Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:26

ЕИ Россия ва Хитойни Ғарб вакциналарини ёмонотлиқ қилиб, ўз вакциналарини тарғиб қилишда айблади


Европа Иттифоқи Хитой ва Россияни Ғарбда ишлаб чиқарилган COVID-19 вакциналарни танқид қилиб, ўз вакциналарини тарғиб қилишга қаратилган, давлат томонидан молиялаштирилаётган "дезинформация кампанияларини" кучайтиришда айблади.

Европа ташқи фаолият хизматининг стратегик коммуникациялар бўлими 28 апрель куни эълон қилган баёнотда "вакцина дипломатияси" Ғарбда ишлаб чиқарилган вакциналар, Европа Иттифоқи институтлари ва Ғарб / Европа вакцинацияси стратегияларига бўлган ишончни сусайтиришга қаратилган "антагонистик ўйин" мантиғига амал қилиши айтилган.

Баёнотда ёзилишича, Россия оммавий ахборот воситалари, расмий идоралари ва давлат корхоналари Европа Иттифоқини Россия вакцинасини "саботаж қилишда" айблаб, айни дамда ўзининг "Спутник V" вакцинасини тарғиб қилмоқда.

Хабарда айтилишича, ушбу кампания ёрдамида эришиш кўзланган мақсадларнинг бири Европа дори-дармон агентлигига (European Medicines Agency – EMA) бўлган ишончга путур етказишдир.

"Кремлпараст оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, "Спутник V" расмий “Twitter” аккаунти жамоатчиликнинг [EMA]га бўлган ишончини сусайтиришга ва унинг тартиб-қоидалари ва сиёсий холислигига шубҳа уйғотишга ҳаракат қилмоқда", дейилади баёнотда.

Хабарда айтилишича, давлат қўллайдиган оммавий ахборот воситалари EMA Россиянинг "Спутник V" вакцинасини маъқуллашни атай кечиктираётгани ҳақида нотўғри фикр шакллантиришга уринмоқда.

"Шунингдек, кремлпараст нашрлар EMA ва умуман ЕИни Россияда ишлаб чиқарилган вакцинага нисбатан сиёсий тарафкашликда айбламоқда", дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, ҳисоботда Хитой ўз вакциналарини "ривожланаётган мамлакатларга, шу жумладан, Ғарбий Болқон мамлакатларига кўпроқ мос келишини" тарғиб қилаётгани, айни дамда Ғарб вакциналарининг хавфсизлиги ва ҳатто коронавирус келиб чиқиши тўғрисида дезинформация тарқатаётгани айтилди.

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар орасида фақат Венгрия Россия ва Хитой вакциналари билан аҳолини эмламоқда. Австрия ва Германия эса "Спутник V" вакцинасини сотиб олиш бўйича музокара олиб бораётганини маълум қилган.

EMA март ойида "Спутник V" вакцинасини синовдан ўтказишни бошлади. Агар у регулятор томонидан маъқулланса, бу блокда фойдаланишга рухсат берилган Ғарбда ишлаб чиқилмаган биринчи коронавирус вакцинаси бўлади.

Ўтган ойда Европа Иттифоқи аъзоси Словакия бош вазири ҳукуматдаги коалиция шериклари билан келишмовчиликларга қарамай, "Спутник V" вакцинасининг 2 миллион дозасини сотиб олиш бўйича махфий битим тузгани фош бўлиб, мамлакатда сиёсий бўҳрон юзага келган эди.

XS
SM
MD
LG