Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:59

Ўзбекистон йўллари: сифатсиз асфальт, кўзбўямачилик ва коррупция


Қашқадарё вилоят, Ғузор тумани йўллари.
Қашқадарё вилоят, Ғузор тумани йўллари.

17 апрелдан “Очиқ бюджет” порталида “Менинг йўлим” лойиҳасига таклиф қолдириш бошланди. Лойиҳада бу йил учун 312 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ажратилиши белгиланган.

Ўзбекистондаги йўлларнинг абгорлиги, ўнқир-чўнқирларга тушиб тутдай тўкилаётган автомобил эгаларининг жиғибийрон бўлаётгани, “Опен бюджет”га ютилган кўчаларнинг асфалтланиши хўжакўрсин учун қилинаётгани ҳақида ижтимоий тармоқлар бугун ловуллаб ёнмоқда.

Озодлик суҳбатлашган йўл қурилиши бўйича мутахассисларнинг айтишича, йўл қурилиши учун бюджетдан ажратилган миллиардлаб сўм маблағлар талон-торож қилинаётгани сабабли ҳам бу соҳада ижобий ўзгариш бўлмаяпти.

Ўзбекистондаги автомобиль ва маҳалладаги йўлларнинг таъмирга муҳтож эканлиги, қишлоқ кўчаларида ёмғир ёққанда юриб бўлмай қолаётганидан ҳукумат яхши хабардор.

Янги йўллар қуриш, собиқ иттифоқ давридан бери ишлатилавериб, ҳилвираб қолган йўлларни таъмир қилиш, маҳалла ичидаги йўлларни асфалтлаш каби ишлар учун бюджетдан миллиардлаб сўм пул ажратилади.

Ўзбекистон президентининг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги дастурга кўра кейинги 5 йилда умумий узунлиги 57,8 минг километр автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш, 30 минг километрдан зиёд тупроқ йўлларни таъмирлаб, қаттиқ ва шағал қопламали йўлларга босқичма-босқич ўтказиш назарда тутилган.

Ўтган йили старт берилган бу тараққиёт стратегиясидан сўнг, Ўзбекистон йўлларининг ҳолатида жиддий бир ўзгариш, ҳозирча, сезилмаяпти.

Қўқон шаҳрининг Оқ олтин МФЙ, Тўйхона кўчасининг турғунлари 20 апрел куни маҳалласига бостирилган асфальтни ўзлари текшириб кўрдилар. Улар бу лойиҳани "Очиқ бюджет"да ютиб олишган. Лекин назоратчи ташкилотлар бу муаммони кўрмагандай:

Қўқон, Оқ олтин МФЙ
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:17 0:00

Фейсбук фойдаланувчиларидан бири, тармоққа Тошкент вилояти Қибрай туманидаги йўллар видеоларни жойлар экан, бу йўлларнинг чуқурларида балиқ боқиш мумкинлигини айтади:

«Ўргилиб кетай Қибрайимдан, ҳокимиятимиздан, мутасадди ташкилотимиздан. Йўлларимиз мана бизнинг фойдамизга ҳал бўлди, яқинда ўрдак ва балиқ боқамиз бу чуқурларда. Барака топишсин халқини ўйлаганлар, бориларга шукур. Шу йўл Қозоғистон йўлига туташ Чирчиқдан келаверишда Жомий, Шарқ маҳалла ҳамда Зафаробод МФЙ йўналишидаги талабга жавоб берадиган асфальт йўл кўриниши. Туркистон жамоа хўжалиги томон кетиш яъни қўшни давлат чегараси йўналиши йўли яқинда шудгор қилиниб пахта ёки буғдой экилади, бу ҳам бизни ўйлаганларидан, барака топишсин. Қизил Шалоланику эътироф этмайман, уяламан. Уялсанглар бўлармиди энди. Қиш ўтдику майли асфалт қилманг барака топкурлар, ямаб кетинглар жуда бўлмаса эзиб ташладику бу йўл»

Автомобил йўллари қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 141882 км ички хўжалик йўллари бор бунинг учдан бир қисми 50315 километри таъмирталаб.

Ички йўллар аҳволи ҳақида маълумот.
Ички йўллар аҳволи ҳақида маълумот.

Қўмита раиси Абдураҳмон Абдувалиев Сенатнинг 15-ялпи мажлисида республикадаги мавжуд автомобил йўллари қайта ҳисобланганини ва бугунги кунда 209 минг км автомобил йўли борлиги, шундан қарийб 40 минг километри тупроқ йўл эканини маълум қилган эди.

Ўзбекистонда “Очиқ бюджет” давлат дастури ишга тушганидан сўнг, йўллари абгор маҳаллалар фаоллари овоз йиғишга тушди. Ҳатто битта овоз учун текин кола-фанта, музқаймоқ тарқатишгача борилди. Танловда ютиб чиққан маҳаллаларга бюджетдан пул ажратилди.

Ўзбекистонда қишлоқларни ободонлаштириш, ички йўлларни асфалтлашда доим бир муаммо кўзга ташланади.

Одамларнинг энг биринчи шикояти, асфалтлаш ишларининг сифатсиз, хўжакўрсин учун қилинаётганига бўлади.

Айниқса президент ёки бошқа катта амалдор ўша ҳудудга эҳтимолий ташрифи кутилаётган бўлса, дарров катта йўлдан кўзга тушадиган ҳудудлардаги йўлларга шоша-пиша асфалт ётқизилади. У ер тупроқми, баланд-пастми, лойми ёки кўлмакми умуман эътибор берилмайдию, гупиллатиб асфальтни тўшаб устидан зичлайдиган тракторни юрғизиб юборишади.

Биринчи нигоҳда кўзга чўғдай кўринган бу асфалт биринчи ёмғир ёки юки оғирроқ техника ўтса парчаланишни бошлайди.

Бу Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туманидаги Бехўжа ва Қишлиқ қишлоқларини катта йўлга олиб чиқадиган ички йўл. Маҳалла 2,5 километр йўлни асфальтлашни “Опен бюджет”да ютиб олган.

20 апрель куни қишлоқ йигитлари тупроққа сифатсиз асфальт тўшаётган йўлсозларни ҳайдаб юборди.

Бехўжа
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:12 0:00

Қарши-Шаҳрисабз йўлининг ярми ҳам президентнинг Қашқадарё вилоятига келиши арафасида асфальт қилинган эди. Ярми эса қолиб кетди. Умуман олганда Қашқадарё вилояти йўлларининг аксарият қисми хароб аҳволда эканлигидан ҳайдовчилар шикоят қилади.

Ўзбекистонда халқаро давлат аҳамиятига молик йўллар ва туманлар ва қишлоқлар ичидаги йўллар бор.

Ички йўлларни қуриш, таъмирлаш маҳаллий ҳокимиятлар зиммасида.

Ҳар йили давлат бюджетидан халқаро ва ички йўллар қуриш ва таъмирлаш учун миллиардлаб сўм маблағ ажратилади.

Узоқ йиллардан буён асфальт ишлаб чиқарувчи корхонага раҳбарлик қилиб келаётган, хавфсизлик боис исми сир қолишини сўраган мутахассиснинг айтишича, агар йўл учун бюджетдан ажратилаётган пуллар ўғирланмасдан мақсадли сарфланганда эди беш йилда давлат аҳамиятидаги йўлларнинг бирортасида битта ҳам муаммо қолмаган бўларди:

“Йўл қурилиши ҳокимликларнинг соғин сигирларидан биттаси. Чунки давлат жуда катта пул ажратади, лекин уни тўғри назорат қилмайди. Масалан, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси деган ташкилот бор. Улар фалонча ички йўлни таъмирлаймиз ёки янгитдан асфальт ётқизамиз деб давлатга буюртма беради. Мисол учун давлат бир миллиард сўм пул ажратилди. Шундан 300 миллиони ишчи ҳақи, транспорт харажатига кетди дейлик. 700 миллиони эса асфальтнинг ўзи учун қолади ва унинг 350 миллион сўми битумга қаратилади. Энг катта хиёнат битумдан бошланади”.

Мутахассис йўл қурилишидаги коррупция қаердан бошланишини бундай таърифлаб берди:

“Бир тонна асфальтнинг 550 килоси қум ва 400 килоси майда, қиррали шағал тош, яъни шебенка бўлиши керак. Стандартга кўра, бунга 50-60 кило битум қўшилиб пиширилади. Лекин булар 25 кило битум қўшади. Чунки битум қиммат хом ашё, бир тоннасининг нархи 5 миллион сўм атрофида. Асфальт заводларининг иккинчи ғирромлиги, сифатли шебенка ўрнига қирлардан шағал тош ва қумларни олиб келиб уриворишади. Кейин қумнинг ўрнига шебенкани ҳам кўп қўшиб юборишади. Эконом қилинган битум ва қум ҳисобидан миллиардлаб сўм чўнтакка қолади. Шунинг учун ҳам ётқизилган асфальт бир йилга бормай сочилиб кета бошлайди”.

Ўзбекистонда йўл-қурилиш ишларини назорат қилиш “Ўзйўлинспекция” давлат органи зиммасига юклатилган. Аммо мутахассиснинг иддао қилишича, бу соҳада ҳам коррупция жуда ривожланган. Инспекция ходимлари давлат стандартига тўғри келмайдиган йўлларни ҳам қабул қилиб юбораверади:

“Буларнинг йўлларни текширадиган ўзларининг усуллари бор. Масалан, асфальтнинг истаган жойидан намуна олиб кетиб, қанча битуми, шебенкаси, қуми бор текшириб кўришади ва катта поралар эвазига қабул қилиб юборади”.

Мутахассиснинг айтишича, Ўзбекистоннинг янги қурилаётган ички йўллар ҳам умуман стандартларга жавоб бермайди ва бу соҳа ҳам коррупция ботқоғига ботган:

“Масалан сиз назоратчи ташкилотсиз, мен қурувчиман. Стандарт бўйича мен энг аввало асфальт қилинадиган ерни грейдер билан текислашим керак. Кейин шағал тўшаб, уни пресс қилиб чиқишим керак. Ундан кейин битуми оз қўшиладиган хом асфальт бўлади. У асосан шебенка билан битумдан иборат бўлади, қуми бўлмайди. Бу қатлам ҳам 15 сантиметрча тўшалиб, пресс қилиб чиқилади. Ундан кейин 6-7 сантиметр қалинликда иссиқ асфальт ётқизилади. Бу жараённинг ҳаммасини текширувчилар назорат қилиб туриш керак. Аммо назоратчилар билан келишилади ва бунинг оқибати қандай бўлаётганини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолардан кўриб турибсиз”.

Озодлик Ўзбекистон автомобил йўллари қўмитасининг матбуот котиби Хушмурод Турдиқуловнинг иш телефонига бир неча бор қўнғироқ қилди, аммо гўшакни ҳеч ким кўтармади.

Форум

XS
SM
MD
LG