Октябрь ойи бошидан буён хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 11 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.
Сўнгги кунларда Хитойдан икки нафар, Россиядан бир нафар бола Ички ишлар вазирлиги ходимлари кўмагида Ўзбекистонга олиб келинган.
Яқин кунларда РФдан яна бир гуруҳ болалар олиб келиниши режалаштирилган.
Вояга етмаганларнинг оилалари ва Ўзбекистондаги яқин қариндошларини ўрганган агентлик улар “оғир турмуш шароитида қолдирилган” деган хулосага келган.
“Кейинчалик уларга боланинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда психологик ёрдам, ҳуқуқий маслаҳатлар, ўқишга жойлаштириш ва бошқа хизматларни ўз ичига олган комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатилади”, дейилади Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабарномасида.
Сўнгги ойларда хорижда қаровсиз қолган болаларни келтириш фаоллашгани кузатилди. Жорий йил август ва сентябрь ойларида Россиядан жами 45 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинган.
Маълумот ўрнида, 2023 йил март ойида Ўзбекистон президенти болани хорижда назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгиловчи тузатишлар акс этган қонунни имзолаган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон фуқаролигига эга болани ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳаракат маъмурий жазо қўлланганидан кейин такроран содир этилса, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.