Самарқанд вилоят, Қўшработ туман, Қийқим маҳалласида яшайдиган 14 нафар ёшга деҳқончилик қилиш учун 40 сотихдан берилган ер яна қайтариб олинди.
Озодликка юборилган видеода туман ҳокимининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Холбек Кубаев ва ҳокимликнинг бошқа мулозимлари тантанали равишда ёшларга сув чиқмайдиган адирли жойдан ер ўлчаб бераётгани акс этган.
Аммо Озодликка мурожаат қилган қўшработлик ёшларнинг айтишларича, улар артезиандан сув чиқариш ва узумчилик қилиш учун режаларини туза бошлаганда, уларга бу ер берилмаслиги эълон қилинган.
Туман ҳокимининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Холбек Кубаев Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.
Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари ер қайтариб олинганини инкор қилди.
Қўшработ тумани ҳокимининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Холбек Кубаев бошчилигидаги мулозимлар 24 февраль куни Қийқим маҳалласидаги 14 нафар ишсиз ёшга даланинг ўзида 40 сотихдан ер ўлчаб берган эди.
Туман ҳокимлигининг Телеграм каналида тарқатилган видеода Холбек Кубаев ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида уларга ер берилаётгани ҳақида шундай деган:
“Ишсиз ёшларимизга ер бўлиб бериш жараёни бошланди. Тумандаги фермер хўжаликлари еридан шакллантирилган рўйхат асосида ишсиз ёшларимизга ер бўлиб беряпмиз. Бу жараён давом этади. Бугун Қийқимда бўлса, навбат билан бошқа маҳаллаларда ҳам ўтказамиз”.
Видеодаги мулозим ер олган ёшларни табриклаб, қўлларини сиқади, нима экишини ҳам сўрайди.
Ёшларнинг айтишларича, ҳокимлик мулозими бу ерга сув чиқаришга артезиан қудуқ қазиш учун имтиёзли кредит олиб беришни ҳам ваъда қилган.
Қийқимлик ёшлар келажакдаги деҳқончилигини кўз олдига келтириб, режаларни тузиб хурсанд бўлганидан кўп ўтмай, уларга бу ер берилмаслиги эълон қилинди.
Исми сир қолишини сўраган ишсиз ёшлардан бирининг айтишича, уларнинг барча орзулари барбод бўлган:
Қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб кетишган экан.
“Ваҳима билан келишиб, рўйхатдаги ёшларга ер ўлчаб бериб, табриклаб, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб кетишган экан. Аслида, бу ўзларини реклама қилиб, ана ёшларни иш билан таъминлаяпмиз деган ҳисобот учун бўлса керак. Энди эса, ер адашиб берилган экан, бу ерни бериш мумкин эмас экан, сизларга бошқа жойдан 25 сотихдан берамиз, деб яна алдашяпти. Ахир, қўлларингдан келмас экан, нима қилардиларинг одамни умидвор қилиб, шунча сарсон қилиб!”
Бу йигитнинг айтишича, барча ёшлар паспортининг нусхаси ерни расмийлаштириб бериш учун олиб кетилган.
Исми сир қолишини сўраган бошқа қийқимлик ёшнинг айтишича, уларга бўлиб берилган ер фойдаланилмай ётган дашт жой бўлган:
Россияга иш излаб боришдан қутулдик, деб ўйлагандик.
“Биз роса хурсанд бўлган эдик, чунки бу ерга узум экса бўларди. Узум ораларига нўхат ёки бошқа экин экиш мумкин. Россияга иш излаб боришдан қутулдик, деб ўйлагандик. Бу ер бир умр фойдаланилмай ётган қия тепалик. Сув чиқмайди. Ўзимизча план қилиб, артезиан ковлаб сув чиқарамиз, ундай қиламиз бундай қиламиз деб, ишни бошлаймиз деганда, пақ этиб бу ер сизларга берилмас экан, деган хабар келди”.
Қийқим МФЙнинг Шерзод исмли раиси ҳам аниқ нима сабабдан ёшларга берилган ер қайтариб олинганини билмаслигини айтади:
“Захирадаги ер деб айтишган эдию, лекин англашилмовчилик бўлганми, биз ҳам ҳали тўла охирига етмадик. Илҳом ака деган Иштихондан келган бир фермер хўжаликнинг еридан 19 кишига 25 сўтихдан ер ажратилди. Шу 14 кишига ўша ердан берамиз дейишяпти, лекин аниқ билмадим”.
Аммо қийқимлик ёшларнинг иддао қилишича, ўша 25 сотихдан ажратилган ер бошқаларга берилган ва улар бу рўйхатга киритилмаган.
Қўшработ тумани ҳокимининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Холбек Кубаев Озодликнинг саволини эшитганидан сўнг бир зум жим турди-да, сўнг гўёки эшитмаётгандай “ало, ало” деб алоқани узиб қўйди. Мулозим Озодликнинг кейинги қўнғироқларига жавоб бермади.
Туман ҳокимининг қишлоқ ишлари бўйича ўринбосари Мухтор Қувондиқов Озодлик билан суҳбатда ёшларга берилган ер қайтариб олинганини инкор қилди:
“Йўқ, ҳали бировга бериб, бировдан қайтариб олган жойи бўлмаган. Ўша ердан ёшларга берамиз деб ҳужжатлар қилинган”.
Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ҳар бир ёшга бир гектар” дастури асосида жойларда ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер ажратиб берилмоқда.
Лекин Озодликка келаётган хабарларга кўра, жойларда кучишлатар тизимлар босимларини қўллаб, фермерлар ишсиз ёшларга бир гектардан ер ажратишга мажбурланаётган ҳолатлар ҳам бор.