Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Хитойлик келин Хитойнинг Дубайдаги махфий ҳибсхонаси ҳақида сўзлаб берди


Қошғардаги қамоқхона кузатув минораси
Қошғардаги қамоқхона кузатув минораси

Хитойлик келин “The Associated Press” (AP) агентлигига саккиз кун давомида Дубайда Хитой назоратидаги махфий ҳибсхонада яна камида икки нафар уйғур билан бирга сақланганини сўзлаб берди. Агентликка кўра, Ву Хуань берган кўрсатма Хитой ўз ҳудудидан ташқарида ҳам махфий ҳибсхона юритаётганини тасдиқловчи биринчи далил бўлиши мумкин.

26 ёшли Ву Хитойга қайтариб юборилишидан қўрқиб, қочиб юрган, чунки у унаштирилган эркак хитойлик диссидент ҳисобланади. Ву AP агентлигига берган интервьюсида уни Дубайдаги меҳмонхонадан ўғирлаб кетишганини ҳамда Хитой расмийлари уни қамоқхонага айлантирилган виллада ушлаб туришганини сўзлаб берди. Вунинг сўзларига кўра, у ерда яна икки маҳбусни кўрган ёки улар ҳақида эшитган. Уларнинг иккиси ҳам этник уйғур бўлган.

Вуни хитой тилида сўроқ қилиб, унга таҳдид қилишган. У бўлажак куёви уни таъқиб қилгани айтилган ҳужжатларга имзо чекишга мажбурланган. Ву 8 июнь куни қўйиб юборилган ва айни дамда Голландиядан сиёсий бошпана олишга уринмоқда.

Махфий ҳибсхоналар Хитойда кенг тарқалган бўлса-да, Ву Пекинни бошқа мамлакатда сирли ҳибсхона ташкил қилганини сўзлаб берган илк гувоҳдир. Агар бу жой чиндан мавжуд бўлса, бу ҳолат Хитой ўзининг ошиб бораётган таъсиридан фойдаланиб, хоҳлаган фуқаросини – мухолифатчиларни, коррупцияда гумонланганларни, уйғурлар каби этник озчиликлар вакилларини ва бошқаларни – ҳибсга олиш ёки экстрадиция қилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

AP Ву гапларини мустақил равишда тасдиқлай ёки рад қила олмаган. Ву сирли ҳибсхонанинг аниқ манзилини айтиб бера олмаган. Бироқ агентлик мухбирлари тасдиқловчи далилларни, шу жумладан, Вунинг паспортидаги муҳрларни, хитойлик амалдор телефон орқали уни сўроқ қилган суҳбат қайди, Ву қамоқдан туриб у ва унинг бўлажак куёвига ёрдам бериб келган пасторга юборган SMS хабарларини кўрган ва эшитган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Вунинг ҳикоясини рад этди. Душанба куни вазирлик матбуот котиби Хуа Чунин:

"Сизга шуни айта оламанки, у сўзлаб берган ҳолат ҳақиқатга тўғри келмайди", деди.

Душанба куни Дубай полицияси маҳаллий ҳукумат чет эл номидан хитойлик аёлни ҳибсга олгани ҳақидаги даъволар ёлғон экани, Ву уч ой олдин дўсти билан мамлакатдан тўсиқсиз чиқиб кетганини маълум қилди.

"Дубай халқаро қабул қилинган процедуралар ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш жараёнларига риоя этмаган ҳолда чет эл фуқаросини қўлга олмайдиям, чет эл ҳукуматларига ўз ҳудудида бирор ҳибсхонани бошқаришга рухсат бермайдиям", дейилади Дубай ҳукуматининг матбуот идораси баёнотида.

"Дубай, шунингдек, чет эл ҳукуматлари қидираётган қочқинларни ҳибсга олиш, сўроқ қилиш ва топшириш бўйича Интерпол каби халқаро ташкилотлар томонидан белгиланган барча глобал меъёр ва тартибларга амал қилади".

Махфий қамоқхоналарда маҳбуслар одатда жиноят содир этганликда расман айбланмайди. Бундай жойга олиб борилганлар юридик ёрдам сўрай олмайди, гаров эвазига озодликка чиқа олмайди. Қолаверса, уларга суд қарори чиқарилмайди. Хитойда бундай ҳибсхоналарда кўп ҳолатларда маҳаллий ҳукуматга шикоят билан мурожаат қилмоқчи бўлганлар тўхтатиб қолинади. Одатда бундай ҳибсхоналар меҳмонхоналарда ёки чеккароқ уйларда ташкил этилади.

Тайвандаги Синика академияси доценти Юй Цзе Чен Дубайда махфий Хитой қамоқхонаси борлиги ҳақида эшитмаганини айтиб, Пекин бошқа мамлакатда бундай ҳибсхона ташкил этгани чин бўлса, бу ҳолат ғайриодатий бўлган бўларди, деди. Айни дамда, у Хитой ўз фуқароларини экстрадиция қилиш тўғрисидаги битимларга имзо чекиш каби расмий йўллар ёки визаларни бекор қилиш, нишонга олинган шахслар оила аъзоларига босим ўтказиш каби норасмий йўллар билан фуқароларини қайтариш учун қўлидан келган барча чорани кўраётгани эътиборга олинса, Дубайда яширин ҳибсхона ташкил этилгани эҳтимолдан ҳоли эмаслигини таъкидлади.

Чен айниқса уйғурлар Хитойга экстрадиция қилинаётгани ёки қайтарилаётганини айтди. Хитойда уйғурлар ҳатто намоз ўқиш каби амаллар учун террорчиликда гумон қилиниб, ҳибсга олинаётгани ҳақида хабарлар бор.

"Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси" 1997 йилдан 2007 йилгача тўққиз мамлакатда 89 нафар уйғур ҳибсга олингани ёки депортация қилинганини аниқлаган. Гуруҳ маълумотларига кўра, 2014 йилдан ҳозирги кунга қадар 20 мамлакатда 1 327 нафар уйғур қўлга олинган ёки экстрадиция қилинган.

Ву ва унинг 19 ёшли бўлажак куёви Ван Цзинъюй уйғур эмас, балки Хитойда этник кўпчиликни ташкил этувчи хан хитойлардир. Ван 2019 йилда Гонконгда бўлиб ўтган норозилик намойишлари ва Хитой Ҳиндистон билан чегарадаги тўқнашув давомида кўрган чоралар Хитой оммавий ахборот воситаларида бетараф ёритилаётганини шубҳа остига олгани учун Пекин ғазабига учраган.

Хитой уйғурлар билан бир қаторда диссидентлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилиб келади. Пекин коррупцияга қарши миллий кампания доирасида гумон қилинаётган амалдорларни зўр бериб мамлакатга қайтармоқда.

Хитойнинг авторитар лидери Си Цзиньпин раҳбарлигида "Skynet амалиёти" доирасида биргина 2020 йилда коррупция ва молиявий жиноят содир этганликда айбланаётган 1 421 кишини Хитойга юборилган. Бироқ, AP агентлиги сўнгги йилларда нечта Хитой фуқароси ҳибсга олингани ёки чет элдан депортация қилинганини аниқлай олмаган.

Дубайда уйғурлар сўроқ қилиниб, Хитойга қайтарилган ҳолатлар қайд этилган. Фаолларнинг айтишича, Дубайнинг ўзи ҳам бошқа давлатларда ўтказилган махфий сўроқларга алоқадордир. "Дубайда ҳибсга олинганлар" гуруҳига асос солган адвокат Рада Стирлинг БААдаги виллаларда ушлаб турилганини сўзлаб берган ўнга яқин одам билан ишлагани, улар орасида Канада, Ҳиндистон ва Иордания фуқаролари борлигини, лекин Хитой фуқаролари йўқлигини айтди.

"БАА ўз иттифоқчилари бўлган хорижий ҳукуматлар номидан одамларни ҳибсга олганига ҳеч қандай шубҳа йўқ", деди Стирлинг агентликка берган интервьюсида.

"Менимча, улар бундай кучли иттифоқчининг илтимосига елка қисмаган бўларди".

Бироқ АҚШнинг Қатардаги собиқ элчиси, ҳозир Форс кўрфази халқаро форумининг стратегик маслаҳатчиси ўлароқ фаолият юритаётган Патрик Терос бу айбловларни амирликлар учун "мутлақо ғайриодатий" деб атади.

"Улар иттифоқчиларга эркин ҳаракатланишига йўл қўймайдилар", деди у.

"Хитойликлар яширин марказга эга, деган гап мантиққа тўғри келмайди".

АҚШ Давлат департаменти Вунинг кўрсатмалари ёки Дубайда Хитой томонидан бошқариладиган махфий ҳибсхона борлиги ҳақидаги даъволарга изоҳ бермади.

Департамент AP агентлигига берган баёнотида "Биз ҳамма жойда трансмиллий қатағонларга қарши туриш учун иттифоқчилар ва шериклар билан фаолиятимизни мувофиқлаштиришни давом эттирамиз", дейиш билан чекланди.

Вилладаги ҳибсхона

Сочлари бўялган Ву илгари сиёсатга қизиқмаган. Аммо бўлажак куёви 5 апрелда мужмал айбловлар билан Дубайда ҳибсга олинганидан сўнг, оммавий ахборот воситаларига интервью бера бошлаган ва чет элда яшовчи хитойлик диссидентлар билан боғланган.

Вунинг сўзларига кўра, 27 май куни уни "Element al-Jaddaf" меҳмонхонасида хитойлик расмийлар сўроқ қилган. Бунинг ортидан уни Дубай полицияси бўлимига олиб боришган. Меҳмонхона ходимлари телефон орқали AP агентлигига меҳмонлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш компания сиёсатига зид эканини айтиб, Ву у ерда тургани ёки қачон тарк этганини тасдиқлашдан бош тортди.

Ву уч кун полиция бўлимида ушлаб турилгани, у ерда телефони ва шахсий буюмлари мусодара қилинганини сўзлаб берди. Унинг айтишича, учинчи кун деганда ўзини Ли Шухан деб таништирган хитойлик унинг олдига борган. У Вуга Дубайдаги Хитой консуллигида ишлаётганини айтган ва ундан Хитойга қарши чора кўриш учун хорижий гуруҳлардан пул олгани ёки йўқлиги ҳақида сўраган.

"Мен йўқ, Хитойни жуда яхши кўраман, дедим. Паспортим Хитойники. Хитойликман. Хитой тилида сўзлашаман. Қандай бундай қилишим мумкин, дедим?", дея ҳикоя қилиб берди Ву.

Дубайдаги Хитой консуллиги сайтида Ли Шухан бош консул ўлароқ кўрсатилган. Консуллик AP агентлигининг изоҳ сўраб ва Ли билан тўғридан-тўғри боғланиш мақсадига қилган қўнғироқларига жавоб бермаган.

Вунинг айтишича, бошқа бир хитойлик унинг қўлига кишан солган. Сўнгра уни полиция станциясидан олиб чиқиб, қора "Toyota" машинасига солишган. Машинада бир нечта хитойлик бўлган, лекин Ву уларнинг юзига тикилишдан қўрққан.

Ярим соат йўл юргач, улар бир-бирига ўхшаш иморатлар солинган кимсасиз кўчада тўхташган. Вуни уч қаватли оқ рангли виллага олиб киришган. Унинг сўзларига кўра, вилла хоналари алоҳида камераларга айлантирилган экан.

Уй совуқ ва сокин бўлган. Вуни оғир металл эшик ўрнатилган хоналарнинг бирига олиб киришган.

Хонада каравот, стул ва тун‑кун ўчирилмайдиган оқ люминесцент чироқ бўлган. Металл эшик ҳар доим ёпиқ турган. Фақат унга овқат беришаётганда очилган.

"Биринчидан, вақт ҳисси йўқолди. Иккинчидан, дераза йўқ эди ва мен кундузми ёки кеча, билолмасдим", деди Ву.

Вунинг айтишича, қўриқчи уни бошқа хонага бир неча бор олиб борган. У ерда уни хитой тилида сўроқ қилишган ва ҳеч қачон қўйиб юбормасликларини айтиб, қўрқитишган. Соқчилар доим юз ниқобида бўлган.

Ву ҳожатхонадан фойдаланишни кутаётганида бошқа бир маҳбусни – уйғур аёлни кўрганини сўзлаб берди. Бошқа бир сафар уйғур аёлнинг хитой тилида "Мен Хитойга боришни хоҳламайман, Туркияга қайтишни истамайман", дея ҳайқираётганини эшитган. Ву аёлларнинг ўзига хос ташқи кўриниши ва хитой тилида сўзлаётгандаги акцентига таяниб, улар уйғур эканини хулоса қилган.

Вунинг айтишича, унга кунига икки марта овқат берилган. Иккинчи овқат қуруқ нондан иборат бўлган. У сув ичиш ёки ҳожатхонага бориш учун соқчилардан рухсат сўраши керак бўлган. Вуга кунига кўпи билан беш марта ҳожатхонага боришга рухсат берилган, аммо бу соқчиларнинг кайфиятига боғлиқ бўлган.

Шунингдек, соқчилар унга телефон ва SIM карта бериб, унаштирилган йигити ва пастор Боб Фуга қўнғироқ қилишни буюришган. Фу "ChinaAid" христиан нотижорат ташкилотининг етакчиси бўлиб, жуфтликка ёрдам бериб келаётган экан.

Ван AP агентлигига Ву унга қўнғироқ қилгани ва қаерда эканини сўраганини тасдиқлади. Пастор Фу эса Ву камида тўрт ёки беш марта қўнғироқ қилганини айтди. Ву турли номаълум телефон рақамларидан чиққан. Бир марта қўнғироқ қилганида йиғлаётган ва қаттиқ саросимада бўлган. Ву Пасторга унаштирилган йигити Ванни ёмонлаб, унга ёрдам бермасликка чорлаган.

AP мухбирлари ўша пайтда Ву Фуга юборган SMS хабарлар билан танишиб чиққан.

"Мен у қаерда эканини яширишга уринаётганини пайқадим", деди Фу.

"Ўша пайтда биз унга бир нима бўлган, у ҳатто гаплаша олмайди, деган хулосага келдик".

Ву пировардида қўйиб юборишларига умид қилиб, овқат емай қўйгани, бақира ва йиғлай бошлаганини сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, уни асир олганлар унаштирилган йигити уни таъқиб қилаётгани таъкидланган араб ва инглиз тилидаги ҳужжатларга имзо чекишни талаб қилишган.

"Мен қўрқувда эдим ва ҳужжатларни имзолашга мажбур бўлдим", деди у AP агентлигига.

"Мен уларга имзо чекишни истамагандим".

Хитой разведкаси ўчоғи

Сўнгги йилларда амирликлар ва чет элликлар виллаларга олиб кетилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Энг кўп шов-шувга сабаб бўлган ҳолат Дубай ҳукмдорининг қизи Шайх Латифа бинт Муҳаммад бин Рашид ал‑Мактум ишидир. Шайх Латифа 2018 йилда қайиқда БААдан қочишга уринган, бироқ Араб денгизида ҳинд қирғоқ қўриқчилари уни ушлаб, БААга қайтариб берган.

BBC февраль ойида эълон қилган видеоларда Шайх Латифа Дубайдаги виллада мажбуран ушлаб турилганини даъво қилди.

"Мен гаровдаман", дейди у видеоларнинг бирида.

"Бу вилла қамоқхонага айлантирилган".

Кейинчалик Шайх Латифа номидан берилган баёнотда у энди эркин саёҳат қилиши мумкинлиги айтилди.

Хитой ва БАА чуқур иқтисодий ва сиёсий алоқаларни ўрнатган. Шунингдек, икки мамлакат контрразведка масаласида ҳамкорлик қилади. Хитой 2002 йилда БАА билан экстрадиция тўғрисидаги шартномани ва 2008 йилда суд ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномани ратификация қилган. Шунингдек, БАА Хитойнинг коронавирусга қарши вакциналари учун тажриба жойи бўлди ва Хитой билан синовлар ўтказиш борасида ҳамкорлик қилди.

Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси ва БААнинг амалдаги ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Зоид ал‑Наҳаён Хитой билан "террорчи экстремистик кучларга", жумладан, "Шарқий Туркистон исломий ҳаракати"га қарши бирга курашишга ҳозир эканини айтган. Пекин бу гуруҳни уйғур сепаратизмини тарғиб қилишда айблаб келади. 2017 йил охири ва 2018 йил бошида маҳаллий ҳукумат камида беш уйғурни ҳибсга олиб, Хитойга депортация қилган. Бу ҳақда уларнинг қариндошлари ва дўстлари AP агентлигига телефон орқали сўзлаб берган.

Бир неча уйғур агентликка БАА Хитой разведкасининг Яқин Шарқдаги уйғурлар ҳақида маълумот тўплаш марказига айланганини сўзлаб берган. Уйғур тилшунос олими Абдували Аюбнинг айтишича, у Туркияда жосуслик қилишга мажбурланган учта уйғур билан суҳбатлаш. Улар SIM карта ва нақд пул олиш ҳамда Хитой агентлари билан учрашиш учун Дубайга сафар қилган.

Шинжон ҳукуматининг собиқ ходими Жасур Абибула ҳам AP агентлигига берган интервьюсида 2019 йилда собиқ рафиқаси Асия Абдулаҳиб Шинжондаги лагерларга тааллуқли махфий ҳужжатларни қўлга киритганидан сўнг, Хитой давлат хавфсизлик хизмати уни лақиллатиб Голландиядан БААга чақирганини сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, Дубайда уни Хитой ҳукуматида ишлайдиган ўнга яқин одам кутиб олган. Уларнинг иккитаси ўзини Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги ходимлари деб таништирган.

Уларнинг бири элликдан ошган уйғур бўлган ва ўзини Долет деб таништирган. Долет Дубайда фаолият юритишини айтган. Иккинчиси эса хан хитой бўлиб, уйғур тилида равон сўзлай олган. Абибуланинг сўзларига кўра, иккинчиси лагерларга оид ҳужжатларни ким сиздирганини аниқлаш устида ишлаётганини айтган.

Агентлар Абибулага USB флешка бериб, уни собиқ хотинининг компьютерига суқишни айтишган. Улар Абибулага пул таклиф қилишган, "Hilton" курортига юборишган ва болалари учун ўйинчоқлар харид қилишган. Шунингдек, улар унга Хитойдаги онасининг видеосини кўрсатиб, таҳдид қилишган.

"Агар сени ўлдирсак ва дафн қилсак, ҳеч ким жасадингни топа олмайди", дея пўписа қилишган улар.

Абибула ҳозир Голландияда бўлиб, AP агентлиги у билан телефон орқали суҳбатлашган. Абибулла ўз даъволарини тасдиқлаш учун баъзи агентларнинг фотосуратлари, шунингдек, самолёт чипталарини юборган.

БААдан ташқари кўплаб бошқа давлат уйғурларни ватанига қайтариш учун Хитой билан ҳамкорлик қилиб келади. 2015 йилда Таиланд 100 дан ортиқ уйғурни Хитойга қайтарди. 2017 йилда Миср полицияси юзлаб уйғур талаба ва ишчини ҳибсга олиб, Хитойга жўнатиб юборди.

Уйғур гуруҳлари адвокатларидан бири Родни Диксон ўз жамоаси Тожикистон ҳукумати уйғурларни Хитойга депортация қилгани учун Халқаро жиноят судига шикоят қилганини айтди.

"Мен сенга қўнғироқ қилишга қўрқяпман"

Ву қўйиб юборилгач, уни меҳмонхонасига олиб бориб, шахсий буюмларини қайтариб беришган. У дарҳол Фу билан боғланиб, аввал қилган қўнғироқлари учун кечирим сўраган ҳамда ёрдам сўраган. Бу SMS хабарларни AP агентлиги мухбирлари кўриб чиққан.

"Мен сизга қўнғироқ қилишдан қўрқяпман", деб ёзган у Фуга.

"Мени эшитиб қолишларидан қўрқаман".

11 июнь куни у Дубайдан Украинага учиб бориб, у ерда Ван билан учрашган.

Хитой полициясининг Ванни Украинадан экстрадиция қилиши борасидаги таҳдидлари ортидан жуфтлик Голландияга қочиб борган.

XS
SM
MD
LG