Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:08

ЕИ Минскнинг блок билан алоқани узиш қарорини қоралади


Европа Иттифоқи Беларуснинг иттифоқ билан алоқани узиш тўғрисидаги қароридан афсусда эканини изҳор қилиб, бу қадам мамлакат дунёдан янада кўпроқ иҳоталаниб қолишига олиб келиши ҳамда белaрусларга салбий таъсир кўрсатишини билдирди.

28 июнь куни Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги “Facebook” тармоғида ЕИдаги доимий вакилини маслаҳат учун чақиртириб олганини эълон қилди.

Ўтган ойда Беларусь расмийлари йўловчи учоқни Минскка қўнишга мажбурлаб, унинг бортидаги диссидент журналист ва унинг қиз ўртоғини ҳибсга олиши ортидан ЕИ мамлакатга қарши иқтисодий санкция жорий қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги Минскдаги ЕИ вакилига ҳам маслаҳат учун Брюсселга қайтишни тавсия қилди ва Беларусга қарши санкцияларни жорий қилишда иштирок этган расмийлар мамлакатга киритилмаслигини маълум қилди.

ЕИ санкциялари Беларусь иқтисодиётининг муҳим тармоқлари ва авторитар ҳукмдор Александр Лукашенко тузумининг асосий даромад манбаларини нишонга олди.

Вазирлик ЕИни санкциялардан "суверен ва мустақил давлатга босим ўтказиш воситаси сифатида" фойдаланишда айблади.

Вазирлик, шунингдек, Минск ЕИ ва олтита собиқ Совет республикаси (Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Молдова ва Украина) ўртасида ҳамкорликни оширишга қаратилган "Шарқий ҳамкорлик" дастуридан чиқиб кетаётганини билдирди.

Европа кенгаши президенти Шарль Мишель Беларуснинг бу қарорини қоралади. Расмий “Twitter”да бу қадам "зиддиятни янада кучайтиради ва Беларусь халқини бизнинг ҳамкорлигимиз туфайли берилаётган имкониятлардан маҳрум қилиб, уларга салбий таъсир қилади" деб ёзди.

Мишель яна бир твит ёзиб, Беларусь халқи "ЕИга таяниши мумкин" деб ёзди.

"Биз амалий ёрдам билан сизнинг ёнингизда бўламиз. Биз сизнинг янги, эркин ва адолатли сайловлар орқали президент сайлаш ҳуқуқингизни ёдда тутамиз."

ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича вакили Жосеп Борреллнинг матбуот котиби Набила Массрали баёнот эълон қилиб, Минскнинг "Шарқий ҳамкорлик" гуруҳидан чиқиб кетиш қарори "Беларусь янада кўпроқ ажралиб қолишига олиб келади. Бу қарор тузум Беларусь халқига бепарво эканининг яна бир исботидир" деди.

"ЕИ ушбу механизм доирасида Беларусь халқи билан ишлашни давом эттиришга ҳамиша тайёрдир ва Беларусь халқи ва фуқаролик жамиятини ҳамда уларнинг демократик интилишларини қўллаб-қувватлашда давом этади", дейилади котиб баёнотида.

Массрали Беларусь ҳукуматининг Минскдаги ЕИ вакилини маслаҳат учун Брюсселга чақиртириш тавсияси ҳақида "инқироз давомида алоқа каналларини очиқ сақлаш жуда муҳимдир. Бизнинг ниятимиз ҳар доим шундай бўлган", деди.

Минск, шунингдек, ЕИ ва Беларусь ўртасида реадмиссия тўғрисидаги келишувни тўхтатиб қўйишга киришди. Бу ҳақда Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатдаги ЕИ делегацияси раҳбари Дирк Шубель чақиртирилиб, унга ушбу чоралар тўғрисида хабар берилганини билдирди.

Бир кун олдин Литва Ички ишлар вазири Агне Билотаите жорий йилда Болтиқбўйи мамлакатига муҳожирлар оқимининг кўпайиши ортида Беларусь расмийлари турганини айтиб, буни уларнинг "яхши ташкил этилган" режаси деб атади.

Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотини эълон қилишидан тўрт кун олдин ЕИ Минскнинг асосий экспорт саноатларига қарши санкцияларни жорий қилган эди. Блок бу чора "Беларусда инсон ҳуқуқлари жиддий бузилаётгани ва фуқаролик жамияти, демократик мухолифат ва журналистлар репрессияга учраётганига" жавоб эканини билдирди.

Қолаверса, санкцияларга 2021 йилнинг 23 май куни “Ryanair” учоғи Минскка мажбуран қўндирилиб, унинг бортидаги журналист Роман Протасевич ва унинг қиз ўртоғи Софья Сапега ҳибсга олингани туртки бўлди.

Лукашенко режими 2020 йил август ойида бўлиб ўтган баҳсли сайловлар ортидан сиёсий мухолифат ва мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши шафқатсиз кампания бошлагани учун халқаро босим остида қолмоқда.

Намойишчилар сайловлар сохталаштирилганини айтиб келади. ЕИ, АҚШ ва бошқа мамлакатлар сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ва Лукашенкони мамлакатнинг қонуний раҳбари деб ҳисобламайди.

23 май куни Беларусь ҳукумати Афинадан Вильнюсга учиб кетаётган “Ryanair” самолёти ёнига қирувчи учоқ юбориб, уни Минскка қўнишга мажбурлаганди. Самолёт қўнганидан сўнг, мухолифатчи блогер Протасевич ва Сапега ҳибсга олинди.

ЕИ, АҚШ Буюк Британия ва Канада “Ryanair” инциденти ортидан беларуслик ўнлаб расмий, депутат, вазир ҳамда Лукашенко маъмурияти аъзоларига ва унинг қариндошларига қарши санкция жорий қилди. Хусусан, уларнинг мулклари музлатиб қўйилди ва уларга виза тақиқлари жорий қилинди.

ЕИ, шунингдек, Беларусь авиакомпаниялари учоқларига ЕИ ҳудудига қўниш, учиш ва унинг устидан учиб ўтишни тақиқлади.

Бундан олдин жорий қилинган санкциялар ўтган йилги баҳсли президентлик сайловларидан кейин мухолифат шафқатсиз бостирилишига алоқадор шахс ва идораларни нишонга олган эди.

XS
SM
MD
LG