Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Хитойдаги ўзбеклар учун 2та чартер рейс белгиланди. Ухандан ўзбекларни олиб чиқишга рухсат берилди


Пекин аэропортида ўзбекистонлик талабалар, 26 январь, 2020 йил
Пекин аэропортида ўзбекистонлик талабалар, 26 январь, 2020 йил

Ўзбекистон ҳукумати Хитойда қолаётган ўзбекистонликлар учун 2 та чартер рейс уюштиришга қарор қилди.

Пекиндаги элчихона консули Бобур Яҳёев бу хабарни имкон қадар кўпчилик - Хитойда юрган ўзбеклар ва уларнинг Ўзбекистондаги яқинларга етказиш истагида Озодликка мурожаат қилди.

Консулга кўра, Ухандаги ўзбекистонликларни олиб чиқишга ҳам Хитой томони рухсат берган. Бу талабалар учун яна битта самолёт жўнатилади.

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси консули Бобур Яҳёевнинг 2 февраль куни Озодликка маълум қилишича, Ухандаги талабаларни 4 - 5 февраль кунлари олиб чиқишга ҳозирлик кўрилмоқда.

- Ҳозир Ухандаги талабаларни тўсиқсиз олиб чиқиш учун техник чора-тадбирлар масаласини Хитой томони билан бирга ҳал қиляпмиз. Бундан ташқари, Хубэй провинциясининг бошқа ҳудудларида қолаётган ўзбекларни ҳам рўйхатини Хитой томони билан бирга шакллантириб, Уханга олиб келиб, махсус чартер рейс билан олиб чиқишнинг охирги босқичларида ишлаяпмиз. Ухандаги ўзбекларнинг эвакуацияси харажатлари давлатимиз томонидан тўлиқ қопланади. Бу ҳудудда бўлиб турган ва элчихонага мурожаат қилмаган ўзбекистонликлар бўлса, марҳамат, консуллигимизга тезроқ боғлансин! - деди Бобур Яҳёев.

Консулга кўра, яна иккита чартер рейс айни кунда - 4 - 5 февраль кунлари Пекин аэропортидан учади.

- Хитойнинг бошқа ҳудудларида юрган ўзбекистонликларга ҳам Озодлик орқали мурожаат қилмоқчиман, чунки сизларда аудитория катта - 4 - 5 февраль ташкил қилинаётган рейсларга чипта олинг! Бу иккита рейс учун чипта харажатлари фуқароларимизнинг ўзларида. Ҳужжат ёки бошқа масалада муаммо бўлса, элчихонага боғланинг! - деди Пекиндаги Ўзбекистон элчихонаси консули.

Консулга кўра, шу кунга қадар Ухань шаҳрида 81 нафар ва бу шаҳар жойлашган Хубей провинциясида эса умумий ҳисобда 90 нафардан ортиқ ўзбекистонлик аниқланган, рўйхат ҳануз шакллантирилмоқда.

Хитой бўлаб эса, жами 200дан ортиқ ўзбекистонлик режаланаётган чартер рейслар билан Ўзбекистонга қайтиш ниятини билдирган.

Ташқи ишлар вазирлиги Хитойдаги Ўзбекистон фуқароларидан 3 февраль куни Пекин шаҳридаги элчихонага келишини сўради.

Айни пайтда, вазирлик зарурат туғилса, яна қўшимча рейс қўйилиши ва бунинг санаси ҳақида қўшимча хабар берилишини маълум қилди.

30 январь куни Озодлик билан мулоқотда консул Хитой ҳудудида қолаётган ўзбекистонликлар сони 1500 нафарга яқинлигини айтган эди. 2 февралга келиб, буларнинг катта қисми Ўзбекистон, Туркия, Россия йўналишлари орқали Хитойни тарк этишга улгургани айтилди.

Айни пайтда, Хитойда коронавирус эпидемиясидан ўлганлар сони 300дан ошди.

Вирус бошқа давлатларга ҳам тарқалишда давом этмоқда.

2 февраль куни Хитой соғлиқни сақлаш вазирлиги вирус Хитойнинг ўзида 14 минг 380 кишига юққанини билдирди.

Бу орада Хитойдан ташқари Филиппинда илк маротаба вирусни юқтирган шахс вафот этди. Россия, Британия ва Швеция ҳам вирус тарқалган ўнлаб давлат сафига қўшилди.

АҚШ ва Австралия каби давлатлар кейинги икки ҳафта ичида Хитойда бўлган шахсларни вақтинча киритмаяпти.

АҚШ Соғлиқни сақлаш вазири Алекс Азар АҚШ фуқаролари ҳамда доимий яшовчиларидан ташқари шахслар яқинда Хитойга борган бўлса, АҚШга вақтинча киритилмаслигини айтди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пайшанба куни халқаро миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Коронавирус ёки тожли вирус - 2019 n-CoV ўткир респиратор вирусининг келиб чиқиши ҳақида турли тахминлар ўртага ташланди.

Аввалига вирус Ухандаги ҳайвонот бозорида илонлардан тарқалгани айтилганди.

Эндиликда вирус манбаси кўршапалаклар, дейилмоқда. Бундай хулосага вируснинг генетик таҳлили ортидан келинган.

Вируснинг хавфли жиҳати одамдан одамга юқишидир. Хитойдан ташқари одамдан одамга юқиши ҳозирча фақат тўрт мамлакатда — Вьетнам, Германия, АҚШ ва Японияда содир бўлди.

Вируснинг нақадар хавфлилиги ҳали тўлиқ аниқлангани йўқ. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вирус юқтирганларнинг тахминан 2 фоизи ҳалок бўлаётганини билдирди.

Коронавирус, одатда, сут эмизувчилар ҳамда қушларда учрайди. Вируснинг айрим турлари енгил, айримлари оғир касалликларга олиб келади.

Вируснинг аксар тури хавфсиз бўлиб, шамоллашда кузатиладиган аломатларни келтириб чиқаради.

Аммо вируснинг 2003 йилда тарқалган оғир ўткир респиратор синдроми (SARS) деб номланувчи тури анча хавфли. 2002–2003 йилларда мазкур вирус 37 давлатда 8 мингдан ошиқ кишига юққан, 774 нафар кишининг ёстиғини қуритган эди.

Коронавирусга қарши самарали вакцина ишлаб чиқилмаган. Шу сабаб Хитой расмийлари мамлакат бўйлаб саёҳатларни чеклаш учун кескин чораларни кўрмоқда.

Хусусан, Ухан ҳамда у жойлашган Хубэй вилоятида 50 миллион одам саёҳати чекланиб, ҳудуд изоляция қилинди. Бошқа давлатлар эса аэропортларда ва денгиз портларида назоратни кучайтирмоқда.

Ўзбекистон ҳам 1 февралдан Хитой билан авиақатновни вақтинча тўхтатганини билдирганди.

XS
SM
MD
LG