Европа Иттифоқи Эроннинг бир қатор компаниялари ҳамда мансабдорларига нисбатан санкция жорий этди, деб маълум қилди ЕИ Кенгаши.
Молиявий жазо чоралари Россияга Украинага қарши урушда қўллаш учун дронлар, ракеталар ҳамда ҳарбий технологиялар етказиб берилгани сабаб татбиқ қилинмоқда.
Брюссель Эроннинг уч авиакомпанияси (Saha Airlines, Mahan Air ва Iran Air), икки савдо фирмаси ва икки ёнилғи ишлаб чиқарувчи ширкатига қарши чекловлар жорий этган.
“Қора рўйхат”га киритилган шахслар орасида Эрон мудофаа вазири ўринбосари Саййид Ҳамза Қаландарий дохил Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори мартабали мулозимлари, дипломат ва аэрофазовий ширкат раҳбарлари бор.
ЕИ Кенгаши баёнотига кўра, санкция жорий этилган шахслар Яқин Шарқ ва Қизил денгиз минтақаси хавфсизлиги ва барқарорлигига рахна солаётган ташкилот ҳамда қуролли гуруҳларга ҳам қурол-аслаҳа, технологиялар етказиб берган.
Номи “қора рўйхат”га тиркалган ширкатлар ва шахсларнинг ЕИдаги активлари музлатилади, ҳамкорлик алоқалари чекланади. Шунингдек, ушбу шахсларнинг Евроиттифоқ ҳудудига кириши ман этилади.
Брюссель жорий йил март ойида Эронни Россияга қурол-аслаҳа ёки технологиялар етказиш молиявий жазо чораларига сабаб бўлишидан огоҳлантирганди.
Теҳрон Москвага қурол ёки технология етказиб берганини тан олмаган.