Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:22

"Бизнинг боламиз йўқми?". Хоразмлик амалдорлар “оргтехника солиғи"дан шикоят қилди


Урганч туманидаги МФЙ идораси
Урганч туманидаги МФЙ идораси

Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Урганч туманидаги МФЙ идоралари учун оргтехникани “ўз ҳисобидан сотиб олиш" ҳақида буйруқ берган.

5 январь куни берилгани айтилаётган буйруқ мазмуни ҳақида Озодликка айни мажлис иштирокчилари гапириб берди.

Маҳаллий мулозимлар ўз пластик картасидан пул тўлаб¸ компьютер¸ веб камера¸ принтер ва бошқа жиҳозларни сотиб олишга мажбурланганидан шикоят қилди.

Вилоят ҳокимлиги мулозими эса “МФЙ биноларини вақтинча оргтехника билан таъминлаб қўйинг” деб топшириқ берганлигини тасдиқлади.

Мулозимга кўра¸ “пулга сотиб олинг” дейилмаган, балки “қаердан бўлса ҳам олиб келиб туринг вақтинча” дейилган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Саодат Боймирзаева Озодлик билан суҳбатда МФЙларни оргтехника билан таъминлаш вазирлик ҳисобидан амалга оширилгани ва қисман маҳаллий ҳокимият зиммасига юклатилганини айтди.

Оргтехника ўлпони?

Оргтехникани ўз пулига сотиб олган ва исми ошкор қилинмаслигини сўраган ўрта бўғин амалдорлардан бири Озодлик билан суҳбатда бу ҳолатни "ҳокимнинг оргтехника ўлпони" деб атади. Бу амалдорнинг лавозими ва исми шарифи Озодликка маълум. Мулозим ҳоким буйруғига кўра, ўз пулига сотиб олган ортехника фотоларини Озодликка тақдим қилди. Расмларда бу оргтехниканинг Урганч туманидаги МФЙ раҳбари кабинетига ўрнатилаëттани ҳам акс этган. Озодлик Урганч туман “Заргарлар” маҳалласидаги Фермерлар кенгаши офиси ҳам маҳаллий мулозимлар чўнтагидан тўланган пул эвазига оргтехника билан жиҳозланганини аниқлади. Бундан ташқари, Урганч туман “Қиëт” қишлоғидаги ғазначилик бўлимини ҳам маҳаллий амалдорлар ўз ҳисобидан оргтехника билан таъминлашга мажбур бўлган.

Қиëтлик мулозим иддаосига кўра¸ вилоят ҳокими ўринбосари Игамберганов “оргтехника сотиб олиб, жиҳозла” дея ўлпон солган пайтда туман прокурори ҳам дағдаға қилиб турган.

Мулозимлар ўз ҳисобидан Урганчдаги МФЙга оргтехника ўрнатмоқда
Мулозимлар ўз ҳисобидан Урганчдаги МФЙга оргтехника ўрнатмоқда

Игамберганов нима деди?

Озодлик бу иддаолар ортидан Хоразм вилоят ҳокимининг Молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Қудратбек Игамберганов билан боғланди. Ўзини Игамбергановнинг ëрдамчиси, деб таништирган мулозим Озодлик саволини диққат билан эшитиб, юзага келган вазият бўйича изоҳ берди:

“Ўз пулингга сотиб олишинг шарт, деган қатъий топшириқ берилмади. Тавсиявий характерда айтилди. Урганч туманидаги давлат идоралари ва МФЙ офисларига вақтинча бўлса ҳам оргтехника келтириб қўй. Ëшулли (раҳбар назарда тутилмоқда-таҳр.) келиб, мабодо кириб қолса, бўш турмасин, дейилди. Ўз пластик картангдан пул тўлаб, компьютер ол, дейилмади.”

Озодлик мухбири конкрет мулозимлар исмлари ва пул ўтказилган саналар ҳамда “ўлпон солинишига” гувоҳлар фикрини айтганида, “ëрдамчи” жимиб қолди. Кейин “бир минут кутиб туриш”ни илтимос қилди. Озодлик ёрдамчининг атрофидагиларга " анави оргтехника билан Озодлик қизиқиб турибди. Нима деб жавоб берайин?” деган сўзларини эшитди. Шундан кейин ëрдамчи яна Озодлик мухбири билан мулоқотини давом эттириб, “телефонингизни қолдиринг, сизга ëшуллини ( Вилоят ҳокими ўринбосари Игамберганов назарда тутилмоқда-таҳр.) ўзи телефон қилиб тушунтиради, дея ваъда қилди. Кун мобайнида ҳеч ким телефон қилмади.

Норозилар мажлисдан ҳайдалди

Жорий йил 5 январида Урганч туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган мажлисда вилоят ҳокими ўринбосари Игамберганов маҳаллий мулозимларни турғазиб қўйган. Туман прокурори Дилшод Мадримов иштирокидаги йиғилиш тафсилотлари ҳақида Озодликка мажлисда қатнашган сув таъминоти бўйича мулозим гапириб берди:

“Ҳар бир корхона раҳбари, ўзингизни пластик картангиздан тўлаб, компьютер¸ принтер ва веб камера олиб берасизлар. Ҳар бирингизни бир маҳаллага масъул қилиб бириктирдим. Агар олиб бермасангиз бошқача гаплашамиз¸ сизлар билан келишмаймиз, деб туман прокурорини турғазди. Прокурор Дилшод Мадримов бу гапни мақуллаб, туман ташкилотлари раҳбарларига газ берди (босим қилди маъносида-таҳр.) Туманда 58 маҳалла бор. Булар давлатга қарашли бюджет ташкилоти. Не учун биз ëшуллилар ўз киссамиздан пул чиқариб, давлат идорасига оргтехника олиб беришимиз керак?. На ерда бор бундайин гап?. Бизларни боламиз йўқми?...”

Суҳбатдош “Комилжон Отаниëзов”¸ “Орзу” “Боғдорчилик” маҳаллалари учун ўз пулига сотиб олиб берган компьютер жамланмаси ўрнатиш жараëни акс этган фотоларни Озодликка юборди.

Урганч туманидаги МФЙ биноси
Урганч туманидаги МФЙ биноси

Вилоят ҳокимининг ўринбосари - вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Саъдуллаев билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Саодат Боймирзаева Озодлик билан суҳбатда МФЙларни оргтехника билан таъминлаш вазирлик ҳисобидан амалга оширилгани ва қисман маҳаллий ҳокимият зиммасига юклатилганини айтди:

"Вазирлик томонидан канцелярия маҳсулотлари олиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига 5 млрд сўм Вазирликнинг жамғарма маблағлари ҳисобидан ажратилган, шундан муайян қисми Урганч туманига ҳам тегишли. Вазирлик "Обод ва хавфсиз маҳалла" жамғармаси маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Жиззах вилоятларига оргтехника олиб берган. Яқинда Қашқадарё вилоятининг 300 та маҳалласига компьютер ва мебеллар олиб берилади. Жумладан, Хоразм вилояти маҳаллаларига "Хавфсиз маҳалла" тамойилига асосан кузатув камералари, шунингдек, компьютер жамланмалари билан таъминлаш ҳам жорий йилнинг биринчи чорагида режалаштирилган" дея билдирди Озодлик билан суҳбатда вазирлик матбуот хизмати бошлиғи Саодат Боймирзаева.

Ўзбекистонда бюджет ташкилоти ходимларининг маошларидан турли мақсадлар учун ушлаб қолиш ёки тадбиркорларни ўз ҳисобларидан ҳомийлик ва хайрия ишларига мажбурлаш ҳоллари кенг тарқалган.

Кўпинча бу каби ишларга бош-қош бўладиган ўрта бўғин амалдорларининг ўзлари молиявий қурбонликка мажбурланаётгани нисбатан янги кўриниш.

XS
SM
MD
LG