Хитойда таҳсил олаётган самарқандлик талаба ва блогер Абубакир Маматов OzodMikrofonга мурожаат қилиб, ушбу мамлакатда тарқалган коронавирус эпидемияси сабаб ўзбекистонлик талабалар қийин вазиятга тушиб қолгани ҳақида гапирди.
Блогер Абубакир Маматовнинг айтишича, ҳозирда коронавирус сабаб карантинга тушган Хитойнинг ўнта шаҳридаги ўзбекистонлик талабалар ёрдамга муҳтож.
- Мен ўзим каникулга уйга келгандим. Лекин у ерда курсдошларим, танишларим, дўстларим бор. Кейин ўзим блогерман, вазиятни кузатиб, ёритиб келаяпман. Битта Ухан шаҳрида тахминан 30та ўзбекистонлик талаба қолган, бошқалари каникулга уйига келишган. Ўша 30 та талаба ҳозир жуда қийин аҳволда. Улар шаҳардан чиқиб кета олмаяпти. Кейин шаҳарда озиқ-овқат танқислиги юзага келган. Элчихона Wechatда группа ташкил қилди, учта телефон рақам берди. Лекин бу группа ёпиқ, ҳамма ҳам кира олмайди. Кейин элчихона телефонларига қўнғироқ қилсак, ҳеч ким жавоб бермайди. Хитойда ўзбекистонлик талабалар битта гуруҳ тузиб, пул йиғишаяпти ва Ухандаги ўзбек талабаларига ёрдам беришаяпти. Лекин талабалар элчихона эътиборига муҳтож, деди Абубакир Маматов.
Блогер Маматов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Озодлик Хитойдаги ўзбекистонлик талабалар билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси вакилига Телеграм орқали мурожаат қилди. 24 январь куни бу сўровга бирор кўринишда жавоб бўлмади.
Хитойда коронавируснинг янги тури тарқалишда давом этмоқда. Вирус тарқалиши бошланган Ухан шаҳрида ҳозиргача камида 6 одам коронавирус оқибатида ўлди.
24 январга келиб Пекин 41 миллиондан кўпроқ одам яшовчи 13 та шаҳарда карантин эълон қилди ва бу ҳудудларга кириш-чиқишни тақиқлади. Оқибатда ваҳимага тушган аҳоли орасида озиқ-овқат ва дори воситаларини керагидан ортиқ сотиб олиш жазаваси бошланди.
Куни кеча Хитой Соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси янги вирус одамдан одамга юқишини тасдиқлади. Айтилишича, касалликни хасталанганлар билан мулоқотда юқтириб олиш мумкин.
Шу боис бир неча давлат вирус тарқалишини олди олиш учун чора кўрмоқда. Хусусан, Осиё давлатлари аэропортларида йўловчилар текширилмоқда.
Шунингдек Австралия, Бангладеш, Непал, Сингапур ва АҚШ аэропортларида ҳам назорат кучайтирилди. Вирус тарқалиши ортидан Ўзбекистонда ҳам чегара назорати кучайтирилгани хабар қилинди.
Олимлар тахминларига кўра, вирус Ухан шаҳридаги мол бозоридан бошланган. Эпидемияга коронавируснинг аввал кузатилмаган тури сабабчи эканлиги аниқланди.
Маълумотларга кўра, янги касаллик Хитой ташқарисига ҳам тарқалди: беморлар Таиланд, Жанубий Корея ва Японияда ҳам аниқланди. Сешанба куни эса АҚШда ҳам вирусни юқтирган шахс аниқлангани хабар қилинди. Бу шахс АҚШга 15 январь куни айнан Ухан шаҳридан келган.