Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:28

"Исломни хитойлаштириш" Шинжон мусулмонлари учун нимани англатади?


Шинжондаги уйғурлар. 6 сентябрь, 2018
Шинжондаги уйғурлар. 6 сентябрь, 2018

Август ойи охирларида Хитой раҳбари Си Цзиньпин Шинжон вилоятига ташрифи чоғида “исломни хитойлаштириш” давом этишини билдирди. Жаҳон уйғурлар конгресси президенти Долкун Иса энди ўлка мусулмонларининг аҳволи бадтар бўлади, дегани фикрда.

“Си Цзиньпиннинг Шинжонга келиши у ўзининг 2017 йилда бошланган этник озчиликларни геноцид қилиш сиёсатини давом эттиришидан дарак беради. Унинг “биз исломни хитойлаштирамиз” дегани “биз бу ерда олиб бораётган сиёсатимиздан зинҳор воз кечмаймиз, уни давом эттирамиз”, деганидир”, дейди Долкун Иса. У раҳбари бўлмиш ташкилот Шинжон муаммоларини халқаро даражага кўтариш билан шуғулланиб келмоқда.

Си Цзиньпин 26 август куни Шинжон вилоятининг маъмурий маркази – Урумчига ташрифи чоғида “исломни хитойлаштириш сиёсатини давом эттириш” зарурлигини урғулар экан, “террорчилик ва айирмачиликка қарши кураш ўлкани ижтимоий ривожлантириш ва қонун устуворлиги билан уйғун бўлмоғи лозим”, дея қўшимча қилган эди.

“Исломга қарши кураш”

“Исломнинг хитойи ёки арабийси бўлмайди. Хитой ҳукуматининг “хитойлаштириш” ҳақидаги гаплари уларнинг исломга қаршилигини билдиради ва бу бизга катта зарбадир. Си Цзиньпин Шинжонда исломни йўқ қилмоқчи”, дейди Мюнхенда истиқомат қилиб турган Долкун Иса Озодликка берган интервьюсида.

Асли қозоғистонлик этник уйғурнинг Хитой қамоқхонасидаги 15 ойи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:26 0:00

Урумчига борган Хитой лидери Шинжон амалдорларига “ноқонуний диний ҳаракатларга кўз-қулоқ бўлиш”ни тайинлаб, “ўлкада ижтимоий барқарорлик бирламчи вазифа, барқарорлик эса тараққиётнинг қонуний кафолатидир”, дея таъкидлаган. Бироқ Долкун Иса ҳозирда Шинжонда қонуннинг кучи йўқлигини, қонун ҳеч бир кафолат бера олмаслигини айтади.

“Си Цзиньпин “биз қонунга асосан ишлаймиз”, дея лоф урди. Ҳолбуки Шинжонда қонунлар амал қилмайди, улар қонунларга терс равишда иш олиб боришмоқда. Маҳаллий ҳукумат фақат жаноб Си оғзидан чиққан сўзларнигина қонун деб тан билади. Шу боис ҳам Си Цзиньпиннинг сўнгги фармойишларидан сўнг уйғур, қозоқ каби этник озчил халқларга зуғум кучайиши мумкин”, дейди Иса.

Си Цзиньпин Урумчига келиб-кетгач Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳақлари ташкилоти баёнот билан чиқди. Унда Пекин ҳукумати Шинжонда уйғур ва бошқа туркийзабон мусулмон халқлар ҳуқуқларини поймол этаётгани хусусида сўз боради. Ташкилот директорининг Осиё бўйича ўринбосари Майя Ванг эса “БМТга аъзо давлатлар инсониятга қарши жиноятларга кўз юммаслиги лозим”лигини айтди.

100 кунлик “қаттиқ калтаклаш” кампанияси

Аввалроқ халқаро ташкилотлар Хитой ҳукумати Шинжондаги жамлоқларга бир миллиондан зиёд уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмонларни судсиз-терговсиз қамаб қўйгани ҳақида бонг урган эди. Пекин буни “экстремизмга қарши кураш”, сиёсий жамлоқларни эса “касб-ҳунарга ўқитиш марказлари” деб атади. Бироқ жамлоқлардан чиққан одамлар у ерда руҳий-жисмоний азобларга мубтало бўлганларини, шубҳали дорилар билан эмланганларини сўзлаб беришди. Маълум қилинишича, шинжонликлар мажбуран ишлатилган, аёллар ўз ихтиёрларига хилоф тарзда стерилланган, болалар ота-оналаридан ажратилган, намоз ўқиган ёки Қуръон тиловат қилганлар таъқиб остига олинган.

Долкун Исага кўра, Шинжоннинг мусулмон халқи аҳволи ҳануз жуда оғир ва халқаро ташкилотлар, дунё мамлакатлари бунга кўз юммасликлари лозим.

“Халқаро ташкилотлар ва БМТ Шинжондаги оғир вазият бўйича бирликда иш олиб бориши керак. Геноцидни тўхтатишга кўмаклашиш – барча давлатларнинг бурчи. Вақтинча молиявий кўмак бериш билан ўзларини овутишмасин, у ёқда башариятга қарши жиноятлар содир бўляпти”, дейди жаҳон уйғурлари лидери.

Долкун Иса айтишича, шу йил ёзда Хитой ҳукуматининг Шинжондаги “100 кунлик қаттиқ калтаклаш кампанияси” ҳам ўлка аҳолисига зулм кучайишига олиб келган. Хитой нашрлари ушбу кампания чоғида июндан бошлаб 30 дан ортиқ киши иштирокида йиғинлар ўтказиш тақиқланганини хабар қилган эди. Маъмурлар яна “жамиятга таҳдид солаётган жиноятлар”га, шунингдек, “ноқонуний мафиячилар ва жиноят ташкилотлари”га қарши курашаётганларини иддао қилишган. Кампания сентябрь ойи охиригача чўзилади.

Жаҳон уйғурлар конгресси президенти Шинжон ўлкасидан маълумот олиш ҳамон мушкуллигини билдирди. Долкун Иса фикрича, 2019 йилда “касб-ҳунарга ўқитиш марказларидаги барча одамлар чиқарилди”дея эълон қилган Хитой ҳукумати ҳозирда ўз тактикасини ўзгартирган.

“2019 йилгача маҳбуслар мажбурий меҳнатга жалб қилинмади. Уларни “Мен қозоқ эмасман”, “Мен уйғур эмасман”, “Си Цзиньпинга шон-шарафлар бўлсин!” дейишга мажбурлаб гўёки “қайта тарбия” қилишди, мияларини ювишди. Ўз миллатидан, тилидан воз кечтириб, хитойча гаплашадиган ва Коммунистик партияни улуғлайдиган одамларга айлантиришди. Бироқ 2019 йил охирларида жамлоқлар қошида завоб-фабрикалар очиб, барча маҳкумларни ўша ерда ишлатишяпти. Шунинг орқасида катта пул топишяпти. Уларни текин ишчи кучи сифатида қўллашмоқда. Ҳибсга олинганларнинг ярми қамоқхонага, қолган ярми мажбурий меҳнатга жўнатилаётир”, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Австралия стратегик сиёсат институти (ASPI)нинг 2020 йилги тадқиқотида Хитой ҳукумати Шинжон аҳолисини меҳнатга мажбурлаётгани ҳақида сўз боради ва бу тизим “Хитой аксилуйғур сиёсатининг галдаги босқичи” деб аталган.

Пекин Шинжон аҳолиси мажбурий меҳнатидан фойдаланаётгани турли тадқиқотлар билан фош қилингач, Nike, Adidas ва H&M каби дунёнинг етакчи брендлари Хитойдан пахта сотиб олишни тўхтатди.

“Хитой одамларни онлайн кузатишга ўтди”

Халқаро ташкилотлар ва Ғарб мамлакатлари ушбу фактларни мустақил равишда текшириш учун Пекиндан ўз вакилларининг Шинжонга боришига рухсат беришни сўради. Бироқ Хитой ҳукумати халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларини Шинжонга киритмаяпти. Долкун Иса Хитой ўзига яқин мамлакатларнинг элчилари ва дипломатларини таклиф қилиб, уларга Шинжондаги “бахтли ҳаёт”ни кўрсатишда давом этажагини айтмоқда.

“Шу йил бошидан Хитой чет элда яшовчи обрўли кишиларни Шинжон бўйлаб саёҳатга таклиф қилмоқда. Сўнгра уларнинг кўнгилларини олиб, Шинжонда ҳеч ким камситилмаяпти, деб айтишга кўндиришяпти. Яъни, иқтисодий босим ўтказиш билан ўзларини дунё кўзига оппоқ кўрсатишмоқчи. Ўтган йилгача Шинжондаги ҳар бир аҳоли масканига киришда назорат-ўтиш пунктлари бор эди. Бу йилдан барча шинжонликларнинг телефонларига махсус дастур ўрнатилиб, уларни онлайн кузатишга ўтилди. Аммо йирик шаҳарларга киришда постлар ҳануз бор”, дейди Долкун Иса.

HRW жорий йилнинг майида эълон қилган тадқиқотда Хитой Шинжон турғунларини кузатиш учун улардан ўз телефонларига Jing Wang Wei Shi иловасини юклаб олишни талаб қилаётгани қайд этилган. Ташкилот маълумотига кўра, Шинжон полицияси телефонидан диний мазмунли файллар топилган кишиларни сўроқ қилади. Хитой ҳукумати ҳар қандай диний материалга “экстремизм ва терроризмга оид манба” деб қарайди.

Жаҳон уйғурлар конгресси Хитой ҳукумати Шинжон турғунларининг бир неча йил бурун олиб қўйилган паспортларини қайтараётганини ва айримларга ҳатто ўзлари истаган мамлакатга чиқиб кетишга изн бераётганини аниқлади.

“Уларни бежизга чиқариб юборишмаяпти. Ҳукумат шу йўл билан ўзини реклама қилмоқда, яъни мамлакатдан кетаётганларни “Мана, биз хорижга кетяпмиз, Хитой бизни ушлаб тургани йўқ, ихтиёримиз ўзимизда”, дейишга мажбур этмоқда”, дейди Долкун Иса Озодлик билан суҳбатда.

Аввалроқ Озодлик Қозоғистонга Шинжондан келган қозоқлар Хитойдаги қариндошларига зулм қилинишидан қўрқиб, Пекиннинг мусулмонларга нисбатан шафқатсиз сиёсати ҳақида очиқ-ойдин гапира олмаслиги ҳақида ёзган эди. Долкун Иса ўз интервьюсида Марказий Осиё мамлакатлари Шинжондан келувчи қозоқ ва уйғурлар учун унчалик ҳам хавфсиз эмаслигини таъкидлайди.

“Ҳаммамиз билган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бор. Ушбу ташкилотга аъзо давлатлар Пекиннинг раъйига қарши иш қила олмайди. Масалан, Қозоғистон ҳукумати Олмаотадаги Хитой консулхонаси олдида намойишлар қилаётган аёлларга босим ўтказиб, жаримага тортмоқда. Уларнинг бари Қозоғистон фуқаролари. Ўз фуқароларини аямаган мамлакатга бошқалар қандай ишонишсин?” дейди Иса.

Шинжондан Қозоғистонга келган айрим қозоқ ва уйғурлар, ўз ҳаётларидан хавфсираб АҚШга, Европа мамлакатларига ёки Туркияга жўнаб кетишни афзал кўришмоқда. Лекин ҳатто бунда ҳам жиддий тўсиқлар чиқиб туради: Остона Хитой мустабид сиёсатидан қочиб, чегарани ноқонуний кесиб ўтганларга фуқаролик бермаганидек, учинчи мамлакатларга чиқиб кетиши учун йўл ҳужжати беришни ҳам рад этаётир.

Форум

XS
SM
MD
LG