomat.uz жамоаси жорий йил 8 февраль куни Тошкент шаҳрида ташкил этган “Йил танлови-2024” маросими тўсқинликка учрагани ҳақида хабар тарқалди.

Фаолларга кўра, тадбир ўтиши аввалдан белгиланган “Зарафшон” концерт зали эшиклари “техник сабаблар”га кўра очилмаган ва ташкилотчилар бошқа жой қидиришга мажбур бўлган.

Ушбу ҳодиса ортидан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда мустақил матбуотнинг истиқболи хусусида хавотирли фикрлар янграган.

Анора Содиқова аввал ҳам касбий фаолияти сабаб ўзига таҳдид қилинганини билдирганди.

Диний соҳадаги давлат сиёсатига доир қонун қабул қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 февраль куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилиниб, тасдиқ учун Сенатга юборилди.

Қонунчилик палатаси томонидан ишлаб чиқилган концепция 31 январдан 9 февралга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Қуйи палатадаги муҳокамаларда қайд этилишича, концепция лойиҳаси бўйича аҳолидан 400 тадан зиёд изоҳ, таклиф ва тавсиялар келиб тушган, уларнинг 200 дан ортиғи ижобий. Шунингдек, 6 февраль куни Қонунчилик палатасида 16 та конфессия вакиллари билан концепция лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтган.

Қуйи палата ялпи мажлисида сўзга чиққан депутатлар ушбу муҳим ҳужжат маромига етказиб ишлангани, кенг жамоатчиликнинг таклиф-мулоҳазалари асосида янада такомиллаштирилганини таъкидлашган.

Айни пайтда Kun.uz нашри муҳокамаларда қолдирилган айрим танқидий фикрлар инобатга олинмагани ҳақида ёзган.

Жами 141 нафар депутат ҳужжат қабул қилинишга рози бўлган, 1 нафари бетараф қолган, 2 киши овоз бермаган. Концепцияни қабул қилишга бирорта ҳам депутат қарши бўлмаган.

Концепция лойиҳаси сенаторлар томонидан тасдиқланиб, президент имзолагач кучга киради.

Қирқ бир банддан иборат концепцияда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифа, принцип ва устувор йўналишлари белгиланган. Жумладан, диний соҳадаги давлат сиёсати қонунийлик, виждон эркинлиги, диннинг давлатдан ажратилганлиги, тенглик, эркин фикрлаш, динлараро мулоқот ва ўзаро тушуниш каби асосий принципларга таяниши қайд этилган.

Йўл-транспорт ҳодисалари сабаб 26 минг киши жазоланди

Ўзбекистонда содир бўлган автоавариялардан бири (иллюстратив сурат)
Ўзбекистонда содир бўлган автоавариялардан бири (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда 2024 йил мобайнида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказишига олиб келиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 40 минг 119 нафар шахсга нисбатан 39 минг 270 та иш кўриб чиқилган.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, шундан 26 минг 63 нафар шахсга нисбатан жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби маъмурий жазолар қўлланган.

Жамоат фаоллари мамлакатда ЙТҲлар ва улар оқибатида ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг урмоқда.

Жумладан, 2024 йилда рўй берган 9364 та ЙТҲ оқибатида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган.

Таҳлилларга қараганда, пиёдаларни уриб кетиш ҳолатлари кўпайган.

Йўллардаги бевақт ўлимлар сабаб соҳа масъулларининг истеъфоси ҳам талаб этилгани маълум.

Аҳоли коммунал хизматлар қимматлаганидан ташвишда

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил январь ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси бўйича маълумот ёйинлади.

Ўтказилган сўровларга кўра, январь ойи мобайнида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси ўтган ойги даражасида сақланиб қолган ва 14,7 фоизни ташкил этган.

Сўровномада қатнашган аҳоли ва бизнес вакилларининг 57 фоизи келгусида нарх ошишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асосий хавотирли омил сифатида коммунал хизматлар тарифларини кўрсатган.

Ҳудудлар кесимида ўтган ойда энг юқори сезилган инфляция даражаси Сирдарё вилоятида (16,8 фоиз), энг паст сезилган инфляция даражаси эса Навоий вилоятида (12,6 фоиз) қайд этилган.

Ой давомида нархи ўсиши энг кўп сезилган маҳсулотлар гўшт ва табиий сут, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ бўлган. Респондентларнинг 41 фоизи мазкур товарлар нархида кескин ўсиш сезилганини айтган.

Юқори сезилган инфляция даражаси давлат ташкилоти ва тиббиёт соҳалари вакиллари томонидан билдирилган бўлса, нисбатан паст сезилган инфляция маиший хизмат соҳаси вакиллари томонидан қайд этилган.

Статистика агентлиги қайдича, 2024 йили Ўзбекистонда йиллик инфляция кўрсаткичи 9,8 фоизни ташкил қилган. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 1,03 фоизга кўпдир.

Ҳукумат 2030 йилда инфляция даражасини 5-6 фоизга тушириш режасини эълон қилган.

БП қуёш панели ўрнатилишини “қатъий назорат” қилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакатда кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режасининг ижросини таъминлаш, шунингдек, қуёш панеллари ўрнатилишида қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назоратни амалга оширади.

Бу ҳақда Президент фармони билан тасдиқланган “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилига оид давлат дастурида қайд этилган.

Ҳужжатда республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида йирик “яшил энергия” станцияларини барпо этиш, ҳудудларда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини кенгайтириш, аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш белгиланган.

2025 йилда умумий қуввати 785 мегаватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги икки йил ичида аҳоли ва хўжалик субъектларининг камида 50 фоиз томларини қуёш панели билан қоплаш режасини очиқлаган эди.

Ушбу хабар ортидан ижтимоий тармоқларда аҳоли ва тадбиркорларни яна қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш кампанияси бошланиши ҳақида хавотирли фикрлар тарқалди.

Ўзбекистонликлар қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани мавзуси аввалроқ Озодликда бир неча бор ёритилган.

Бухорода магистраль газ қувурида ёнғин рўй берди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

“Бухоро–Урал” магистраль газ қувурининг Бухоро вилоятидан ўтган қисмида 10 февраль куни авария ва унинг ортидан ёнғин рўй берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда олов юқорига ўрлаётганини кўриш мумкин.

Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, авария Газли магистраль газ қувурлари бошқармасининг диаметри 1020 мм бўлган 26 кг босим остидаги қувурининг ер остидан ўтган 106-километрида рўй берган.

ФВБ ҳодиса соат 11:26 да рўй бергани ва соат 11:30 да мурватлар ёпилиб, қолдиқ газлар чиқиб кетганини билдирган.

Маҳаллий матбуот мурватлар ёпилганидан кейин ҳам қувурда қолган газ назорат остида чиқишда давом этгани ҳақида хабар берган.

ФВБ қайдича, ёнғин натижасида жабрланганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Авария рўй берган жойга энг яқин (40 км) аҳоли маскани Ромитан тумани Қизилработ МФЙдир.

Маҳаллий Телеграм каналлар вилоятдаги метан шохобчалари ёпилгани ҳақида ёзган.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ҳам дастлабки баёнотида ҳудуддаги метан газ тўлдириш шохобчалари фаолиятига вақтинча чеклов киритилишини билдирган, аммо кўп ўтмай вазирлик ахборотининг ушбу қисми ўчириб юборилган.

Бир муддат ўтиб, Энергетика вазирлиги барча ҳудудлардаги метан шохобчалар “одатий режимда ишлашда давом этиши”ни маълум қилган.

Газли магистраль газ қувурлари бошқармаси “Ўзтрансгаз” ширкатининг таркибий бўлинмаси бўлиб, минтақада магистраль газ қувурларини тасарруф этиш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан шуғулланади. Бошқарма маҳаллий ва экспорт учун табиий газни етказиб берувчи муҳим газ транспорт магистралларини бошқаради.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2024 йил октябрь ойида “Газли” ва “Хўжаобод” ерости газ омборларида қиш мавсуми учун 5,1 млрд куб метрдан ортиқ газ захираси жамланганини маълум қилганди.

Ўзини юқори қаватдан ташлаган ўқувчи қиз ҳалок бўлди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 17 ёшли қиз ўзини юқори қаватдан ташлаш натижасида ҳалок бўлди.

Gazeta.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилишича, фожиа 7 февраль куни соат 09:35 атрофида содир бўлган. Шаҳарнинг Нақшаб маҳалласида яшаган Ш. З. Наво маҳалласидаги 16 қаватли уйнинг том қисмидан ўзини пастга ташлаб жонига қасд қилган.

Ҳодисага гувоҳ бўлган фуқаролар қизни тўхтатишга ҳаракат қилгани, бироқ қиз уларнинг гапига қулоқ солмагани айтилмоқда. Марҳума Қарши шаҳридаги 12-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси бўлган.

Қарши шаҳри прокуратураси ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётгани билдирилган.

Сўнгги ойларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида қизларнинг ўзини юқори қаватдан пастга ташлаш орқали жонига қасд қилиши билан боғлиқ бир неча ҳолат қайд этилган.

Озодлик аввалроқ Самарқанд шаҳридаги 29-мактабнинг 8-синф ўқувчиси М.Р. кўп қаватли тураржой биносининг 8-қават йўлак деразасидан ўзини пастга отгани ҳақида хабар қилганди.

Самарқанд шаҳрида 2024 йилнинг 12 декабрига ўтар кечаси таниқли бюти-блогер ва косметолог Гўзал Маҳматқулованинг 8-қават деразасидан тушиб кетиб ўлгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Расмийлар марҳума ўз жонига қасд қилганини айтишган, аммо яқинлари бу версияни рад этишган. Ҳодиса маиший зўравонлик оқибати деган тахмин ҳам илгари сурилганди.

2024 йил ноябрь ойида Сурхондарё вилояти Денов тумани Буюк келажак МФЙ ҳудудида ҳам шу каби фожиа рўй берганди.

Ўзбек-афғон чегарасида катта миқдорда наркотик қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон билан Афғонистон чегарасида жойлашган “Айритом” божхона постида 9 февраль куни текширилган юк машинаси ичидан 612 кг гашиш моддаси топилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат божхона хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада наркотик моддалар 13,5 тонна оғирликдаги юк ичида бўлган 2986 дона супурги дастаклари орасидан топилгани айтилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур гиёҳвандлик воситасининг қора бозорлардаги нархи тахминан 16,5 млн АҚШ долларидан ошади”, дея қайд этишган божхона қўмитаси ходимлари айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилаётганини қўшимча қилишган.

Мадинадан Наманганга қайтаётган учоқ Фарғонага қўнишга мажбур бўлди

Иллюитратив сурат
Иллюитратив сурат

“Centrum Air” авиакомпаниясининг Мадина – Наманган йўналиши бўйича парвоз қилаётган MFX3338 рейси экипажи 10 февраль тонгида Фарғонадаги муқобил аэродромга йўл олишга қарор қилган. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, учоқнинг муқобил аэропортга йўналишига Наманган аэропортида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити (туман) сабаб бўлган.

Хабарномада учоқ душанба куни маҳаллий вақт билан соат 7:53 да Фарғона аэропортига бориб қўнгани қўшимча қилинган.

Ўзбекистонда йил охиригача АИ-80 бензинини сотиш чекланади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2025 йил охиригача АИ-80 русумли автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш учун “барча куч ва ресурслар сафарбар этиш” кўзда тутилган. Бу ҳақда президент Мирзиёев томонидан жорий йил 7 февралида имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида билдирилган.

Ҳужжатга мувофиқ, аҳолини “сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаш” ҳақида топшириқ берилган. Бу чора Ўзбекистондаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилгани айтилмоқда.

Фармон билан мамлакатнинг барча ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш ҳам кўзда тутилган.

Президент Мирзиёев ўтган йил январь ойи охирида бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан Аи-80 бензинидан тўлалигича воз кечиш ҳақида топшириқ берган эди. Ундан аввал эса Экология вазирлиги баёнот тарқатиб, “халқаро стандартларга тўғри келмайдиган АИ-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқараётгани”ни урғулаганди.

Вазирлик Тошкент ҳавосига кўрсатилаётган салбий таъсирни камайтириш мақсадида бир қатор фавқулодда чораларни таклиф қилган бўлиб, улар орасида “Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (АИ-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш ҳам бор эди.

Экологик жиҳатдан зарарли деб топилган АИ-80 кўплаб мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистонга қўшни бўлган Қирғизистон ва Тожикистонда тақиқланган. 2017 йилда 80 октанли бензин Қозоғистонда ҳам йўқолган - у фақат махсус буюртма асосида ишлаб чиқарилади, холос.

АИ-80 бензини бошқа русумдаги бензинлардан арзонроқ бўлгани учун харидоргир бўлиб ҳисобланади. Ўтган йилнинг 5 ноябрида АИ-80 русумли бензиннинг 1 тоннаси 9 миллион 998 минг сўмгача кўтарилган. Бу 2023 йил ноябридаги нархдан (7 миллион 375 минг сўм) 26,2 фоизга қимматдир.

Прокуратура ходими ёнидан психотроп моддалар топилди − ДХХ

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида Spark русумли автомашинани бошқариб кетаётган Сирдарё вилояти прокурорининг катта ёрдамчисининг ёнидан “Зардекс” номли 50 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумот тарқатди.

ДХХ қайдича, бунинг ортидан тезкор тадбир давом эттирилиб, прокуратура ходимига дори сотгган самарқандлик 27 ёшли фуқаро ҳам Тошкент шаҳрида қўлга олинган, ундан ҳам 300 дона “Зардекс” дори воситаси ашёвий далил ўлароқ мусодара этилган.

Инсон миясига кучли таъсир кўрсатадиган бу дори воситалари Ўзбекистонга Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан олиб келингани, айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.

Аввалроқ президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов Ўзбекистонда “дорихона наркоманияси” авж олгани юзасидан хавотир изҳор қилган эди. Ўсиш динамикасидан ташвиш билдирган Маматов наркожиноятлар билан боғлиқ аниқ рақамларни очиқлаган эмас.

Муқаддам “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 2019 йил якунида Ўзбекистонда наркотик воситалари билан боғлиқ 5 мингдан зиёд жиноят содир этилгани, наркодиспансерда ҳисобда турганлар сони эса 5698 нафарга етгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

"Элтуз" бош муҳаррири нашрнинг YouTube канали ёпилганини маълум қилди

Eltuz.com нашри бош муҳаррири Қудрат Бобожон (архив сурати)
Eltuz.com нашри бош муҳаррири Қудрат Бобожон (архив сурати)

Ўзбекистон ташқарисида фаолият юритиб келаётган Eltuz.com нашрининг YouTube видеопорталидаги канали ўчириб қўйилди.

Нашр бош муҳаррири Қудрат Бобожонга кўра, YouTube каналида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳақида ёйинланган танқидий материаллардан сўнг “олдинига турли арзимас сабаблар билан шикоят қилинган”, журналистлар бу шикоятлар асоссизлигини исботлагани ортидан киберҳужум йўли билан “каналга порно ва террор мазмунидаги контентларни юклаб, канални вақтинча ўчиришга муваффақ бўлинган".

Қудрат Бобожон мазкур YouTube каналининг “Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳақида туркум лавҳалар қилган, мавжуд режим ичидаги коррупционерларни ревизор дастури орқали фош қилган, “Автобус” каби ҳажвий дастурлар ва ҳар жума бериладиган мультипликацион программаларда” муштарий билан бирга мушоҳада юритадиган канал бўлганини қайд этган.

Нашр иддаосига кўра, каналга қарши уюштирилган ҳужумларга “бош вазир Абдулла Ариповнинг коррупцияси фош қилинган контентлар” сабаб бўлган.

Швецияда рўйхатдан ўтказилган “Элтуз” нашри 2015 йилдан буён фаолият юритиб келади. Муассисларга кўра, нашр “либерал-демократик қадриятлар¸ сўз ва ифода эркинлиги, тараққиëт тарафдорлари ва жамиятни яхши томонга ўзгартириш истагида бўлганлар учун минбар” вазифасини ўташ мақсадида ташкил этилган. Айни пайтда нашр сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги, хусусан, Фейсбук ва Телеграмдаги саҳифалари ишлаб турибди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG