Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:46

Зармитон олтин конида яна икки кончи тош остида қолиб ўлди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Жанубий кон бошқармасининг Зармитон олтин конида тунда ишлаган икки нафар кончини тоғ жинслари босиб қолди.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, кончиларнинг жасади бир неча соатдан кейин кавлаб олинган.

Кончиларнинг айтишича, фожиа содир бўлган кон участкаси хавфли бўлгани учун қазиш ишлари олдинроқ вақтинча тўхтатилган эди.

Бироқ ишчиларга кўра, уларни раҳбарлар режани бажариш учун хавфли участкада ишлашга мажбурлаган.

Жанубий кон бошқармаси бош инженерининг техника хавфсизлиги масалалари бўйича ўринбосари, кончилар ўлган жой тақиқланган участка эканлигини инкор қилди ва бу фожиа кутилмаган ҳолат бўлди, деди.

Самарқанд вилоят, Қўшработ тумани ҳудудида жойлашган Зармитан олтин конида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ишчининг айтишича, 22 ноябрга ўтар кечаси учинчи сменага ишга келган кончилар Сирожиддин Нажмиддинов ва Ғайрат Норқуловни тоғ жинси босиб қолган ва оқибатда икки кончи вафот этган:

Бурғулаш вақтида тоғ жинслари қулаб, босиб қолган.


“Бу йигитлар Қўшработ туманининг Жўш ва Холназар қишлоғида яшаган. Кеча қарийб минг метр чуқурликда ўзи юрар бурғуловчи ускунада ишлашган. Бурғулаш вақтида тоғ жинслари қулаб, босиб қолган. Биттасини бир соатда, иккинчисини қарийб икки соатда кавлаб олишган. Афсус, иккови ҳам ўлиб бўлган экан”.

Кончининг иддао қилишича, йигитлар ишлаган участка тақиқланган участка бўлган:

“Бу ерда тоғ босими жуда юқори бўлгани учун ГДУ-2 участкаси фаолияти вақтинча тўхтатиб турилган эди. Лекин шунга қарамай, “давай план, давай-давай” ортидан бу ҳудудда қазиш ишларини олиб бориш учун оғзаки топшириқ берилган. Бизнинг конда ҳанузгача режани бажариш учун оғзаки топшириқлар бериш давом этмоқда”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа кончининг айтишича, қазиш ишларида оддий техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмайди.:

Минг метр чуқурликда ишлаймиз.


“Қазиш ишларида ишчилар ҳамма томонлама ҳимояланган бўлиши керак. Чунки минг метр чуқурликда ишлаймиз. Бурғулунган участка тозалангандан кейин тоғ жинси босиб қолмаслиги учун ёғочлардан устунлар қўйилиши керак. Лекин буларга эътибор берилмайди. Оқибатда йил бошидан буён олтин конларида ўнга яқин одам ана шундай тоғ жинслари босиб қолиши, газдан заҳарланиши натижасида ҳалок бўлди”

Жанубий кон бошқармаси бош инженерининг техника хавфсизлиги масалалари бўйича ўринбосари Илҳом Қозоқов кончилар ишлаган жой тақиқланган ҳудуд эканлигини инкор қилди:

“Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Тақиқланган ҳудудда қандай ишлаш мумкин? Бу фалокатнинг асосий сабаби тоғ босимининг кучли бўлганлиги. Ҳозир бу ҳолат бўйича махсус комиссия ташкил қилинди ва унинг сабабларини ўрганмоқда.”

Илҳом Қозоқов йил бошидан буён конда ўнга яқин ўлим ҳолати бўлганини инкор қилмас экан, бундай фалокатларнинг олдини олиш учун иш олиб борилаётганини айтди:

“Албатта, мутахассисларимиз бундай ҳолатларнинг сабабларини ўрганишяпти. Россиядан, Австралиядан мутахассислар келди. Энди, кутилмаганда бўляптида, бундай ҳолатлар. Шунинг учун кон ичидаги сопряжениеларни, бошқа шундай ҳолатларни чуқур ўрганяпмиз”

Бундан олдин ҳам Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли конларда бир неча фожиа рӯй берган.

25 июль куни Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли​ Зармитон конининг ГДУ-3 участкаси шахтасида 38 яшар ишчи Шуҳрат Тилавов​ тош босиб қолиши оқибатида нобуд бўлган эди.

Жорий йилнинг 9 май куни Самарқанд вилояти, Қӯшработ тумани ҳудудида жойлашган “Ғужумсой” олтин конида газ тўпланиб қолиши оқибатида икки кончи заҳарланиб ўлгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Ўтган йилнинг августида "Ғужумсой" олтин конида устига тоғ жисми қулаб тушиши оқибатида бир кончи ҳалок бўлганди.

2018 йилнинг январида Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бошқа бир конда 30 дан ортиқ олтин қазувчи қолиб кетган ва бир кишининг жасади қазиб олинган эди.

Нурота тоғларининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Зармитон олтин конларида қазиб олиш ишлари 1978 йилдан буён олиб борилади.

Бу конлардан асосан олтин, кумуш, вольфрам, қўрғошин, руҳ ва бошқа металлар рудаси қазиб олинади. Зармитон ва 2010 йилда очилган янги Ғужумсой конлари Навоий кон- металлургия комбинатининг Жанубий кон бошқармасига қарашлидир.

XS
SM
MD
LG