Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:01

Европа маҳкамаси: Россия Грузия билан урушда инсон ҳуқуқларини поймол этган


Россия аскарлари Грузиянинг Гори шаҳри ташқарисида - 9 август, 2008
Россия аскарлари Грузиянинг Гори шаҳри ташқарисида - 9 август, 2008

Европа Инсон ҳуқуқлари маҳкамаси 2008 йилда Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган беш кунлик урушдан сўнг Россия инсон ҳуқуқларини поймол этган, деб топди. Жумладан, Россия қийноқлар содир этганлик ҳамда одамларни ўз уйига қайтишга тўсқинлик қилганликда айбдор, деб топилди. Грузия Европа маҳкамасининг қарорини олқишлади.

Суднинг 21 январда чиқарилган ҳукмида Россия аскарлари 160 нафар Грузия фуқаросининг “азобланишига сабаб бўлган ғайриинсоний ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар” содир этгани айтилади. Ҳукмда таъкидланишича, грузиялик маҳбуслар “ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган”.

2008 йилнинг 7 августида грузин қўшинлари мамлакат ҳудудий яхлитлигини таъминлаш мақсадида Жанубий Осетия ҳудудига кириб борган эди. Россия бунга ҳарбий ҳаракатлар билан жавоб қайтарди. 5 кунлик урушдан сўнг Россия Жанубий Осетия ва Абхазияда ўзининг ҳарбий қисмларини қолдирган. Кейинчалик бу ҳудудлар ўзини мустақил деб эълон қилган ва уларнинг мустақиллигини Россия тан олган.

Грузия Россия тўқнашув чоғида ва ундан кейин Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси шартларини бузгани тўғрисида Европа Инсон ҳуқуқлари маҳкамасига даъво киритганди.

Россия расмийлари ўз фуқаролари ва тинчликпарвар қўшинларини ҳимоя қилиш мақсадида Грузияни “тинчликка кўндиришга” мажбур бўлганлигини айтиб келади.

Суд қарорида айтилишича, “грузиялик уруш асирлари дучор бўлган қийноқлар маъмурий амалиёт бўлган”.

Суд шунингдек, Россияни грузин миллатига мансуб аҳолига урушдан кейин Жанубий Осетия ва Абхазиядаги уйларига қайтишига тўсқинлик қилганини айтган. Бу каби ҳолатлар юзасидан “муносиб ва самарали суриштирув”олиб боришга чақирган.

Европа Инсон ҳуқуқлари маҳкамасининг таъкидлашича, фаол жанговар ҳаракатлар чоғидаги ҳодисалар Россия юрисдикциясидан ташқарида бўлган. Икки тараф ҳам тўқнашувлар олиб борилган ҳудудни назорат қилмагани боис Грузия даъвосининг бу қисми инобатга олинмаган.

XS
SM
MD
LG