Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:56

Путин ҳам "яланғоч базм”да бўлган – Чеченистон уруши авжига чиққан пайт


Россияда блогер Настя Ивлеева уюштирган ва кўплаб поп-юлдузлар йиғилган “қарийб яланғоч базм” иштирокчиларига қарши кампания давом этмоқда. Базмга борганлар – Ксения Собчакдан тортиб Филипп Киркоровгача – Украина билан уруш манзарасида бундай тадбирни номаъқул дея ғазабга келган “Z-патриотлар” босими остида бирин-кетин узр сўраб чиқишганига қарамай таъқиб ва репрессия қилинмоқда. Уларнинг корпоратив зиёфатларга буюртмалари бекор қилиняпти, исмлари афишалардан ўчириляпти, даромадлари солиқ хизмати томонидан текширилаётир. Кремл матбуот котиби Киркоровни “Нима бало қилдинглар?” дея саволга тутди.

Айни саволни Владимир Путинга ҳам бериш мумкин. Роппа-роса 24 йил муқаддам у Петербургда стриптиз-базмда бўлган. Орадан олти кун ўтиб уни президент вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганлар. Ўшанда ҳам Россия, худди ҳозиргидек, уруша қилаётганди – Иккинчи чечен урушида.

Юксак мартабали меҳмон

1999 йил 25 декабр соат 19:00 ларда РФ президентининг хавфсизлик хизмати Петербургдаги “Луна” тунги клубини ўраб олади – бу ерга Владимир Путин қадам ранжида қилиши керак эди. “Барча хоналарга, кириш-чиқишга соқчи қўйилди, Вознесенский кўчасида ҳаракат чекланди. Ошхона назоратга олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, яхна ва спиртли ичимликларнинг сифат сертификатлари текширилди”, деб ёзган эди ўшанда “Независимая газета”.

Нашр “Луна”ни “Шимолий Венециянинг энг ҳашаматли кўнгилочар-эротик клубларидан бири” дея таърифлаб, асосий “фазилатлари”ни санаб ўтади: шаҳар марказида жойлашган, 100 кишига мўлжалланган икки зали бор, столларга шамлар қўйилган ва курсиларга қизил барқут қопланган.

Эротик базмлари билан донг таратган ушбу муассаса 1994 йилда очилган бўлиб, ҳозирда пештоқига “анъаналар ва барқарорлик” деган шиор осилган Санкт-Петербург давлат саноат технологиялари ва дизайн университети жойлашган бинода эди.

“Независимая газета” мухбири Бесик Пипия Путин аввал ҳам, яъни шаҳар вице-мэри бўлиб ишлаган пайтларида ҳам “Луна”га келиб турганини эслатади. Бўлажак президент клубга нафақат келгани, балки у ерда иш юзасидан учрашувлар ҳам ташкил қилгани ҳақида 2016 йилда Озодликнинг рус хизматига тадбиркор Максим Фрейдзон ҳам сўзлаб берган эди. Хусусан, унга кўра, Путин шаҳарга тегишли кўчмас мулклар ва қимматбаҳо қоғозларни пора эвазига хусусий қўлларга топширган (Кремл ушбу айбловларга изоҳ берган эмас).

Фрейдзон ўзи ҳам “Луна”да Путин билан камида уч марта учрашганини айтган. “Оддий стриптиз клуб эди, барнинг орқа тарафида қизлар бўлишарди, уларни олиб хос хоналарга ўтиш мумкин эди”, деган Озодлик суҳбатдоши.

“Независимая газета”га кўра, 1999 йил декабрда Путин “Луна”га ўз ҳукумати таркибидаги бир неча вазир билан бирга келиб, шундоққина саҳна тўғрисидаги ўриндиқлардан бирига ўтирган. Путинга президент қўриқлаш хизмати ҳамроҳлик қилган, ҳолбуки ўшанда у бош вазир эди, базмдан олти кун кейингина Путинни давлат раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинлашди. Хавфсизлик чоралари кучайтирилишида жон бўлган, шекилли: олти ойдан сўнг “Луна” портлатилди, Петербург тунги клублари тарихида биринчи портлаш эди бу.

Путин бешинчи президентлик муддатига номзодини қўймоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:35 0:00

Путин қадам ранжида қилган базмнинг “қаймоғи” – “Ой шукуҳи” эротик томошаси бўлган. 2003 йилда, “Независимая газета”дан бир неча ой кейин Россиянинг “Экспресс газета” таблоиди томошани қуйидагича таърифу тавсиф қилган:

“Кечки овқат тортилиб, зиёфат қиёмига етган маҳал саҳнада “Ой шукуҳи” шоуси бошланди. Шарқона жориялар муқом айладилар, ярим-яланғоч тореадор қиз иштирокида эротик коррида намойиш қилинди. Жимжимадор ва анчайин очиқ либослар раққосаларнинг қадди-бастини кўз-кўз қилиб турарди. Ҳар қандай таъбу дидга мос қиз бор эди бунда. Мусиқа билан хореография энг юқори савияда эди. Владимир Владимирович раққосаларнинг чиқишларини очиқ мароқ билан томоша қилди. Айтишларича, юксак мартабали меҳмон ўз эътибори билан тажрибали стриптизчи қизларни бироз хижолат қилганмиш. “У менга тикилиб турганини кўриб, сал хижолат бўлдим”, дея эслайди раққоса Оксана”.

“Томошада ҳамма нарса бор: жазирама саҳрода жориялар билан ишқ ўйинлари, илон-аёлнинг мафтункор рақси, хизматкор билан оқсоч муҳаббати саҳналари, қудратли буқа билан нозик-ниҳол тореадор қиз эпчиллик бобида ўзаро беллашган эҳтиросли коррида ва ҳоказо. Сийналарнинг мўл-кўллигини айтмайсизми: кичик, ўртача, бўлиқ – ҳар хилидан бор, бари таранг, ҳиссиётли, титроқ, ташна, қайноқ, озод, тиллавор, орзуманда, масрур...”, – Путиннинг кўзларини қувнатган “Ой шукуҳи” ҳақида журналист Бесик Пипия шундай деб ёзган. Шоу тугаганидан сўнг, ўшанда Россия бош вазири бўлган Путин клуб деворига “янги мингйилликда бахт” тилаб дастхат қолдиради.

Дастхат олиш вазифаси “Независимая газета” “стриптизчи қиз” деб атаган ўша Оксанага юклатилганди. “Путиннинг кайфияти жуда яхши эди”, дея хотирлайди у.

Кейинроқ Путиннинг дастхатини металл лавҳга ўйиб тушириб, гардишга солиб клуб деворидаги бошқа казо-казо меҳмонларнинг имзолари қаторига илиб қўядилар. У камида 2003 йилгача ўша ерда осиғлиқ турган, дея эслайди клуб раҳбариятига яқин кишилардан бири. Хавфсизлик важидан исми очиқланишини истамаган ушбу манба бунақа клубга келишни сиёсатчининг обрўйига путур етказадиган иш деб ҳисобламайди: “Ажойиб рақс томошалар қўйиладиган яхши тунги клуб эди. Аниқроғи, шоу-томошали ресторан. Демак, уни “яланғоч базм” билан таққослаш ноўрин”.

Путиннинг “Луна” клубидаги кўнгилхушлигидан бир неча кун ўтиб поёнига етган эски мингйиллик Россия учун кўп ҳам хайрли бўлмади. Россия армияси Украинада қонли уруш олиб бораётгани туфайли бугун Ивлееванинг “яланғоч базми” иштирокчилари жамият ғазабига нишон бўлишмоқда. Лекин ўшанда ҳам уруш эди, 1999 йил августда бошланган Иккинчи чечен уруши авж паллада эди. Путин “Ой шукуҳи”да роҳат қилганидан бир ой олдин Россия қўшинлари Грознийни қамал қилганди. Расмий маълумотларга кўра, Россия Иккинчи чечен урушида 7 мингдан зиёд аскар ва офицерини йўқотган.

Ушбу воқеалар садоларини ўша кунлари чиққан матбуот нашрларидан топса бўлади. Путин “Луна” клубига келган 25 декабр куни “Коммерсант” газетаси Европа кенгашининг Парламент ассамблеяси Чеченистон уруши сабабли Россияни ушбу ташкилотга аъзолигини тўхтатмоқчи экани ҳақида ёзган. Газетанинг 24 декабр сонида Ингушетия президенти Руслан Аушевнинг “Бизнинг республика Чеченистон муаммоси куч билан ҳал этилишини маъқулламайди”, деган сўзларини ўқиш мумкин. 28 декабрда эса нашр “Ғалаба таъми” номли мақола билан чиқди.

“Еттинчи августда Россия урушга кирди. Улуғ Ватан урушидан кейинги биринчи халқчил урушга. Унинг халқчиллиги сабаби ярим асрда илк бор Россияга ҳужум қилингани эмас. Тўғрироғи, ёлғиз бунинг ўзи эмас. Гап шундки, Россия сўнгги ярим асрда илк дафъа ғалаба таъмини туйди”, деб ёзган эди ўшанда “Коммерсант”.

Путин, Салим ва Ғафур. Тошкентдаги рейдлар ва рус жосусининг иддаоси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:40 0:00

Кабаре ва Путин саройидаги стриптиз хонаси

Россияда биринчи шахслар ҳанузгача яланғоч бадан томошалари қўйиладиган клубларда кўнгил ёзадилар ва бу расмий кўнгилхушлик саналади. 2022 йил 26 декабрда, Россия армияси ўзи яқинда ташлаб чиққан Херсонни ўққа тутаётган куни Санкт-Петербург марказида ҳаракат деярли тўхтаб қолди: кўплаб кўчалар МДҲ раҳбарларининг норасмий саммити муносабати билан тўсиб қўйилди. Владимир Путиндан ташқари, Арманистон, Беларус, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон президентлари қатнашган расмий қисм Сенат майдонидаги Президент кутубхонасида ўтказилади ва, негадир, тезда тугайди. Путин билан Қасим-Жомарт Тоқаевнинг қисқагина нутқларидан сўнг журналистлар залдан чиқариб юборишади, президентларни эса автобусга солиб, “Ленинград-центр”кўнгилочар марказига элтадилар. Лукашенконинг матбуот хизматига кўра, саммитнинг норасмий қисми “Ленинград-центр”да ёпиқ тарзда яна етти соат давом этган.

Инқилобгача кўргазма павилёни, кейин “Ленинград” кинотеатри бўлган тарихий бино узоқ таъмирдан сўнг 2014 йилда қайта очилган. Дастлаб бу ерга “Фантанел” кабареси жойлашади дея тахмин қилинган бўлса, вақт ўтиши билан расмий концепция ўзгартирилди ва ҳозирда “Ленинград-центр” ўзини “чегара ва форматлардан холи санъатни таклиф қилувчи шоулар маскани, театр ва замонавий кўнгилхушлик маданияти маркази” дея таърифлайди.

“Фантанел” кабераси очилиши арафасида режиссёр Феликс Михайлов раққос ва раққосаларни ишга олган эди, кабаре ўрнида “шоулар маскани” ташкил қилиниб, унга Михайловнинг ўзи раҳбар этиб тайинланганидан сўнг эса “Ленинград-центр” репертуари асосини, гарчи концепция ўзгарган бўлса-да, ярим-яланғоч артистларнинг кабаре саҳналари ташкил қилди. 2023 йил арафасида, яъни МДҲ саммити ўтказилган кунлар марказ дастурининг “гули” – “фақат катталарга мўлжалланган энг журъатли Янги йил томошаси” дея мақталган “Ярим тунгача улгуринг” номли постановка эди.

“Коммерсант” журналисти Андрей Колесников саммит ҳақидаги репортажида “Ленинград-центр”ни (муассаса ака-ука Ковалчуклар ҳамда Путиннинг маъшуқаси Светлана Кривоногихга алоқадор бизнес тузилмаларига тегишли) “МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг учрашувлари харитасидаги янги нуқта” деб атайди. Лекин аслида бундай эмас. 2021 йилда, яна айнан МДҲ лидерлари учрашуви бўлган куни ҳам Петербург марказида улкан тирбандлик ҳосил бўлганди. “Фонтанка” нашри хабарида ўша куни “Ленинград-центр” ўраб олингани алоҳида қайд этилган. ОАВлар президентлар учрашувининг ушбу норасмий қисмини деярли ёритмаган.

Янги йил арафасида катталарбоп томошалар қўйиладиган муассасаларга бориш Владимир Путин учун анъанага айланган кўринади, бироқ ялонғоч бадан шоуларига қизиқиш унда аввалдан бор. Россия президенти Германияда ишлаган чоғларида стриптизда бўлганини ўзи очиқ тан олган. 2000 йилда чоп этилган “Биринчи шахс тилидан. Владимир Путин билан суҳбатлар” китобида унинг Ҳамбургда эротик томошага киргани ҳақида шундай ҳикоя қилинади:

“Бир куни дўстлар билан эротик томошага бордик. Аслида эротик деб аташ тўғри эмас, ундан ҳам зўрроқ шоу эди. Хотинларимиз билан боргандик! Бизни бунга ундаган уларнинг ўзлари эди. “Бирон жойга олиб бор, ҳайрон қолдирадиган жой бўлсин...” деб ҳоли жонимга қўйишмади. Чет элга биринчи чиқишлари эди. “Балки кераги йўқдир?” дедим. “Керак, биз хоҳлаймиз, кап-катта бўлиб қолдик!” – “Унда майли, ўзларинг шуни истадинглар”, дедим. Келдик, столга ўтирдик. Бошланди. Афроамерикалик солистлар чиқишди: бўйи салкам икки метрли бир давангир [қора танли эркак] билан кичкина қиз [қоратанли аёл]. Улар ёқимли мусиқа садолари остида шошилмасдан ечина бошладилар...”

Кўп йиллар ўтиб, 2013 йилнинг 8 апрелида Путин Ангела Меркел билан Ҳанновер шаҳрида бўлиб ўтган саноат кўргазмасига ташрифи чоғида худди ўша хотираларини эслаган бўлса ажаб эмас. Тадбир вақтида Украинанинг Femen ҳаракати аъзолари пайт пойлаб Путинга ташланадилар: аёллар белидан тепаси яланғоч бўлиб, елкаларига “Иди на***, Путин” деб ёзиб олишганди. Кўргазмадан сўнг матбуот анжуманида Россия президенти акция унга маъқул бўлганини айтаркан, “сиёсий масалаларда мунозараларни кийинган ҳолда қилиш керак, ечиниш учун эса бошқа жойлар бор”, дея ҳазил қилганди.

2021 йилда Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди “Путиннинг саройи”га бағишланган суриштирувини эълон қилди. Муаллифлар Геленжик яқинидаги муҳташам сарой тархини ўрганиб, у ерда стриптиз қўйиладиган махсус хона борлигини аниқлашган. Суриштирув муаллифларига кўра, сарой қурилишига Путиннинг дўсти ва қудаси Николай Шамалов бошчилик қилган, иморатни ФҚХ ходимлари қўриқлайди, объект тепасидан учоқлар ўтиши тақиқланган. Суриштирув чиққанидан сўнг Путиннинг яна бир дўсти – Аркадий Ротенберг “бу сарой меники”, дея даъво қилди.

2023 йил 26 декабрда, Филипп Киркоров “яланғочлар базми”га боргани учун узр сўраб чиққан куни Петербургда яна МДҲ раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Аммо бу гал дастурда “Ленинград-центр”га қадам ранжида қилиш деган банд йўқ эди. Бунинг ўрнига меҳмонларга аллақандай боярлар иштирокидаги саҳна томошаси қўйилди ва Сергей Ролдугин виолончел чалиб берди.

Форум

XS
SM
MD
LG