Хитой Глобал хавфсизлик ташаббуси орқали Марказий Осиёга ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун ҳуқуқий асос яратмоқда ва бу минтақада геосиёсий кескинликка олиб келиши мумкин, деб ёзмоқда Ғарб нашрлари. Шунингдек, чет эл матбуоти қозоғистонлик журналист Думан Муҳаммедкаримга нисбатан суд ҳукми ҳамда Марказий Осиё этник корейсларининг Жанубий Кореяга кўчиши каби мавзуларга ҳам кенг ўрин берди.
Пекин Марказий Осиёга ҳарбий ёрдамни қандай легитимлаштирмоқда?
"Хитойнинг глобал хавфсизликка доир ташаббуси Марказий Осиёда кучлар нисбатини ўзгартириши мумкин", дейилган АҚШ Тинчлик институти сайтида эълон қилинган мақолада.
Хитой Марказий Осиёга ўнлаб йиллардан буён қизиқиш билан қарайди, бироқ Қозоғистонда содир бўлган 2022 йил январь воқеалари Хитойнинг минтақавий хавфсизликдаги иштироки чекланганини кўрсатди. Пекин Остонага ўз ёрдамини таклиф қилди, бироқ қозоқ ҳукумати уни қабул қила олмади, чунки зарур ҳуқуқий механизмлар йўқ эди. Марказий Осиёнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо уч республикаси билан Россия ўртасида эса шундай механизмлар мавжуд.
Хитой раҳбари Си Цзинпин 2022 йил апрелида Боао форумида Глобал хавфсизлик ташаббусини тақдимот қилдики, унга Пекиннинг Марказий Осиёда хавфсизликка кўпроқ таъсир этишга уриниши деб қараш мумкин, деб ёзган мақола муаллифи, Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети хитойшунослик дастури раҳбари Аббос Бобохонов. Мазкур ташаббус Хитойнинг Марказий Осиёга ҳарбий ёрдами учун ҳуқуқий асос яратади.
Глобал хавфсизлик ташаббуси ўтган йилнинг май ойида Сиан шаҳрида бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилинди. Марказий Осиё билан алоқалар тарихида илк бор Хитой минтақа хавфсизлигини кафолатлашга тайёрлиги ҳақида очиқ баёнот берди ва бу билан халқаро ҳамжамиятга “бизнинг Марказий Осиёдаги манфаатларимиз хавфсизлик масалаларини ҳам қамраб олади” қабилида мужда йўллади.
Бобохонов ёзишича, минтақани Глобал хавфсизлик ташаббусига жалб этиш учун Пекинда бир нечта сабаб бор. Хитой “Бир макон, бир йўл” дастури доирасида минтақага катта маблағлар тиккан ва, табиийки, ўз инвестициялари ҳамда иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилади.
Қолаверса, Украинадаги уруш Россиянинг минтақадаги нуфузига путур етказди. “Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин исёни ва “Крокус-Сити Холл”да содир бўлган теракт Россиянинг ички хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан бирмунча заифлигини кўрсатди.
Хитой Глобал хавфсизлик ташаббусини минтақада таъсир учун рақобат кучайиши манзарасида таклиф этмоқда. Хитой бўйича эксперт Роберт Дейлига кўра, Хитойнинг хавфсизлик соҳасидаги ташаббуси мустаҳкамлангани сайин “Марказий Осиё мамлакатлари Пекиннинг қучоғидан чиқиши тобора қийинлашади”. Айнан шунинг учун ҳам, экспертга кўра, минтақа Хитойнинг ўжарлигига қарши оптимал стратегия ишлаб чиқариши лозим.
Муаллиф фикрича, Хитойнинг узоқ ва ўрта муддатли стратегияси саналувчи Глобал хавфсизлик ташаббусининг амалга оширилиши минтақада геосиёсий кескинликка олиб келиши, Россия ва АҚШ сингари бошқа ўйинчилар ўртасида рақобатни кучайтириши, иқтисодий ва дипломатик муаммоларни туғдириши мумкин. “Охир-оқибат, Хитой сармояси ва кредитларига тобелик Марказий Осиёнинг қарорлар қабул қилиш эркинлигини ҳамда ташқи сиёсатдаги мустақиллигини чеклаши мумкин”, дея хулоса қилган Бобохонов.
Режимни ислоҳотчи ўлароқ тақдим этиш “ҳаракатларига путур етказган” ҳукм
АҚШнинг Diplomat нашри Қозоғистонда мустақил журналист Думан Муҳаммадкарим устидан ҳукм чиқарилгани ҳақида ёзди. Суд уни “экстремизмни молиялаш” ва “тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш” жиноятларида айбдор деб топиб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Журналист 2023 йилнинг ёзида ҳибсга олинган эди, суд эса 2024 йил февралида бошланди. Муҳаммадкарим қамоқда унга нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида маълум қилди. Прокуратура унинг шикояти бўйича иш қўзғатган эди, аммо кўп ўтмай “жиноят таркиби йўқлиги муносабати билан” иш ёпилди.
Муҳаммадкарим 2015 йилдан бери YouTube’да “Не дейді?” номли канални юритиб келар, 144 минг обуначиси бор эди. Журналист ўз каналида Январь воқеаларига бағишланган материаллар эълон қилиб, тартибсизликлардан сўнг полиция томонидан қамоққа олинган ва қийноққа солинган одамлар ҳақида ҳикоя қилган.
Муҳаммадкарим 2022 йил декабрида чет элда яшаётган қозоқ мухолифатчиси Мухтор Аблязовдан интервью олиши ортидан жиноий таъқибга учраган. Аблязов “Қозоғистоннинг демократик танлови” (ҚДТ) ҳаракати етакчиси бўлиб, 2018 йилда Қозоғистон суди уни “экстремистик ташкилот” деб топган ва тақиқлаган.
Diplomat’да чиққан мақола муаллифи Кэтрин Путц Қозоғистонда Аблязов ёки ҚДТ билан ҳар қандай мулоқот жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлишини урғулайди ва бунга блогер Айгул Утепова тақдирини мисол келтиради. 2021 йилда суд уни “экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш”да айбдор деб топиб, озодлигини чеклаган ва ижтимоий-сиёсий ишлар билан шуғулланишни тақиқлаган эди. Кейинроқ эса Айгул мажбуран психиатрия касалхонасига жойлаштирилган.
Путц икки жиноят ишини таққослайди. Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти танишиб чиққан айблов хулосасига кўра, Муҳаммадкаримнинг Аблязов билан интервьюси бўйича ўтказилган психололик-филологик экспертизада журналист “экстремистик ғоя ва қарашларни тарғиб қилган”и ва бу “ҚДТ экстремистик ташкилотига алоқадорлик” белгиси экани аниқланган. Айни пайтда хулосада Аблязов ва Муҳаммадкарим видеода “сиёсий ўзгаришлар тинч йўл билан рўй бериши керак”лиги ҳақида гапиришгани тан олинади.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев йил бошида “Егемен Қазақстан” нашрига берган интервьюсида: “Қонунчилигимизда фуқарони сиёсий қарашлари учун таъқиб этишга асос бўлувчи биронта ҳам қонун, фармон ёки бошқа норматив ҳужжат йўқ”, деган эди. Ўшанда Тоқаев “эски тизимга ҳеч қачон қайтилмайди”, дея ваъда ҳам берган.
“Бироқ Остонанинг Аблязовга нафрати Назарбоев ва Тоқаев даврларини бирлаштиради, жорий президентнинг ўз режимини феълан ислоҳотчи ва Қозоғистонни “янги” деб кўрсатишга қаратилган саъй-ҳаракатларига путур етказади”, деб ёзган муаллиф.
Марказий осиёлик корейслар Жанубий Кореяни демографик инқироздан қутқара оладими?
Американинг New York Times газетаси савол қўймоқда: Марказий осиёлик этник корейслар жадал қариётган ва туғилиш камайган Жанубий Кореяда демографик вазиятни ўзгартира оладими?
“Жанубий кореялик собиқ дипломат Ким Чангю она шаҳри Чечхонга мэр бўлиб келганида у ерда жуда тушкун манзарани кўрди. Дўконлар пештахталари бўш эди, маҳаллий тадбиркорлар ишчи кучи етишмаслигидан шикоят қилдилар. 130 минг нуфусли шаҳар ҳокими қарийб юз йилдан бери Марказий Осиёда яшаётган этник корейсларни тарихий ватанига кўчириш имкониятларини ўрганишга қарор қилди”, дейилган мақолада.
Марказий Осиёда яшаётган корейсларнинг ота-боболари Корея яриморолини 100 йил олдин тарк этиб, Шарқий Сибирга жойлашганлар. 1937 йилда советлар раҳбари Иосиф Сталин уларни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга депортация қилган.
Ким Чангю тил ва тарихий алоқаларини йўқотганига қарамай, корейс халқи меҳнат мигрантларидан кўра постсовет мамлакатлар корейсларини яхшироқ қабул қилишига умид билдирмоқда.
Чангю корейслар билан биринчи марта 1993 йилда дипломат сифатида Қозоғистонга келганида учрашган эди. 2022 йилда мэр лавозимига ўтиргач, у этник корейларни Жанубий Кореяга таклиф қилиш мақсадида Марказий Осиёга келди ва ижтимоий тармоқларда ёйиш учун рус тилида ролик суратга олди. Шундан сўнг 130 киши Чечхонга кўчиб борди, яна 150 киши рўйхатга ёзилди.
Чечхон маъмурияти иммигрантларга бошпана ва иш топишда ёрдам бермоқда, уларнинг болаларига ғамхўрлик қилмоқда. Кўчиб келганлар тўрт ойгача бепул ётоқ-жой ва овқат билан таъминланади.
Шу йилнинг март ойида қарағандалик Руслан Ли ҳам хотини ва икки ёш боласи билан Чечхонга кўчиб борди. Ли ҳозирда аккумуляторлар учун кремний кукуни ишлаб чиқариладиган заводда ишламоқда, маоши кўп эмас. Оила дастури бўйича имтиёзларга эга бўлиш учун Чечхонда икки йил яшаши керак бўлади.
“Бунақа дастурлар мослашишга ёрдам беради, лекин, мен ҳанузгача ўзимни бегона юртда юргандек ҳис қиламан”, деган Руслан.
Иммигрантлар яшашга рухсатнома олиш учун ҳар якшанба тўрт соатлик корейс тили ва маданияти машғулотларига қатнайдилар.
Собиқ совет республикаларидан борган корейсларни Корё Сарам деб аташади.
“Уларнинг рус тили ва жамиятига мослашиши учун ўнлаб йил керак бўлди. Жанубий Кореяга кўчиб боришганидан сўнг улар қайтадан адаптация жараёнини бошларидан кечирадилар”, деган Ал-Форобий номидаги Қозоғистон миллий университети олими Герман Ким.
Форум