Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:08

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича музокаралар давом этмоқда


Пекин, Бишкек ва Тошкент Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда 12 апрель куни қирғиз парламенти депутатларига ҳисобот берган Қирғизистон транспорт ва коммуникация вазири ўринбосари Таабалди Тиллаев маълум қилди.

“Темир йўлни ким қуради, қурилиш қайси томондан бошланади ва унинг қиймати қанча бўлади деган саволлар атрофида музокаралар давом этмоқда. Бундан ташқари йўлнинг эни бўйича ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар бор. Бу масалада қўшни давлатлар билан бир муросага келишимиз шарт”, -деди вазир ўринбосари.

Айни пайтда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 2021 йилнинг 27 октябрь куни парламент йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига доир зарур ҳужжатлар тайёрланганини ва Ўзбекистон билан сўнгги музокаралар якунланганини эълон қилганди.

“Ўзбекистон томони билан сўнгги музокаралар якунланди. Вазирлар вертолётда ҳудудни айланиб чиқишди, зарур ҳужжатларни тайёрлашди. Биз президент Садир Жапаровнинг Хитойга расмий ташрифини кутяпмиз, аммо коронавирус муносабати билан Пекин ҳозирча ёпиқ. У очилганидан сўнг, президент ташрифи чоғида лойиҳа тақдири ҳал этилишини кутяпмиз. Қирғизистон ичидаги сўнгги йўналишлар белгиланган, темир йўлнинг 280 километр қисми бизнинг ҳудуддан ўтади, шундан 57 километри туннеллар бўлади”, -деган А. Жапаров депутатларга.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида эълон қилинган, аммо ўшандан бери амалга ошмай қолмоқда.

2017 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ тузилган, шунингдек лойиҳани амалга оширишнинг уч хил варианти кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинган.

Қирғизистон темир йўлни Отбоши туманидаги Тўруғарт давонидан ўтказишни истайди. Бу ҳолда Қирғизистон жануби шимолий вилоятлар билан боғланади.

Хитой ва Ўзбекистон эса йўлни Ўш вилоятидаги Эргаштом довони орқали қуриш таклифини киритган. Бу ҳолатда йўлнинг узунлиги қисқаради ва лойиҳавий қиймати камаяди.

XS
SM
MD
LG