Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:42

Санкциялар: ЕИ Тошкентни Россияга ёрдам беришнинг оқибатларидан огоҳлантирмоқда


Президентлар Шавкат Мирзиёев, Владимир Путин ва Қасим-Жомарт Тоқаев Москвадаги ғалаба куни тадбирида. 9 май, 2023 йил.
Президентлар Шавкат Мирзиёев, Владимир Путин ва Қасим-Жомарт Тоқаев Москвадаги ғалаба куни тадбирида. 9 май, 2023 йил.

Ўзбекистон Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузига жавобан Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишда платформа сифатида фойдаланилиши хавфи мавжуд. Бу ҳақда ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан “Gazeta.uz” нашрига берган интервьюсида гапирди.

Дэвид О’Салливан жорий йил 29-30 ноябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари билан санкцияларга риоя қилиш юзасидан учрашувлар ўтказди. Бу европалик юқори мартабали дипломатнинг минтақага 8 ой ичидаги иккинчи ташрифидир. У жорий йил апрель ойида ҳам минтақа бўйлаб сафар қилганди.

Таҳлилларга қараганда, сўнгги вақтларда ЕИдан Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт сезиларли даражада ошган. Ўз навбатида, минтақа давлатларидан Россияга маҳсулот етказиш ҳажми кескин кўпайган.

Мирзиёев Германияга нима учун борди? - Берлиндан махсус репортаж
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:40 0:00

“Биз Россия билан савдо алоқаларининг ўзани ўзгариб, Қозоғистон, Ўзбекистон, Арманистон, Сербия, Туркия ва БАА томон йўналганини кузатмоқдамиз. Албатта, мазкур давлатлар орқали (санкция рўйхатига киритилган) айрим товарларнинг Россияга етиб бораётгани бизни ташвишга солмай қўймайди”, дейди Дэвид О’Салливан.

Евроиттифоқ, хусусан, Россияга ҳарбий соҳада истифода этиш мумкин бўлган товарлар етказилишига йўл қўймасликка уринмоқда. Ўзбекистондан ҳам биринчи навбатда Москванинг ҳарбий салоҳиятини ўстиришга ёрдам берадиган товарлар олди-сотдисига аралашмаслик талаб қилинмоқда.

“Биз Ўзбекистондан барча йўналишдаги санкцияларга тўла-тўкис риоя қилишни талаб этаётганимиз йўқ. Бу жуда мураккаб вазифа бўлур эди. Биз саноқли – тахминан 45 номдаги маҳсулотлар рўйхатини шакллантирганмиз. Улар Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатларида ўта муҳим аҳамият касб этади. Биз айни шу товарларни Ўзбекистон каби учинчи мамлакатлар орқали қайта экспорт қилинишининг олдини олиш ҳаракатидамиз”, дейди махсус вакил.

Дэвид О’Салливан Тошкентга апрель ойидаги ташрифи чоғи ЕИ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларнинг Ўзбекистон орқали реэкспорти 126 фоизга ўсганини қайд этган эди.

Брюссель бу ҳолат санкцияларни четлаб ўтишда Кремлга кўрсатилаётган ёрдам бўлиши мумкинлигидан ташвишда.

ЕИ махсус вакили Дэвид О’Салливан “Gazeta.uz” мухбири билан суҳбатда ушбу хавотирли тенденцияга яна бир карра эътибор қаратган.

Бирламчи капитал ва иккиламчи санкциялар. Россия бизнеси Ўзбекистонда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:57 0:00

Маълум бўлишича, Ўзбекистон расмийлари сўнгги музокараларда ЕИ томонини санкцияларни четлаб ўтишда воситачи бўлмасликка ишонтирган, шунингдек, реэкспорт билан боғлиқ ҳолат яхшиланганини тасдиқловчи статистик хулосаларни тақдим этишга ваъда берган.

“Биз Ўзбекистон суверенитетини ҳурмат қиламиз. Ўзбекистон ушбу зиддиятда (Россия–Украина ихтилофи назарда тутилмоқда – таҳр.) бетараф қолмоқчи экани, халқаро коалиция қабул қилган санкцияларни қўлламоқчи эмаслигини тўла-тўкис тушунамиз. Аммо Ўзбекистон санкцияларимизга чап бериш ёки бўйин товлашда платформа сифатида фойдаланилиши мумкинлиги борасида хавотирларимиз мавжуд. Ўзбекистон ҳукумати буни хоҳламаслигини очиқ баён қилди”, дейди дипломат.

Украинага тажовуз ортидан мисли кўрилмаган санкцияларга дучор бўлган Россия Ўзбекистоннинг икки асосий савдо ҳамкоридан бири экани сир эмас. Қайд этилишича, Брюссель Тошкентга Москва билан савдо-иқтисодий муносабатларни қисқартириш шартини қўяётгани йўқ.

“Такрор бўлса-да таъкидламоқчиман, биз Ўзбекистондан 45 номдаги маҳсулот олди-сотдисига эҳтиёт бўлишни сўраяпмиз, холос. Бу мамлакат умумий савдосининг 1 фоиздан ҳам камроғини ташкил этади. Биз Ўзбекистоннинг Россия билан анъанавий, қонуний савдосига зиён етказиш фикридан йироқмиз”, дейди суҳбатдош.

Юқори мартабали дипломат Ўзбекистон мавжуд вазиятдан фойдаланиб, иқтисодиётини диверсификация қилиши, Европа, АҚШ, Жанубий Америка ва Осиё билан робиталарини кенгайтириши, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши муҳимлигини ҳам урғулаган.

Жорий йил июнь ойида ЕИнинг Россияга қарши санкциялари 11-пакетига Ўзбекистоннинг “Alfa Beta Creative” ва “GFK Logistic Asia” ширкатлари киритилган эди. Еврокомиссия сайтида эълон қилинган ҳисоботда мазкур ширкатлар Россия мудофаа саноати учун Ғарбдан товар сотиб олишга урингани баён қилинган.

Брюссель жорий йил 14-15-декабрда ўтадиган саммитда янги санкцияларни тасдиқлаши кутилмоқда.

Озод Европа/Озодлик радиоси ихтиёридаги мавжуд ҳужжатга қараганда, Россияга санкцияларни четлаб ўтишда кўмаклашганликда гумонланган Ўзбекистоннинг яна бир ширкати (“Mvizion” МЧЖ) ЕИнинг “қора рўйхати”га киритилиши режалаштирилган.

Дэвид О’Салливан молиявий чекловларнинг 12-пакети ҳақида ҳозирча изоҳ бера олмаслигини айтиш билан чекланган.

Дипломат ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ижобий баҳолагани ҳолда, санкцияларга чап бериш ўзаро алоқаларга соя солиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Форум

XS
SM
MD
LG