Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:29

1000 дан ортиқ хусусий боғча банкротлик ёқасида. Тадбиркорлар "Реал Софт"ни айбламоқда


Тошкентнинг Чилонзор туманидаги боғча. Иллюстратив сурат
Тошкентнинг Чилонзор туманидаги боғча. Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда давлат билан шериклик асосида ташкил этилган мингдан ортиқ хусусий боғча бугун эрта-ёпилиши мумкин.

Боғчага келадиган болани онлайн "йўқлама" қиладиган "Реал Софт" дастурининг хатоси туфайли минглаб тадбиркор уч ойдан буён субсидиядан кесилган ва тарбиячиларнинг маоши тўхтатиб қўйилган.

Банкротликка юз тутган юзлаб тадбиркор Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигига шикоят қилиб келмоқда.

Бу хусусий боғчалар давлат билан шериклик муносабатларида бўлиб, давлатдан оладиган субсидия ёрдамида ишлайди.

Давлат ҳар бир боғча боласининг овқатига 12 минг 700 сўм пул ажратади.

Аслида бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 2 августдаги 426-сон қарори билан жорий қилинган эди.

Мақсад, кўпроқ болани боғчаларга қамраб олиш, тарбия ва таълим бериш ҳамда уларнинг оналарига ишлаш учун имконият яратиш.

Бундай олиб қараганда, бу тадбиркорга ҳам, оналарга ҳам қулай, болаларга ҳам фойдали.

Бугунга келиб Ўзбекистондаги давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 27 мингдан ошиб кетган.

Уларнинг аксарияти қишлоқ ҳудудларида ташкил қилинган, бу боғчаларга асосан кам таъминланган оилалар, доимий иши бўлмаган аҳоли болаларини беради.

Боғча пули ҳам жойига қараб ҳар-хил, масалан, қишлоқ ҳудудларида ойига 50 минг сўмдан тўлаб боласини боғчага берадиганлар бор, катта шаҳарлар, жумладан Тошкентда эса ойига 1-3 миллион сўмгача бўлган боғчалар бор.

Энди, ҳаммаси чўнтакка қараб. Катта ҳақ оладиган хусусий боғчалар балки давлат субсидиясига кўз ҳам тикиб ўтирмас, аммо туманлардаги боғчалар бусиз фаолият юрита олмайди.

Лекин субсидия олишнинг ҳам шарти бор. Яъни боғчага келган болаларнинг ҳар бирини ҳар куни телефонда расмга тушириб, “Реал Софт” компанияси ишлаб чиққан дастур орқали йўқламадан ўтказиши керак.

Аммо “Реал Софт” дастури нотўғри ишлагани учун тадбиркорлар уч ойлик субсидиядан маҳрум қилиняпти ва тарбиячиларнинг ойлик маошлари ҳам берилмаяпти:

“Масалан, Реал Софт талабига кўра ҳар куни боғчага келган болани биз суратга олиб тасдиқлатишимиз шарт. Яъни Реал Софт "йўқлама" ўтказади. Мабодо бирор бола ўрнига бошқа боланинг сурати кетиб қолса, тамом субсидиядан маҳрум қиляпти. Мисол, бешта бола ё Реал Софтнинг ўзининг айби билан хато ўтказган бўлса, қолган 45та болага ажратилган субсидия ҳам бекор қилинади. Биз давлат билан шерикчилик асосида хусусий уй- боғча очган эдик. 9, 14 протоколга тушиб қолибмизми, уч ойдан буён на субсидия, на тарбиячиларнинг ойлиги бор. Менинг боғчамда 50 та бола бор. Жуда қийналиб қолдим, тарбиячиларим ойлик бермасанг ишламаймиз дейишяпти”, деди Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги тадбиркор.

15 март куни юзга яқин тадбиркор Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига уларнинг эмас, "Реал Софт" дастурининг хатоси учун ҳам субсидиядан, ҳам маошдан айрилгани юзасидан арз қилиб борди.

Тадбиркорлар "Реал Софт" дастурининг хатоси туфайли жабр тортаётганини, субсидия ва маошсиз банкротлик ёқасига келиб қолишганини ҳукумат раҳбарларининг эътиборига етказмоқчи бўлишди.

Уларнинг фикрича, "Реал Софт" дастури мукаммал эмас, болаларнинг шахсини тўғри тасдиқламайди, айнан битта боланинг расмини ҳам хато деб қабул қиляпти.

Телеграм гуруҳида видео қолдирган бу боғча мудирасининг айтишича, Ўзбекистондаги болаларни асосан хусусий боғчалар қамраб олган. Аммо Реал Софтнинг мақсади тадбиркорларнинг оёғига болта уриш бўляпти, дейди боғча мудираси:

“Реал Софтнинг мақсади биз, тадбиркорларнинг оёғига болта уриш ва бизга берилган субсидияни қайтариб олиш бўляпти. Бизнинг мақсадимиз элнинг боласига қараб давлат берган ойлигимизни олиш, рўзғоримизга тўрт сўм пул олиб бориш эмасми? Реал Софт бизга керак эмас. Биз усиз ҳам болалар билан жуда яхши ишлаётган эдик. Ҳозир эса икки соат вақтимиз эрталабки йўқлама қилишга кетяпти. Фақат ишимиз шу бўп қолди. Сен ўтмабсан, бошқа расмга туширайлик. Интернет топайлик, расмга туширайлик. Автоматик тарзда ўтиб кетган хато учун ўша бешта боланинг субсидиясини эмас, балки субсидиядан бутунлай маҳрум қилмоқда”.

Тадбиркорларнинг айтишиларича, Интернет тезлиги паст бўлган ва WiFi етиб бормаган қишлоқлар учун "Реал Софт" дастуридан фойдаланишнинг ўзи имконсиз.

Олимжон Тўхтаназаров Вазирлар Маҳкамасига адолат излаб келган тадбиркорларнинг муаммоларини яқиндан ўрганган блогерлардан бири.

Унинг айтишича, 15 март куни тадбиркорлардан бир неча нафари Мактабгача таълим агентлиги масъуллари билан учрашган. Аммо муаммоси ҳал бўлмаган тадбиркорларнинг бу учрашувдан кўнгли тўлмаган:

“Ўтган сафар 100, бу сафар 200 тадбирокр Тошкентга нажот излаб келди. Лекин энг ачинарлиси шу бўлдики, уларнинг олдига на вазир Ҳилола Умарова, на агентлик раҳбари Шин чиқди. Президент айтяпти, шахсан ўзинг гаплаш, биринчи раҳбар сифатида деяпти. Лекин булар президентнинг айтган гапини ҳам қилмаяпти”.

Тадбиркорларнинг ўзлари ҳам субсидия олиш талабларини бажаришда хатоликлар бўлганликларини инкор қилмайди.

Аммо "Реал Софт" ўзи тўғри аниқлаган, йўқламада хато қилинган бола учун майли, субсидия пулини ушлаб қолсин, лекин қолган болалар учун берсин, демоқда тадбиркорлар.

Шу сабаб қилиб кўрсатилиб, тарбиячилар маошлари ҳам уч ойдан буён тўланмаётгани тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Мактабгача таълим агентлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, 1,5 мингдан зиёд "боғча"да Давлат бюджетидан ноқонуний пул маблағларини ўзлаштириш ҳаракатлари аниқланган.

Асқархўжаеванинг сўзларига кўра, 734 та давлат – хусусий шартнома асосида ишлаётган боғчаларда бир боланинг маълумотлари базага киритилиб, унинг фотосурати ўрнига бошқа боланинг фотосурати асосида давомати белгиланиб келинган.

Натижада уларга нисбатан 8,8 млрд сўмлик субсидия тўловлари уч ойга тўхтатилган.

Матбуот котиби агентлик чиқарган видеода тадбиркорлар томонидан қўлланилаётган нопок усуллар ҳақида гапирган.

Аммо етти хил нопок усул борлиги ҳақида гапирган матбуот котиби негадир "Реал Софт"нинг хатолари туфайли оғир шароитга тушиб қолган тадбиркорлар ҳақида гапирмаган.

Мактабгача таълим агентлигида бўлган учрашувда мулозимлар Вазирлар Маҳкамасининг 426 сонли қарорини қайта кўриб чиқиш уларнинг ваколатида эмаслигини, аммо бу ҳақда маҳкамага ахборот берилишига ваъда берган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилда қилган чиқишида хусусий боғчалар сони олти бараварга кўпайгани ҳақида гапириб мақтанган эди.

“Сўнгги йилларда мамлакатимизда боғчалар сони 6 баробарга кўпайди. Олис ва чекка ҳудудларда минглаб оилавий боғчалар ташкил қилинди. Тарбиячи ва педагоглар сони ҳам 3 баробарга ўсиб, 160 мингга етди. Шунингдек, педагог кадрларнинг малакасини тизимли ошириб бориш ишлари ҳам йўлга қўйилди. Ушбу чоралар натижасида боғчаларда таълим ва тарбия оладиган болалар сонини 600 мингдан 2 миллионга етказилиб, қамров кўлами 70 фоизга чиқди”.

Президент айтган 2 миллион бола асосан, қишлоқ ҳудудларида яшайди. Улар орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва турли хил номдаги “дафтар”ларга киритилган одамларнинг фарзандлари ҳам бор.

Агар бу тадбиркорлар банкрот бўлса, боласини боғчага бериб кунлик ишга бораётган ўн минглаб ёлланма ишчи боласига қарайман деб, ишсиз қолади.

Боғчаларда ишлайдиган минглаб тарбиячи эса бошқа ердан иш қидиришга мажбур бўлиши ёки ёлланма ишчилар сафига қўшилиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG