Ўзбекистон президенти сайлови ўтадиган кундан роппа-роса уч ой олдин - 24 июль куни МИБ “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” сиёсий партияси ташаббусчилар гуруҳи аъзоси оиласини Тошкент шаҳридаги уйидан чиқариб юборди.
Турмуш ўртоғи, икки ўғли, икки келини, қизи, куёви ва набиралари – жами 14 кишилик оила кўчада қолганини оила бошлиғи ўзининг сиёсий фаолияти билан боғламоқда.
Тошкентлик яна бир фаол янги партия тузувчилар сафида бўлгани учун маҳалла қўмитасига чақиртирилгани, у билан ўтказилганга ўхшаш “суҳбат”лар бошқа фаоллар билан ҳам ўтказилаётганини айтиб берди.
Янги тузилаётган “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” сиёсий партияси фаолларидан бири Муҳаммадамин Эрматов оиласи билан уйсиз қолгани тўғрисидаги хабарни Озодлик янги партия ташаббусчилар гуруҳи раҳбари Хидирназар Аллақуловдан олди.
Ёши 60 дан ошган Муҳаммадамин Эрматовнинг 26 июлда Озодликка айтишича, унинг 14 кишилик оиласи (ўзи, турмуш ўртоғи, икки ўғли, икки келини, қизи ва куёви ҳамда олти набираси) 24 июль куни суд ижрочилари томонидан 15 йилдан буён яшаб турган уйидан чиқариб юборилган.
Тошкент шаҳар, Олмазор туман, Узумбоғ 9-торкўчада ўтган ҳафта охирида юз берган бу воқеа акс этган видео Ютюбда эълон қилинди.
Видеода акс этган ижро
13 дақиқали видеода Муҳаммадамин Эрматов оиласи билан яшаётган хонадонга Мажбурий ижро бюроси ходимлари келиб, оилани чиқариб юбориш ҳаракатларини амалга ошираётгани акс этган.
МИБ ходимларидан бири ижро варақасини ўқиркан, бу хонадонда яшаётганларнинг исм-фамилияларини ўқиб эшиттиради, уй манзилини тўлиқ айтади ва тилга олинганлар бу уйдан “мажбурий тарзда кўчирилди”, деб эълон қилади.
МИБ ходимининг айтишича, оилани уйдан чиқариш жараёнида даъвогар ҳам, холислар ҳам иштирок этган. Видео давомида Муҳаммадамин Эрматовнинг ўзи ҳам бир неча марта кўринади. У ижрога қаршилик кўрсатмайди, уйдан чиқариб юборилаётганини ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлиқлигини, “чайлада яшаб бўлса ҳам партия тузишини” айтади.
"Қадрдонимнинг қизлари, келинлари судда йиғлаб ўтирди"
Муҳаммадамин Эрматовнинг 27 июлда Озодликка айтишича, у оиласи билан Узумбоғ кўчасидаги бу уйга бундан 15 йил муқаддам, икки қаватли уйдаги квартирасига ўт кетганидан сўнг кўчиб ўтган эди:
“Уй ўзимники эмас, қондошдан ҳам яқинроқ бир қадрдонимнинг уйи эди. Кўчиб келганимиздан бери болаларим катта бўлди, уларни уйладим, невараларим кўпайди. 7 йил олдин ҳаммамиз шу уйга пропискага турганмиз. Уйни менга бериб турган қадрдоним уйни сендан ортса бошқага сотаман, дер эди. У киши вафот этиб кетди. Авлодлари билан ҳам муомалам яхши эди. Тўйларимиз, маъракаларимиз бир эди. Бу йил ҳовлининг ҳеч йўқ ярмини сотиб оламан, деб туриб эдим. Кутилмаганда май ойининг охирларида суддан қоғоз келди. Кўп ўтмай, суд бўлди. Қадрдонимнинг қизлари, келинлари судда йиғлаб ўтирди”.
Муҳаммадамин Эрматовнинг айтишича, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтохур туманлараро судида уч кун суд бўлди, кейин апелляция шикояти ёзилди, Тошкент шаҳар суди дастлабки инстанция суди ҳукмини ўз кучида қолдирди. Шундан сўнг кассация шикояти ёзилди, шунга қарамай, яъни кассация шикояти кўрилиши давом этаётганига қарамай, МИБ суд қарорини ижро этиб қўйди.
Озодлик Эрматовнинг иши юзасидан тилга олинган судлардан изоҳ ололмади. Уй эгалари билан эса, боғланишнинг имкони бўлмади.
Муҳаммадамин Эрматовнинг оиласи, қайнотасининг уйига кўчган катта ўғли оиласидан ташқари, шу кунда уйсиз. У яшаб турган уйидан чиқариб юборилганини “шубҳасиз, сиёсий фаолияти билан боғлиқ”, деб ҳисобламоқда.
Йил бошидан буён босимлар
Муҳаммадамин Эрматов 15 июль куни Тошкентдаги Президент Администрацияси биноси олдидан ушлаб кетилганлардан бири эди. Ўша куни Эрматов билан бирга олиб кетилган мустақил блогер Озодбек Қурбонов майда безориликда айбланиб, 15 суткага қамалган, Эрматов қўйиб юборилган.
Муҳаммадамин Эрматов ўзининг сиёсий фаолияти ортидан унинг Андижон вилоятида яшайдиган яқинларига босим бошлангани тўғрисида шу йил бошида айтиб берган, ўша вақтда унинг сингилларидан бирининг босимлар тўғрисидаги видеочиқиши ижтимоий тармоқларда эълон қилинган эди.
"Ҳаммамиз назоратдамиз..."
“Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” сиёсий партияси ташаббусчилар гуруҳининг яна бир аъзоси, 61 яшар тарихчи ва тадбиркор Мухтор Убайдуллаев ҳам Муҳаммадамин Эрматов оиласининг яшаётган уйдан чиқариб юборилиши ортидаги асл сабаб сиёсийдир, деган фикрни билдирди:
“Ўша куни (24 июлда) мен ҳам бор эдим Муҳаммадамин яшаб турган уйда. Жараён устида бўлдим. Биз ҳаммамиз назоратдамиз, шекилли. Уй Муҳаммадаминнинг номида эмаслигини билиб қолиб, уй эгаларига босим ўтказган бўлишлари мумкин”.
Мухтор Убайдуллаевнинг Озодликка айтишича, рўйхатдан ўтказилмаган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” пратияси ўрнига тузилаётган “Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” партияси ташаббусчилар гуруҳининг биринчи мажлиси унинг уйида июннинг биринчи ўн кунлигида бўлиб ўтган.
“Мажлисимиздан бир ҳафта ё ўтди, ё ўтмади – бир куни мени маҳалламиз идорасига чақиришди. Борсам, ўзимизнинг оқсоқоллар, улардан ташқари яна бир-иккита йигитлар. ДХХдан бўлса керак, деб ўйладим. Чунки бир-икки марта худди ўшалар уйимизгаям келиб кетган, сиёсатга аралашманг, деб. Хуллас, ўртага олиб, сиз аралашган партия ноқонуний, унга аралашманг, деган гаплар бўлди. Қонунийси қанақа бўлади, десам индай олишолмайди. Ўшандан кейин ҳам ҳар замон-ҳар замонда “дуои салом” олиб турибман...”
Мухтор Убайдуллаев бундай “тарбиявий соат”ларга маслакдаошларидан яна икки-уч киши чақиртирилганини билади.
Аллақуловнинг хонадонида "тинчлик"
“Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик” партияси ташаббусчилар гуруҳи раҳбари Хидирназар Аллақуловнинг 27 июлда Озодликка билдиришича, мол-мулки мусодара қилинганидан буён унинг хонадонида “тинчлик”.
Тошкентнинг Юнусобод туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари 12 июль куни огоҳлантиришсиз унинг уйига келиб, уйдаги маиший жиҳозлар - телевизор, кир ювиш машинаси ва микротўлқинли печни мусодара қилган.
4 май куни Тошкентнинг Юнусобод туман маъмурий суди Аллақуловни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) бўйича айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 баробари миқдорида жаримага ҳукм қилган эди.
Ўзбекистонда навбатдаги президент сайловлари шу йил 24 октябрида бўлиб ўтади.
Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев расман сайловлар билан боғлиқ режаларини эълон қилмаган, аммо кўпчилик унинг ўз номзодини қўйиши ва иккинчи муддатга сайланишига шубҳа қилмайди.
2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркин матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмаганини айтган эди.
Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Адлия вазирлиги биронта ҳам янги сиёсий партияни рўйхатга олмаган. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага мувофиқ, парламентдаги ҳукуматпараст партиялар раҳбарлари сайловларда амалдаги президентга "рақиб" бўлади.