Хитойда декабрь ойи охири - январь ойи бошида нафас йўллари инфекциялари билан касалланиш кескин кўпайди, шифохоналар тўлиб кетди, деб хабар берди The Independent газетаси. Хитой касалликлар назорати ва профилактикаси бошқармаси грипп ва риновирусдан ташқари, одам метапневмовируси тарқалаётганини маълум қилди. Энг кўп беморлар Хитойнинг шимолий вилоятларида аниқланган. Шу билан бирга, Россия оммавий ахборот воситалари метапневмовирус тарқалиши фонида россиялик сайёҳлар Ҳиндистон ва Хитой курортларида касалланиш кўпайишидан шикоят қилаётгани ҳақида хабар бермоқда.
Тайваннинг Money UDN нашри ёзишича, метапневмовирусдан ўлим даражаси 43 фоизгача етиши мумкин. У айниқса ёш болалар, иммунитети заиф кишилар ва кексалар учун хавфли. Ўзига хос даволаш усуллари ва вакциналар мавжуд эмас, касаллик оддий ЎРВИ каби кечади ва пневмония билан асоратланиши мумкин.
"Инсон метапневмовируси (ИМПВ) фанга узоқ вақтдан бери маълум, у 2001 йилда тавсифланган, аммо музлатилган қон намуналаридаги антитаналар таҳлилига кўра, у ўнлаб йиллар олдин ҳам одамлар орасида айланиб юрган, – деди Сибир.Реалии нашрига АҚШнинг Массачусетс штатида яшовчи молекуляр биолог Олга Матвеева. – Яъни бу вирус инсониятга таниш."
Шуни таъкидлаш керакки, одам метапневмовируси аҳолининг айрим гуруҳлари учун маълум хавф туғдиради. Буларга астма каби сурункали ўпка касалликлари бор одамлар, иммунитети заиф кишилар (масалан, кимётерапия олаётган, орган кўчириб ўтказилган ёки ОИВ билан касалланган беморлар), иммунитети ёш туфайли пасайган кексалар, шунингдек, иммун тизими ҳали етарли ривожланмаган беш ёшдан кичик болалар киради. Уларда метапневмовирус бронхиолит ва пневмония каби жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин, аксарият соғлом одамларда эса инфекция енгил нафас йўллари аломатлари билан кечади. Бироқ, умуман олганда, одам метапневмовирусининг хавфи грипп ёки респиратор-синцитиал вирусга нисбатан анча паст деб баҳоланган. Шунга қарамай, "оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичар" деганларидек – коронавирус пандемиясидан сўнг вирусли инфекция тарқалиши билан боғлиқ хавотир осонгина ваҳимага айланиши мумкин. Бу вазиятга хитойликлар гўё оловга мой қуяётгандек таъсир кўрсатмоқда.
Хитойдан ташқарида ушбу мамлакатдан келган кўплаб муҳожирлар бор бўлиб, улар мавжуд тузумга танқидий муносабатда, бунга асослари ҳам бор. Бу одамлар ижтимоий тармоқларда шифохоналарнинг қабулхоналари, айниқса болалар қабулхоналари, ҳатто крематорийларнинг гавжумлигини кўрсатувчи суратларни фаол тарқатмоқда. Албатта, бундай суратлар хавотир уйғотади. Чунки вируснинг ўзгариб, янада юқумли ва хавфли бўлиб қолганига озгина бўлса-да, эҳтимол мавжуд. Бундай бўлиши мумкин, гарчи эҳтимоли жуда кам. Қўрқувларга яна Хитой ҳокимиятининг кўпинча "шаффоф эмаслиги" ҳақидаги ҳикоя ҳам қўшилмоқда, дейди Олга Матвеева.
2016 йилгача одам метапневмовируси парамиксовируслар (Paramixoviridae) оиласининг Pneumovirinae кенжа оиласига киритилган, 2016 йил охирида эса пневмовируслар алоҳида Pneumoviridae оиласига ажратилди. 2016 йилда Халқаро Вируслар Таксономияси Қўмитаси (ХВТҚ) қарори билан одам метапневмовируси Pneumoviridae оиласининг Метапнеумовирус туркумига киритилди. Бу туркумга, шунингдек, курка метапневмовируси (Avian metapneumovirus, aMPV) ҳам киради.
- Бу вирус биринчи марта аниқланган 2001 йилдан бери у сабаб бўлган бирорта эпидемия ҳолати бўлмаганми? Ёки шундай ҳолатлар бўлган-у, коронавирус давригача уларга ҳозиргидек жиддий қаралмаган бўлиши мумкинми? Бундан ташқари курка метапневмовируси ҳам шу туркумга киради. Бундан ташқари, бу оилага одамнинг респиратор-синцитиал вируси ҳам киради.
- Мавсумий тарқалишлар бўлган, аммо вирус катта хавф туғдирмаган. Шунинг учун унга ҳозирга қадар вакцина ишлаб чиқарилмаган. Ушбу вируснинг патогенлик даражаси бўйича хавфи паст бўлган бошқа грипп вируси ёки РСВ вируси билан қиёсланиши мумкин.
«Патогенлик» – касалликнинг оғирлиги ва асоратларни келтириб чиқариш қобилияти ва "юқумлилик" икки омил бўлиб, улар бир-биридан мутлақо алоҳида бўлиши ёки биргаликда намоён бўлиши мумкин. Энг ёмон сценарийда, бу вирус эволюциялашиб, унинг ҳам патогенлиги, ҳам юқумлилиги ортган бўлиши мумкин. Лекин биз буни аниқ билмаймиз. Агар у ўтмишда жиддий хавф туғдирган бўлса, унга қарши вакцина ишлаб чиқиш ёки самарали антивирус дори топиш учун катта куч сарфланган бўларди.
Бу вируснинг салбий хусусияти шундаки, у узоқ давом этмайдиган иммунитетни ҳосил қилади. Бироқ, унга қарши иммунитет мавжуд ва айтишларича, 10 ёшгача бўлган болалар бу вирус келтириб чиқарадиган инфекцияларни бошдан кечиргач, кейинчалик у сабаб бўлган касалликни енгилроқ ўтказади.
Метапневмовирус белгилари бошқа нафас йўллари инфекциялариникига ўхшайди: у юқори ва қуйи нафас йўлларига таъсир қилиб, йўтал, иситма, аксириш каби аломатларни келтириб чиқаради. Умуман олганда, оддий белгилар. Аммо Хитойда нима бўлаётганини аниқ билмаймиз. Балки патогенлик кучайгандир ёки янада ўзига хос белгилар пайдо бўлгандир.
Жаҳон илмий ҳамжамияти ва ЖССТ Хитойдан норози бўлиб, сизлар бизга ҳамма нарсани айтиб бермаяпсизлар, деб таъкидлашмоқда. Хитой эса, йўқ-йўқ, биз сизларга ҳамма нарсани айтиб беряпмиз, деб жавоб бермоқда. Бироқ, одамлар COVID-19 пандемиясини бошдан кечиргани сабабли, Хитойнинг хатти-ҳаракатлари шубҳа уйғотмоқда.
– Тайвандаги бир нашр вирусдан ўлим даражаси 43 фоизга етиши мумкинлигини ёзган...
– Бунинг эҳтимоли жуда паст. Хитой ёпиқ бўлгани учун мен буни мутлақо рад этолмайман, лекин 99,9 фоиз ишонч билан айта оламанки, бу шунчаки миш-миш. Кликбейт деган тушунча бор.
– Кузатишларингизга кўра, Қўшма Штатларда бу мавзуда гап-сўзлар борми? Қандайдир ташвиш сезилмоқдами?
– Нуфузли оммавий ахборот воситалари тахминан биз ҳозир муҳокама қилаётган мазмундаги мақолалар эълон қилишди. Яъни, хавотирланиш учун маълум асослар бор, чунки биз Хитой ҳукумати бизга ҳамма нарсани ва ўз вақтида хабар бермаётган бўлиши мумкин деб ўйлаймиз. Баъзи суратлар касалхоналарнинг тўлиб кетганини кўрсатмоқда, аммо шу билан бирга, бу вирус яхши ўрганилган ва йилнинг совуқ фаслида одатий мавсумий касалланишларни келтириб чиқаради. Ваҳимага тушиш учун асослар кўпроқ эмас.
– Янги йил арафасида ОАВ Доналд Трамп Қўшма Штатларни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқариш ҳақида ёзди. Агар янги пандемия юз берса, бу вазиятга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
– Албатта, бу таъсир қилади, лекин фикримча, Америка аввалгидек вакциналар ишлаб чиқаришни ва уларни бутун дунёга сотишни ёки ҳатто баъзи мамлакатларга бепул беришни давом эттиради. Умид қиламанки, бу амалиёт сақланиб қолади, чунки бир томондан, Трамп - тадбиркор, ва бу ҳам бизнеснинг бир қисми ҳисобланади. Ахир, айнан Трамп даврида коронавирусга қарши самарали вакциналар ишлаб чиқилган эди. Бундан ташқари, унинг президентлиги даврида давлат органлари томонидан вакциналар маъқулланган ва эмлаш бошланган. Трамп йирик фармацевтика компанияларининг фикрларига жуда эътибор беради. Бошқа томондан, у кўпинча илм-фанни тан олмайдиган, конспиролог ва аксил-вакциначи деб аталадиган кичик Кеннедини Америка соғлиқни сақлаш тизими раҳбари этиб тайинлашни хоҳлайди. Унинг тасдиқланиш имконияти бор, илмий ходимлар ва соғлиқни сақлаш тизими ходимлари эса бундан даҳшатга тушмоқда.
- Коронавирус бўйича ҳаяжонлар пасайгандан бери анча вақт ўтди. Бироқ метапневмовирус тарқалиши ҳақидаги хабар пайдо бўлиши биланоқ, Россия ижтимоий тармоқларида бу яна бир фитна, фармацевтика компаниялари бизнеси ва вакциналар заҳар эканлиги ҳақида кўплаб изоҳлар пайдо бўлди. Пандемиядан бир неча йил ўтгач, илмий ҳамжамиятда эмлаш натижалари ҳақидаги фикр қандай? Америкаликлар бу ҳақда қандай ўйлашади?
– Бизда ҳам вакцинага қарши ҳаракат жуда кучли. "Facebook", "Twitter" ва бошқа ижтимоий тармоқларда вакцинага қаршилар жуда баланд овозда гапиради ва Кеннедининг соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланиши мумкинлигидан ғоят хурсанд. Аммо илмий дунё қатъий, унда эмлаш миллионлаб одамларни қутқаргани ҳақида ягона фикр мавжуд. Ҳатто менинг кичик тадқиқотим хулосаси ҳам бу фикрни тасдиқлади, чунки биз ҳамкасбларим билан Европа мамлакатлари, жумладан, Россия ва АҚШ бўйича статистикани таҳлил қилдик. Биз мамлакат одамларни қанчалик тез эмлаганини, айтайлик, 2021 йил октябргача аҳолининг қанча қисмини эмлашга эришганини ва бу мамлакатдаги ортиқча ўлим билан қандай боғлиқлигини ўргандик. Натижада жуда кучли боғлиқлик аниқланди: эмлаш қанчалик тез ва кўп бўлса, ўлим шунчалик кам бўлди, фарқ эса деярли ўн бараварга етиши мумкин эди. Россия нисбатан кам ва секин эмланган мамлакатлар қаторига киради ва пандемия даврида мамлакатда ортиқча ўлим деярли бир фоизни ташкил этди. Бу жуда юқори кўрсаткич. Аҳолини жуда тез эмлай олган баъзи Ғарб мамлакатларида, масалан, Норвегия ва Данияда бу кўрсаткич атиги 0,1 фоиз, яъни 10 баравар кам.
Гап баъзи мамлакатлар бойроқ, бошқалари камбағалроқ эканлигида эмас. Биз ЯИМни таҳлил қилдик ва бу кўрсаткич ортиқча ўлим билан боғлиқ эканини, аммо эмлаш тезлигига қараганда кучлироқ эмаслигини аниқладик. Кейин биз АҚШ штатлари бўйича худди шундай ишни амалга оширдик ва натижа худди шундай эди.
Умуман олганда, агар АҚШ Ғарбий Европанинг баъзи давлатлари каби тезда эмланганда, 300 000 кишининг ҳаёти сақлаб қолинган бўларди, деб ҳисобладик. Бу ортиқча ўлимлар сони АҚШ Вьетнам урушида йўқотган сондан кўпроқдир.
Россияда биз яна бир тадқиқот ўтказдик. Москва соғлиқни сақлаш бошқармаси 2021 йилнинг июнь-июлига қадар қанча одам эмлангани ҳақидаги барча маълумотларни бизга яширинча тақдим этди – бу Россиядаги энг кучли дельта эпидемияси эди. Биз 300 минг москваликнинг маълумотларини таҳлил қила олдик: одамлар қайси вакцина билан эмлангани ва эмланмаганлар орасида қанча одам вафот этгани. "Спутник" ўлимдан жуда яхши ҳимоя қилганини аниқладик. Агар одамлар "Спутник" билан эмланган бўлса, ўртача 5 баравар камроқ ўлган, "ЭпиВакКорона" эса – бу сохта вакцина – бунинг акси бўлган. Афтидан, одамлар у билан эмланиб, ўзларини ҳимояланган деб ўйлашган ва шунинг учун кўпроқ юришган, кўпроқ зарарланишган ва кўпроқ вафот этган.
– Коронавирусга қарши вакциналарнинг кейинги ножўя таъсири бўйича янги тадқиқотлар борми?
– Мақолалар бор: муаллифлар вакцинадан ва ковиддан, хусусан, тромбоз, инфарктдан нималар содир бўлиши мумкинлигини таққослашган. Вакциналардан узоқ муддатли ножўя таъсирлар деярли кўринмайди. Аммо ковид таъсири жуда катта. Яъни, одам ковид билан касалланган - бир неча ойдан кейин у инфаркт ёки инсультга учрайди. Бироқ одамлар энди буларни бир-бири билан боғламайди. Тадқиқотчилар хулосаларини умумлаштирсак, биринчи тўлқинлар ковиди (омикрон штаммигача) инсульт ва инфаркт эҳтимолини касалликдан кейин уч йил ичида икки баравар оширади.
Америкада яхши маълумотлар базаси жуда кўп, у ерда одам шифокорга мурожаат қилган бўлса, касаллик каби бирор ҳодисадан кейин узоқ вақт давомида нима содир бўлганини кузатиш мумкин. Албатта, вакцина жиддий асоратларга олиб келиши мумкинлиги исботланган, лекин бу асоратлар ковиднинг ўзидан келиб чиқадиган асоратларга қараганда анча кам. Шунинг учун биз эмлаш жуда кўп одамлар ҳаётини сақлаб қолганини аниқ биламиз ва буни ёдда тутишимиз керак.
Тиббиёт фанлари доктори, вирусолог Михаил Фаворовнинг фикрича, метапневмовирус Ковид-19 каби пандемияни келтириб чиқара олмайди.
Грипп, парагрипп, аденовирус сингари 2001 йилда голландиялик олимлар метапневмовирус деб номланган вирусни ажратиб олишди. У табиатан респиратор-синцитиал вирусга яқин туради. Улар турли беморлардан олинган нафас йўллари ажралмаларини маълум усуллар билан ўрганиб, грипп, бошқа вируслар ва яна қандайдир нуклеин кислота, яъни РНК борлигини аниқладилар. Кейин улар бу РНКни пассажлаш орқали кўпайтириб, унга мос праймерларни ПЗР усули билан шу номдаги вирусни топишди.
Бироқ, вирус унчалик оғир бўлмагани сабабли, у ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармайди, шу боис бу кашфиёт қўшимча тадқиқотларсиз қолиб кетган эди. Аммо бутун дунё жамоатчилигини қаттиқ саросимага солган ковид пайдо бўлди. Ковид пандемияси оқибатида 20 миллиондан ортиқ киши вафот этди. Шу даврда нафас йўллари касалликларида вирусларни аниқлаш бўйича бир қатор усуллар ишлаб чиқилди. Ковид тугагач, бу усулларни қандай қўллаш мумкинлигини ўргана бошладик. Хитойда ковидни ташхислаш кенг йўлга қўйилган эди. Шунга мувофиқ, уларда бошқа диагностик воситаларни ишлаб чиқариш имкониятлари мавжуд.
Илгари метапневмовирусни аниқлаш усули йўқ эди. Уни 24 йил ўрталарида ишлаб чиқиб, бозорга чиқарганда, жуда кўп ижобий натижали беморлар аниқланди. Аммо вирус мавсуми давомида қанча бемор бўлиши ҳақида ҳеч кимда маълумот йўқ эди. Натижада олинган маълумотлар бизда янги эпидемия бошланаётгани ҳақида шов-шувли таассурот уйғотди. Аслида, фикримча, бу эпидемия эмас, балки биринчи марта аниқланган вирус бўлиб, у ҳозиргача маълум бўлган барча ўткир респиратор касалликлар, вирусларнинг ярмидан камроғини ташкил этади.
Табиийки, ҳозирги даврда объектив ҳақиқат ҳақида маълумотга эга бўлиш жуда мушкул. Шу боис интернетда шифохоналар тўлиб кетгани, мен у ерга холамни олиб борганимда, уни қабул қилмаганлари ва шунга ўхшаш хабарлар пайдо бўлди. Аммо, табиийки, ушбу вирус кўп миқдорда аниқланган Хитой ҳудудлари ҳукуматлари бундай эмаслигини таъкидлашмоқда. Бироқ улар ковид даврида ҳам шундай дейишган эди. Шунинг учун у ердаги эпидемиянинг миқёси ҳақидаги масала очиқ қолмоқда.
Биз мавсумнинг энг қизғин палласида бўлганимиз сабабли, агар буни август ойи билан таққослайдиган бўлсак, табиийки, бу ерда касаллик 10 баравар кўпайганга ўхшайди. Бу вирус мутацияга учраб, пандемияга сабаб бўлиши мумкинми? Йўқ. Чунки вирус эски. Ковид билан содир бўлган барча ҳодисалар вируснинг турлараро ўтиш даврида янги вируслар билан содир бўлади, бу ҳолатда сичқонлардан. Одамларга ўтиш хитойлик олимларнинг фаол иштироки билан юз берди. Уларнинг аралашувисиз, менимча, ҳеч қандай ковид бўлмас эди. Вирус билан кўплаб тажрибалар ўтказилди ва қўлланилган биоҳимоя бузилди. Натижада, институтдан бир ярим километр узоқликдаги бозорга ўзлари ёки хотинлари борган ходимлар ҳам касалликка чалинган. Шундай қилиб, вирусни тарқатишнинг биринчи қадами қўйилди.
Ҳозирги ҳолатда вирус янги эмас. У қачон ва кимдан одамларга ўтганини билмаймиз. Чунки барча вируслар қачонлардир ҳайвонлар вируси бўлган. У 2001 йилда, 25 йил олдин кашф этилган, ковид билан содир бўлган барча ўзгаришлар, ҳайвондан одамга ўтиш пайтида юз берадиган оммавий мутацияларни вирус аллақачон бошидан ўтказган. У 25 йилдан бери айланмоқда. Вирусдан ҳимояланмаган барча одамлар, айтайлик, ковид пайтидагидек алоҳида таъсирчан бўлганлар гуруҳи, аллақачон вафот этган," дейди Михаил Фаворов.
Шу билан бирга, дунё оммавий ахборот воситалари ёзаётган Хитой шимолидаги эпидемия ҳақида ҳамма ҳам хабардор эмас.
"Мен Хитойнинг айнан шимолида, Хэйлунцзян вилоятида яшайман ва ўқийман, – дейди Матвей. – Ҳам рус, ҳам Хитой ОАВларини ўқийман, шунингдек, Хитой TikTok’ини кузатаман. Метапневмовирус тарқалиши ҳақидаги хабарларни фақат Россиянинг Telegram янгиликлар каналларида кўрганман. Хитой TikTok’и ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган. Агар тўсатдан касалликларнинг маҳаллий тарқалиши содир бўлса, ўқитувчилар бу ҳақда хорижий талабалар билан суҳбатда ёзиб, қандай чоралар кўриш кераклигини айтишади. Менинг университетим бу ҳақда ҳеч қандай хабар бермади, шунинг учун мен хитойлик дугонамдан вирус тарқалиши ҳақида бирор нарса эшитган-эшитмаганини сўрашга қарор қилдим. У эшитмаганини айтди ва ҳатто бу қандай вирус эканлигини интернетдан қидирди. Ҳа, у ҳақиқатан ҳам маҳаллий эпидемиялар борлиги ва бу вирус болалар, кексалар, иммунитети заиф одамлар учун хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги мақолаларни топди. Худди гриппга ўхшайди. Нашрларда жамоат жойларида ниқоб тақиш тавсия этилади. Агар бу эпидемиологик хусусиятга эга бўлганда, ҳамма буни дарҳол билиб олган бўларди. Яъни, Ковид-19 бошланишида бўлгани каби, муаммони яширмасдилар. Шахсий кузатувларимга кўра, мен ҳозир касал бўлган атиги иккита одамни биламан, лекин бу оғир касаллик эмас. Ҳеч қандай чеклов йўқ, карантин ҳам".
Россиянинг "Роспотребнадзор" идораси Хитойда метапневмовирус билан касалланганлар сони кўпайиши муносабати билан эпидемиологик вазиятни кузатиб бормоқда, деб хабар қилди идора матбуот хизмати. "Ўткир респиратор юқумли касалликлар мамлакат ичида фаол тарқалмоқда, 14 ва ундан кичик ёшдаги болалар орасида метапневмовирус билан касалланиш даражаси ортиб бормоқда," дейилади пресс-релизда.
Форум