Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:59

Европарламент “Шимолий оқим-2” газ қувури лойиҳасини тўхтатишни талаб қилади


“Шимолий оқим-2” лойиҳаси кузатув кенгаши раҳбари, Германия собиқ канцлери Герхард Шродер ва президент Владимир Путин - Москва, 14 июнь, 2018
“Шимолий оқим-2” лойиҳаси кузатув кенгаши раҳбари, Германия собиқ канцлери Герхард Шродер ва президент Владимир Путин - Москва, 14 июнь, 2018

Европарламент Европа Иттифоқидан “Шимолий оқим-2” газ қувурлари лойиҳасини тўхтатишни ва Алексей Навальнийнинг ҳибсга олинишига алоқадор жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар жорий этишни талаб қилмоқчи. Spiegel журналига кўра, Европарламентнинг тегишли резолюцияси 21 январдаги йиғилишда овозга кўйилади.

Ҳужжат муаллифларига кўра, чекловчи чоралар шунингдек, мухолифатчиларга ҳужум қилганларга, “россиялик олигархлар” ва “президент Путиннинг энг яқин аёнларига” ҳамда “ОАВ ташвиқотчиларига” нисбатан қўлланилиши керак. Санкциялар уларнинг ЕИдаги активларини музлатиш ҳамда Европа Иттифоқи ҳудудига киришга тақиқни ўз ичига олиши мумкин.

Аввалроқ Қўшма Штатлар зиддиятли газ қувури лойиҳасини тўхтатиш мақсадида Россия кемасига қарши санкция киритди. Болтиқ денгизи тубидан ўтадиган қувур Россия газини Европага етказиши кутилади.

Болтиқ денгизи туби бўйлаб Россиядан Германияга “Шимолий оқим – 2” газ қувурини ётқизаётган “Фортуна” кемаси ва унинг эгаси “КВТ Плюс” фирмасига қарши санкциялар лойиҳага бошидан қаршилик кўрсатиб келган Президент Дональд Трампнинг Оқ Уйни тарк этиш арафасидаги энг сўнгги қарорларидан бўлди.

АҚШ ва қатор ЕИ давлатлари мазкур лойиҳанинг якунига етказилишига тўсқинлик қилиб келмоқда. Уларга кўра, “Шимолий оқим – 2” Россиянинг мавқеини кучайтирди ва Украинанинг транзит давлат сифатида аҳамиятини камайтиради.

“Шимолий оқим – 2” газ қувури, қуриб битказилгани тақдирда, Россияга Украинани бутунлай четлаб ўтиш имконини беради. Бу эса Киевни муҳим даромад манбаидан маҳрум қилиши, Москвага эса тажовуз учун янги имкониятлар яратиши мумкин. Бу Россияга ўз табиий бойликларидан сиёсий босим ўтказиш ва Ғарбий Европа давлатлари таъсирини камайтириш йўлида фойдаланиш имконини беради”, дея баёнот берди АҚШнинг 20 январь куни лавозимини топширган Давлат котиби Майк Помпео.

“Бугунги баёнот АҚШ Россиянинг ушбу таъсир воситасига ёрдам бераётган ва дастаклаётганлардан ҳисоб сўрашдан чекинмаслигини намойиш қилади”, деб айтди Помпео 20 январь кунги баёнотида.

Янги президент Жо Байден ҳам “Шимолий оқим – 2” газ қувурига қарши. Айни пайтда у лойиҳада иштирок этаётган европалик ҳамкорлар билан алоқаларни яхшилаш тарафдори.

Байденнинг АҚШ давлат котиблигига номзоди Энтони Блинкен Сенатда 19 январда бўлиб ўтган тасдиқлаш жараёнида янги маъмурият ҳам “Шимолий оқим – 2” газ қувурининг қурилишига қаршилик кўрсатишда давом этишини билдирди.

Болтиқ денгизида ётқизилаётган қувур Россиянинг Европага сотадиган гази кўламини икки баробарга ошириши мумкин. Янги линия Украинани четлаб ўтгани учун лойиҳа якунланганидан кейин, Киев миллиардлаб доллар даромаддан айрилади. Германия ва Россия расмийлари эса АҚШ санкцияларини қоралаб келади. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг Интерфакс хабар агентлигига айтишича, “Россия санкцияларга қарамай лойиҳани тугаллаш устида ишлашда давом этади”.

Ядро ва кўмир электростанцияларидан аста-секинлик билан воз кечаётган Германия яшил энергетика инфратузилмасини тиклаб олгунча кафолатланган табиий газ заҳираларига эга бўлмоқчи. Шунинг учун Германия расмийлари янги санкциялардан ҳафсалалари пир бўлганини айтишган.

Санкциялар “Америка душманларига қарши санкциялар ёрдамида курашиш” (CAATSA) қонуни доирасида киритилган бўлиб, улар ўтган ой қабул қилинган АҚШ мудофаасига доир қонун доирасида кейинчалик янада кенгайтирилиши мумкин.

Янги қонунга кўра, АҚШ “Шимолий оқим – 2” газ қувурларини ётқизаётган ширкатларга, уларга хизмат қилаётган порт операторларига ёки уларни суғурталаётган компанияларга қарши санкция жорий қилиши мумкин. Бунинг ортидан, ўтган ҳафта Норвегиянинг DNV GL сертификатловчи ширкати лойиҳани тарк этди. Декабрь ойида қувурларни ётқизаётган Швециянинг AllSeas ширкати ҳам лойиҳадан чиққан эди.

Эндиликда рус кемалари лойиҳани тамомлашга уринмоқда. Аммо улар суғурта ҳамда порт хизматларини кўрсатувчи халқаро ширкатлар ёрдамида муҳтож.

Линия Европага йилига 55 миллиард куб газ элтиб беришга қодир. Газпромга кўра, лойиҳа 94 фоизга тамомланган бўлиб, Дания яқинидаги тақрибан 120 кмга чўзилган қисми ҳамда Германия ҳудудидаги 30 километрлик бўлаги битмай қолган.

Санкцияларга учрамасдан олдин “Фортуна” кемаси мана шу икки бўлакнинг 2,6 км қисмини тугаллашга муваффақ бўлган.

XS
SM
MD
LG