Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:52

“Якуний ғалабага қадар”. Сайлов натижаларини тан олмаган Грузия мухолифати ялпи норозиликни бошламоқда (ВИДЕО)


“Якуни ғалабага қадар”. Сайлов натижаларини тан олмаган Грузия мухолифати ялпи норозиликни бошламоқда

Дам олиш кунлари Грузияда минтақавий сайловнинг иккинчи босқичи якунланди. Мухолифат унинг натижаларини “ёппасига сохталаштирилган”, деб атади ва тан олишдан бош тортди. Республика Марказий сайлов комиссиясига кўра, 20 шаҳардан 19 тасида, жумладан, пойтахт Тбилисида мэрлар сайловида иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси ютиб чиққан.

“Имеди” ва “Мтавари” телеканаллари буюртмаси бўйича ўтказилган сўровлар эса терс натижаларни кўрсатмоқда.

“Transparency International” халқаро ташкилоти кузатувчилари Грузиядаги сайловларда 150 та қонунбузарлик ҳолати аниқланганини маълум қилишди. Номзодлар олган овозлар сонидаги фарқ кичиклигини ҳисобга олганда бу қонунбузарликлар “якуний натижаларга ва сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига сезиларли даражада таъсир этган”, дейилади ташкилот ҳисоботида.

Цаленжиха Грузия ғарбидаги чоғроқ шаҳар бўлиб, Абхазия билан маъмурий чегара яқинида жойлашган. Бу ерда қарийб 25 минг аҳоли яшайди. Цаленжиха – мухолифат ғалаба қозонган ягона шаҳар. Маҳаллий мэрияга “Ягона миллий ҳаракат” партияси вакили Георгий Харчилава раҳбар бўлди. У мамлакатда ўзгаришлар айнан Цаленжихадан бошланажагини эълон қилди.

Иккинчи тур ўтказилган қолган 19 шаҳарда эса, дастлабки маълумотларга кўра, иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси номзодлари ғалаба қозонган.

Бир неча йирик партияни жамлаган мухолифат коалицияси бу натижаларни тан олмади. “Ягона миллий ҳаракат”дан Тбилиси мэри лавозимига собиқ номзод Ника Мелия ҳокимият ғалабани ўзлаштириш билан мамлакатда “сайловларга барҳам берган”ини айтди.

Гап шундаки, биринчи босқичда қатор йирик шаҳарлар – Кутаиси, Батуми ва Зугдидида мухолифат номзодлари 50 фоизлик тўсиқдан ошиб ўта олмаган бўлса-да, барибир “Грузия орзуси” номзодларига нисбатан кўпроқ овоз тўплашган эди.

“Ҳокимият ўзини ғолиб чоғламоқда. Бўлмаган гап. Ғолиб – грузин халқи бўлади. Оз қолди. Яқин кунларда дўстларимиз билан Батумига бориб, у ердаги сафдошларимиз билан бирга норозилик чиқишларини ўтказамиз. Кутаиси ва бошқа шаҳарларга ҳам борамиз”, дея баёнот берди Ника Мелия.

“Грузия орзуси” партияси эса сайлов натижаларини “ишончли ғалаба” деб атаб, мухолифларини мағлубиятга рози бўлишга чақирмоқда. Расмийлар назарида сайлов “рақобат муҳитида” бўлиб ўтган.

Айни чоғда иқтидордаги партия сайлов якунига кўра олти муниципалитет қонунчилик кенгашларида фракциявий кўпчилик мақомини бой берди.

Европа Иттифоқининг Грузиядаги ваколатхонаси баёнотида “ресурслар тенг тақсимланмаган”и кузатилганлиги ва “бу иқтидордаги партиянинг қўли баланд келишига имкон берган”и ҳақида сўз боради.

Мухолифат эса маъмурий ресурслардан фойдаланиш, сайловчиларни қўрқитиш ва сотиб олиш, сайлов баённомаларини сохталаштириш фактлари аниқлангани ҳақида гапирмоқда. Мазкур баёнотлар ортидан 6 ноябрь куни Тбилисида кенг кўламли митинг ўтказилиши эълон қилинди.

“Норозилик чиқишлари узоқ давом этади – то ғалабагача”

Саакашвили тузган “Ягона миллий ҳаракат” партияси сиёсий кенгаши аъзоси Георгий Барамидзе “Настояшчее время” эфирида 2 ноябрь куни‑ёқ Батумида катта норозилик акцияси, шунингдек, Михаил Саакашвили ётган қамоқхона олдида пикет ўтказилиши ҳақида сўзлаб берди. Барамидзега кўра, бошқа шаҳарларда ҳам акциялар “то якуний ғалабага қадар” давом этади.

XS
SM
MD
LG