Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим туманларида пенсия пулларини олаётганларга Халқ банкининг “Омад кулганда” лотереяси мажбуран қўшиб берилмоқда. Пенсионерларнинг Озодликка айтишича, ҳар бир одамга 2тадан лотерея берилиб, 4000 сўм ушлаб қолинаяпти. Республика Халқ банки мутасаддиси бу хабарни инкор қилишга уринди, айни пайтда, вазиятни ўрганишга ваъда қилди.
Ҳар бир пенсионерга 2тадан лотерея
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги Бинокор маҳалласида яшовчи пенсионернинг Озодликка айтишича, 6 июнь куни Халқ банки ходимлари унинг пенсия пулига 2 дона “Омад кулганда” лотереясини мажбуран қўшиб беришган:
“Кеча бориб, Халқ банкидан июнь ойининг пенсия пулини олиб келдим. Ким пенсиясини олгани кирса, ҳамманинг қўлига лотерея бераяпти. Бир миллион сўм олган одамга ҳам, 100 минг сўм олганга ҳам 2тадан лотерея бераяпти. Лотереянинг ҳар биттаси 2000 сўмдан. Пенсия пулимиздан 4000 сўм олиб қолишди. Энг қизиғи, лотереяни ёш болалар ўйнаши мумкин эмас деб ёзиб қўйган. Лекин ногиронлик пенсияси олаётган вояга етмаган болаларнинг нафақасига ҳам лотерея бераяпти”, деди бектемирлик пенсионер исмини очиқламаслик шарти билан.
Озодлик сўрови: Лотерея олишга мажбурланганлар яна борми?
Озодлик бектемирлик пенсионер билан суҳбатлашгач, Фейсбук ва Одноклассники тармоқлари орқали сўров ўтказиб, пенсия пулларига “Омад кулганда” лотереясини қўшиб бериш ҳолатлари бошқа жойларда ҳам бор ёки йўқлигини ўрганишга ҳаракат қилди.
Сўровда қатнашганлар берган маълумотлардан маълум бўлишича, Халқ банкининг ушбу лотереяларини пенсия пулларига қўшиб бериш Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида учраяпти. Жумладан, тошкентлик @Матлуба Абдураимова ҳам 7 июнь куни пенсия пулига “Омад кулганда” лотереясини қўшиб беришгани ҳақида ёзди.
Тармоқлар фойдаланувчиларига кўра, Халқ банки лотереялари нафақат пенсия пулларига қўшиб берилмоқда, балки банкка иши тушган бошқа одамларга ҳам ушбу лотереяни олиш мажбурияти юклатилаяпти.
Фейсбук фойдаланувчиси @Акмал Расулов сотиб олган янги уйини расмийлаштириш пайти 4 дона ушбу лотереядан олишга тўғри келгани ҳақида ёзди.
@Giovanni Otashick эса янги машинасини расмийлаштириш учун пул тўлашга банкка борган пайти 2та лотерея олишга мажбурлашгани ҳақида ёзди.
@Abdurakhmon Tashanov эса битта ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи тўлашга борган пайти ушбу лотереядан олишга мажбурланган:
“Мен бу масалада Халқ банкининг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, каттагина жанжал кўтардим. Ва тушундимки, лотереянинг ортида бақувват кишилар бор экан, банк бу ерда сотувчи экан холос”, деб ёзди @Abdurakhmon Tashanov.
Озодлик билан телеграм орқали боғланган юнусободлик @Nigora эса вояга етмаган болалари учун оладиган нафақа пулига куни кеча “Омад кулганда” лотереясини қўшиб беришганини хабар қилди:
“Мен 4000 сўм ҳам ҳарна пул. Керак эмас менга лотереяси десам, “Бизга келган буйруқ шу, биз фақат бажарувчимиз. Бизни ҳам тушунинглар”, деган гапни айтишди. Қарасам ҳаммага бераяпти. Мен ҳам нафақамизни бермай қўймасин деб олишга мажбур бўлди”, дейди @Nigora.
Халк банки расмийси: Бизда мажбурлаш йўқ!
Озодлик Республика Халқ банки мутасаддиси Хусниддин Бозоров билан телефон орқали боғланганида у лотереяларни сотиш мутлақо ихтиёрий тарзда амалга оширилаётганини айтди:
- Мажбурийлик йўқ. Агар сиз адресний қилиб, айтсангиз, мен текширтиб кўраман. Биз ихтиёрий равишда сотамиз лотереяни. Лотереяни мажбурлаб сотмаслик тўғрисида ҳар доим протоколлар қилиб қўйганмиз. Бу мажбурий сотиш деган нарсани бизнинг ходимларимиз бажармайди. Чунки мажбурий қиладиган бўлса, биз уларни жазолаймиз, - деди банки мутасаддиси Хусниддин Бозоров.
Банк расмийси Бозоров билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Халқ банкининг “Омад кулганда” лотереяси жорий йилнинг 29 июль куни Нукус шаҳрида ўтказилади. Лотереяга пул ва автомбил ютуқлари қўйилган.
Ўзбекистонда лотереяни мажбурлаб сотиш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган. Жумладан, Халқ банкининг “Омад лотто” билетлари ҳатто кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақага ҳам мажбуран қўшиб сотилгани маълум.
Агробанкнинг “Фаровонлик” лотереялари ҳам бутун мамлакат бўйлаб мажбурлаб сотилгани кузатилган.